Англияда одамлар ҳайит намозидан сўнг машина остида қолди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ҳодисадан сўнг олинган тасвирлар

Англиянинг Ньюкасл шаҳрида ҳайит намозидан чиққан намозхонлар устига машина юриши натижасида камида 6 киши жароҳатланган. Уларнинг 3 нафари болалар эканлиги айтилмоқда.

Машинани бошқарган 42 ёшли аёлни полиция қўлга олган. Воқеа террор ҳужуми сифатида кўрилмаяпти.

Ҳодиса якшанба куни маҳаллий вақт билан эрталабки 9:14 да бўлган. Мусулмонлар ҳайит намозини ўқиб чиқишаётганда уларнинг устига машина юрган. Гувоҳлар машина ҳайдовчиси бошқарувни назоратдан чиқарганини айтмоқда.

"Тушунишимча, аёл (намоз ўқишга келган бўлиши мумкин) ўз машинасида кетмоқчи бўлган. Бошқарувни йўқотган. Мен дарров у ердан қочдим, чунки ҳамма жароҳатланганларга ёрдам бериш ва сув беришга ташланганди", - дейди гувоҳлардан бири.

Унинг айтишича, ҳодиса жойида кучли ваҳима бошланган, ҳамма бақира бошлаган.

Ҳодиса жойига етиб келган шифокорлар 6 кишини шифохонага олиб кетган.

Масжид имоми Абдул Босит Муҳаммад Би-би-си Араб хизматига ҳодиса террор ҳужуми эмаслигини айтган. Имом машина ҳайдовчиси бўлган аёлни танишини билдирган.

"Мен машина тураргоҳида эдим. Бақир-чақирни эшитгач мендан 2 дақиқалик узоқликдаги коллеж биносига югурдим. У ерда қонга ботган ўсмирни кўрдим, яна бир ўсмир ҳам кўринишдан жароҳатланган эди", - дейди доктор Афсар.

Ўрта ёшли эркак ҳам юзидан жароҳат олган. Полиция намоз вақти ўша ерда бўлгани боис ҳодиса жойига зудлик билан етиб келган ва ҳайдовчи аёлни қўлга олиб полиция фургонига олиб кирган.

Доктор Афсарнинг айтишича, у ўша ердлаги одамлар билан гаплашган. Улар аёлнинг автотураргоҳдан чиқиб кетаётганини ва кутилмаганда одамлар устига ҳайдаб юборганини айтишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02