"Юбкангиз тиззадан юқори бўлмасин!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC AFRICA

Уганда Жамоат хизматлари вазири давлат идора ва ташкилотларида ишлайдиган хотин-қизларни калта юбка ва кўкраги очиқ кўйлак киймасликка чақирган.

Хабар қилинишича, Жамоат хизматлари вазирлигининг аёллар учун "Кийиниш қоидалари" ишлаб чиқилган ва идора-ташкилотларга тарқатилган.

Бу "қоидалар"да кўйлак этагининг тиззадан юқори бўлмаслиги, енгсиз кийим ёки бадан кўриниб турадиган материалдан тайёрланган кўйлакларга рухсат берилмаслиги ёзиб қўйилган.

Шунингдек, аёлнинг кўкраги ораси кўринмаслиги шарт, сочнинг жуда ёрқин рангга бўялиши тақиқланади, ишга фақат қора ёки жигарранг пойафзалда бориш шарт.

Аёлларнинг костюм-шим кийишларига рухсат бор, фақат жуда тор бўлмаслиги лозим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи observerug

Шунингдек, тақинчоқларнинг ҳам меъёрида бўлиши талаб қилинади.

"Кийиниш қоидалари"да эркаклар учун талаблар битилган.

Хусусан, кўйлак ва костюмлар тоза, дазмолланган, кенг бўлиши лозимлиги, шимлар жуда тор бўлмаслиги, сочлар калта қирқилган бўлиши, жуда ҳам ёрқин рангдаги кийимларни киймаслик лозим.

Жамоат хизматлари вазирлиги тарқатган ҳужжатда "Кийиниш қоидалари" 2010 йилдан жорий этилгани таъкидланган, бироқ шу вақтгача қоидалар ижросига етарли эътибор қаратилмаган.

Шу кеча-кундузда Ўзбекистонда ҳам ёш йигит-қизларнинг замонавий кийинишлари турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда, сиз бу борада нима деб ўйлайсиз?

Абитуриент - 2017: Ҳужжат топшириш учун формада кел!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ