‘Ҳеч қандай тақиқ йўқ’, ит гўшти фестивали яна бошланди

Ит гўшти Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шунча гап-сўзлар ва зиддиятларга қарамай, ит гўшти фестивали Хитойнинг Юйлинь шаҳрида бошланган.

Бу йил бекор қилинармиш ёки кичиккина бўлармиш, деган хабарлар ҳам чиппакка чиққан.

Ит гўшти йиллик фестивалига, одатда, Гуанси вилояти мезбонлик қилиб келади.

Шу йил бошида америкалик фаоллар умидбахш баёнот билан чиқишган.

Хитойлик масъуллар қассобларга ит гўшти сотишни тақиқлашганини айтишганди.

Аммо уларнинг Би-би-сига айтишларича, уларга ҳеч ким ҳеч нарса демаган.

Бундан аввал итларни асраб қолмоқчи бўлган фаоллар ва қассоблар ўртасида тўқнашувлар ҳам кузатилган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Юйлинь шаҳрининг ўзида эса, кўп ҳам ит гўшти ейишмайди.

Лекин айни шу фестиваль сабаб, қарийб ўн йилдирки ҳамманинг диққат-марказида.

Фаолларга кўра, бу итларга нисбатан шафқатсизлик ва бунга тоқат қилинмаслиги керак.

Аммо маҳаллий аҳоли ва қассобларга кўра, бу - чўчқа, мол ёки товуқни сўйиб, ейишдек бир гап.

Хитой, Жанубий Корея ва яна айрим Осиё давлатларида бу анъана қадимдан қолган.

Бу анъана тарафдорларига кўра, бу - четдан туриб, бировнинг ишига бурун суқиш бўлади.

Бироқ, танқидчиларга кўра, итлар фестиваль арафасида Юйлинга Хитойнинг бошқа кичик шаҳарларидан кичик-кичик қафасларга тиқиб, тиқиб келтирилади.

Сўнгра сотиш учун шафқатсиз бир тарзда ўлдирилади.

Фаолларнинг бунга қўшимча даъво қилишларича, сотишга мўлжалланган аксарият итлар ўғирланган бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар