Араб давлатлари Қатар олдига қатъий шартларни қўйди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Туркия Қатарда кам сонли ҳарбийларини жойлаштирган.

Тўрт араб давлати Қатарга 13та талабдан ташкил топган рўйхатни йўллади. Уларга кўра, агар Қатар уларни бажарса, унга қарши жазо чоралари бекор қилинади.

Саудия Арабистони, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайн Қатардан ўзидаги Ал-Жазира телекомпаниясини ёпишни талаб қилишмоқда.

Шунингдек, улар Қатардан 10 кун ичида Эрон билан алоқаларни сусайтириш ва Туркия ҳарбий базасини ёпишни сўрадилар.

Охирги йилларда ўзининг халқаро обрўйини кўтариш йўлида кўп ишлаган Қатар террорчиликни молиялагани борасидаги айбловларни рад қилади.

Яқин тарихдаги энг катта араб инқирози деб кўрилаётган бу можаро икки ҳафтадирки давом этмоқда ва Қатар мисли кўрилмаган дипломатик ва иқтисодий санкцияларга юз тутмоқда.

Қатарни Сурияда Башар ал-Ассадга қарши курашаётган Ҳайъат Таҳрир ал-Шам жангари гуруҳини қўллаб-қувватлашда айблашяпти. Бу гуруҳ ал-Қоидага алоқадор бўлиб, яқинларгача ал-Нусра Фронти дея танилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар