БМТ: Кўчирилганлар сони рекорд даражага етди - 65 миллион

Syrians, who fled the Islamic State (IS) group stronghold of Raqqa, ride with their belongings on a truck, in an area near the village of Balaban, south of Jarablus, Syriaemb Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сурия уруши 12 миллион инсонни ўз уйини ташлаб кетишга мажбур этган.

БМТнинг Қочқинлар агентлиги хабар қилишича, бутун дунё бўйлаб ўзининг туғилиб ўсган жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган инсонларнинг сони рекорд даражага чиқиб 65 миллион 600 минг кишидан ортган.

Қочқинлар агентлигига кўра, бу одамлар ёки қочқинлар, ёки бошпана изловчилар, ёки ўз мамлакатининг ичида яшаш жойидан кўчиб чиқишга мажбур бўлган инсонлардир.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссари Филиппо Гранди айтишича, бу - халқаро дипломатиянинг кўнгилни хира қиладиган муваффақиятсизлигидир.

"Афтидан дунё сулҳга эришолмайдиган бўлиб қолди", деб айтган Филиппо Гранди.

"Шунинг учун эски конфликтлар чўзиляпти, янги конфликтлар келиб чиқаяпти. Ва бу иккаласи одамларни ўз жойидан кўчираяпти... урушнинг рамзи бўлган мажбурий кўчиш ниҳоясига етадиганга ўхшамайди", деб айтган Қочқинлар бўйича олий комиссар.


Уганда: қочқинлар учун "энг яхши жойми"?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Биди Биди қишлоғи дунёдаги қочқинларнинг энг йирик жамлоғига айланган

2016 йили Жанубий Судандаги зўравонликлар туфайли 340000 атрофида инсон қўшни Угандага кўчиб ўтишга мажбур бўлди.

Бу дунё бўйича энг катта рақам эди, ҳатто Сурияни ўтган йили 200000 дан ортиқ одам ташлаб кетган.

Бир йил олдин Биди Биди қишлоғи оддий бир қишлоқ эди.

Бугунга келиб эса Биди Биди 250 квадрат километр майдонни эгаллаган ва чорак миллион одамга бошпана берган жамлоққа айланган.

БМТга кўра, дунёда кўчирилган инсонларнинг сони рекорд даражага етгани ҳақидаги ҳисобот бой мамлакатларни бу ҳақда яна ўйлаб кўришга туртки беради.

Демакки, фақатгина қочқинларни қабул қилиш эмас, тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш ва қайта қуриш амалларига ҳам кўмаклашмоқ лозим.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссари Филиппо Гранди огоҳлантиришича, кўчирилган инсонларнинг оғирлиги дунёнинг энг камбағал мамлакатлари зиммасига тушмоқда.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ўз уйини ташлаб кетганларнинг 84 фоизи қашшоқ ва даромади ўртача ҳисобланадиган мамлакатларда яшашга мажбур бўлмоқдалар.

"Агар бой мамлакатлар миллионлаб қочқинни олишни хоҳламаётган бўлса, ресурслари кам Африка, Яқин Шарқ ва Осиёдаги мамлакатлардан қандай қилиб сўрайман", деб айтган жаноб Гранди.

Жаҳоннинг кўчирилган инсонлари - рақамларда

Дунёда 65,6 миллион туғилган жойидан кўчирилган инсон бор - бу Британия аҳолисидан кўп деганидир. Улар:

  • 22,5 миллион қочқин
  • 40,3 миллион ўз мамлакати ичкарисида кўчирилганлар
  • 2,8 миллион бошпана изловчи

Қочқинлар қайси мамлакатлардан келишган?

  • Сурия: 5,5 миллион*
  • Афғонистон: 2,5 миллион
  • Жанубий Судан: 1,4 миллион

Қочқинларга бошпана берган мамлакатлар:

  • Tуркия: 2,9 миллион
  • Покистон: 1,4 миллион
  • Ливан: 1 миллион
  • Эрон: 979,4000
  • Уганда: 940,800
  • Эфиопия: 791,600

*Яна 6.3 миллион Сурия фуқароси мамлакати ичкарисида кўчирилган


Бу мавзуда батафсилроқ