Уйқусизликга айбдор ўзимиз, оқибати эса ҳалокатли бўлиши мумкин...

Фото муаллифлик ҳуқуқи iStock
Image caption Нури қотилми?

Замонавий инсон кўпроқ ишлайди, камроқ ухлайди...сабаб иқтисодий ва ижтимоий босимлар билан боғлиқ экан.

Би-би-си билан суҳбатда невробиология ва психология фанлари профессори Мэтт Уокер дунёнинг қанчалар зўриқиб бораётгани ҳақида сўз юритади.

Бу зўриқиш оқибати эса, олимга кўра, ҳалокатли бўлиши мумкин.

Ёмон уйқу танага зарар

Уйқу ва хотира

Уйқунинг ози яхшими?

"Ўтган 70 йил давомида инсоният 20 фоиз уйқусидан воз кечди, бу ҳайратланарлидир", дейди у.

Замонавий кишининг уйқусизлиги учун бир неча сабаб бор.

Кофеин кишига тетиклик бағишлайди ва бизга у лозим бўлмаган пайтда ҳам истеъмол қиламиз.

Алкогол ичимликлар эса уйқу жараёнини бир неча бўлакларга бўлиб ташлайди.

Инсон ортиқ бир маромда туш кўрмайди.

Бир томондан инсон нормал ухлаши учун ҳозир шароитлар яхшиланган.

Кўрпа-тўшак деганлари махсус, ортопедик шаклларда, ётоқхоналарда ҳам ҳаво айланиши яхшиланган, аммо профессор Уокерга кўра, буларнинг ҳеч бири инсонга ёрдам бермаётган экан.

"Мана кондиционерлару иситиш тизимини олинг...Инсоннинг организми қуёш чиқиши ва ботишида ҳаво алмашинишига кўниккан. Бу табиий жараён. Лекин биз ўзимизни ана шу табиий жараёндан сунъий йўлда иҳоталаб оламиз. Ҳавонинг табиий равишда илиши ва совуши бизни қачон ухлашимиз, қачон уйғонишимизни "айтиб туради".

Технология, телефон, смартфон ва...қотиллик?

Фото муаллифлик ҳуқуқи iStock
Image caption Уйқу қочириш усули...

Энди технологиялар ҳақида. Булар фақатгина кўкимтир нур таратадиган, айрим ҳолатларда чироқ ролини ўтайдиган, "беозор" жиҳозлар эмас.

"Ана шу кўкимтир нур бизнинг танамизда уйқу чақирадиган гормон-мелатонинни тўхтатиб қўяди", дейди профессор Уокер.

"Бундан ташқари, айнан шу технология уйқу жараёнини орқага суради. Кечаси ўзимизга, майли, яна битта хат ёзай, бир Facebookни текширай, деймиз..."

Ана энди бу "уйқуни орқага суриш" жараёнига эрталаб вақтлироқ туриш анъанасини ҳам қўшинг!

Бизга иқтисодий-ижтимоий босим кучайган...Камроқ ухла, кўпроқ ишла қабилида муносабат тобора шаклланиб бормоқда.

Обамадан, Трампдан ўрнак олинг, дейишади бизга...Масалан, Маргарет Тэтчер!

Уларнинг бари у ёки бу маънода "бизга нормал дам олиш учун беш соат етарли", деган даъвода бўлишган.

Аммо бу "нормал" ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи iStock
Image caption Президентлигида ҳам тўққиз соат ухлаган одам

"10 мингта илмий тадқиқотларга асосланиб шуни айтиш мумкинки, олти соат ва ё ундан камроқ ухлаб, шунда ҳам соғлиғидан арз қилмаган одамларнинг фоизи нолга тенг", дейди профессор Уокер.

Унинг айтишича, етти соатдан кам уйқу саломатликка салбий таъсир қилар экан.

"Ривожланган давлатлардаги қотил-касалликлар, масалан, Альцгеймер, саратон, семизлик, асабий зўриқиш ( депрессия) асосида уйқусизлик бор".

Эҳтимол, Жорж Бушдан ўрнак олиш керакдир? У президентлик даврида ҳам кеч соат тўққизда кўрпасига кириб олган ва тўққиз соатдан кам ухламаган экан...

Bi-bi-si O'zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog'lanishni istasangiz, telefonimiz: +44 78-58-86-00-02