ИШИДчи ўсмирнинг сирли ҳаётига назар

Мўсул яқинидаги дарё бўйидан уч нафар ИШИД жангарисининг жасади топилди.

Улар жуда ёш ўспиринлар эди. Биттасининг ёнидан эса қўл телефони чиқди.

Ундаги расмлари ИШИДчи бола ва унинг сафдошлари ҳаётига назар ташлашга имкон берарди.

ИШИДчи боланинг қўл телефонидаги расмларга қараганда, бошқа ўспирин тенгқурлари каби у ҳам селфи олишни хуш кўрган.

Аммо жанг қилганми ва ёки жабҳа ортидаги бошқа ишлар билан шуғулланганми - номаълум.

ИШИДга қўшилишидан олдин у ҳам оддийгина ўспирин бўлган кўринади.

Бир расмда меҳрибон акадек ёш сингилчаси ёки жиянини ёнига олиб расмга тушган. Аммо бу уй қаердалиги аниқ эмас.

Кейинги расмларида жангари сифатида аксланади. Тоғ-тошларда, автомат осган ҳолда суратларга тушган.

Кўринишича, у ИШИД сафига сўнгги бир-икки йил ичида қўшилган.

ИШИДдаги сафдошлари ҳам унга тенгдош ёки бир неча ёш катта бўлиши мумкин.

Аммо кўпчилиги соқол қўйган ва қуролини кўтариб, расмга тушишни яхши кўрганга ўхшайди.

Янги қўшилган жангариларнинг ҳали соқоли ўсиб улгурмаган.

Уларнинг кимлиги ва қайси мамлакатдан келганини ҳам билиб бўлмайди.

Аммо Мўсулда қолган сўнгги ИШИДчилар орасида ўзбеклар кўплиги кўп бора айтилганди.

Жангарилар кўпинча ўз ёшларга мос тарзда, бошқа тенгқур ўспиринлар каби турли муқом ва қўл ҳаракатлари билан расмга тушишган.

Бу ёшга хос яна бир жиҳати - дўстлик ва биродарлик ҳиссининг кучлилиги. Аксарияти расмда сафдошлари елкасига қўл ташлаб, дўстликларини кўрсатишган.

Болаларнинг кўпи энди ўлдирилган бўлиши эҳтимоли катта.

Телефон эгаси бўлган бола жанг орасида офтобда тобланиб, мизғимоқда.

Қайсидир ўртоғи ҳазиллашиб, ухлаб ётган жойида суратга туширган, шекилли.

Устида арабча эмас, балки Афғонистон ва Покистонда кийиладиган кийим.

Аммо бу унинг қаерданлигини билдирмайди. Балки иссиқда бу кийим қулайдир, балки бирон дўстиникини кийгандир.

Бир сафдоши юзини яшириб тушган. Суратга қараб, у қайси чемпионга ҳавас қилган бўлса, деган савол туғилади.

Айни акс ИШИД ишғол этган Мўсулдаги бирон дўкон ёки ошхона ичида олинган бўлса керак.

Улар яшаган жойда ўқ-дори ишлаб чиқилган яширин корхона ҳам бўлган. ИШИДчи ёшларнинг кўпчилиги у ерда ишлагани тахмин этилмоқда.

Мужоҳидлар ортида ўқларнинг қопламаси ва кўплаб хомашё қолган. Ўқ ишлаб чиқилган ускуна ҳам оддий кўринади.

ИШИДчи "қаҳрамонимиз" ўз дўстларини ҳам телефонига суратга олишни хуш кўрган.

Болалар турли ҳолат ва жойларда тасвирланган. Афтидан 20 ёшлар чамасидаги бир ўртоғи навбатчилик пайти ён тарафидан расмга олинган.

Жангари йигитлар ҳатто дори қутисидаги болакай расмидан кўзларини ўчириб ташлашган.

Бу балки Исломда инсон тасвирланиши тақиқлангани учунми, десак, уларнинг ўзлари ҳар хил муқомда суратга тушганлар.

Ёки ғайримусулмон болакай тасвири, деган хаёлда унинг кўзларини "ўйиб" олишганмикан?

Бу ИШИДчи бола ким? Қаерлик? У нега ИШИД сафларига қўшилиб қолган? Саволлар очиқ.

Унинг аксар ўртоқлари ҳақида ҳам деярли маълумотлар йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ