Ироқ Бош вазири ИШИДдан тозаланган Мосулга келди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ироқ Бош вазири ал-Адабий Мосулда ҳарбийлар билан кўришган

Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Абадий Ироқ махсус кучларини ИШИД устидан ғалабаси билан қутлаш учун Мосулга келди. Бош вазир маъмурияти чиқарган баёнотда, Абадий шаҳарнинг озод қилингани ва ғалабани эълон қилиш учун Мосулга борган.

АҚШ ҳаво зарбаларига таянган Ироқ кучлари Мосулни ИШИДдан қайтариб олиш учун ўтган йилнинг 17 октябридан бери жанг олиб боради.

ИШИД аксар аҳолиси суннийлардан ташкил топган Мосул шаҳрини 2014 йилнинг июн ойида қўлга киритганди. Шундан сўнг Ироқ ва Сурия ерларида "халифат" барпо қилинганини эълон қилганди.

Шаҳарни озод қилиш жангларида Пешмерга курд жангчилари, сунний араб қабилалари ва шиа жангарилари иштирок этган.

Ироқ Бош вазири шаҳарнинг ИШИДдан батамом халос қилингани билан ҳарбийлар ва Ироқ халқини табриклаш учун якшанба куни Мосулга келди, дейилади баёнотда. Расмий нутқ сал кейинроқ эълон қилиниши кутилмоқда.

Ироқ ҳарбийлари эски шаҳар қисмидаги бўлгада омонсиз жанг қилаётган ИШИДчилар билан кураш олиб бораётган эди.

Якшанба куни куни ҳам шаҳарнинг ушбу қисмида портлаш овозлари эшитилиб турган ва осмонга кўтарилган қуюқ тутунни кўриш мумкин эди.

Давлат матбуотида айтилишича, Ироқ кучлари ҳужумидан ўзларини Дажла дарёсига ташлаб қочмоқчи бўлган 30 ИШИДчи ўлдирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Минглаб аҳоли Эски шаҳарда қамалда қолганди, бироқ улар шу кунларда озод қилинди

Ҳукумат январ ойида Мосулнинг шарқий қисмини буткул озод қилингани ҳақида хабар берганди. Бироқ шаҳарнинг ғарбий қисми ўзининг тор ва эгри-бугри кўчалари билан аскарларга етарлича қаршилик кўрсатди.

2014 йилдан бери шаҳардаги 900 минг атрофидаги аҳоли бошқа жойга кўчирилган.

ИШИД гуруҳи минтақада можаро бошланган бери босиб олган энг катта ҳудудини йўқотди.

Бироқ Мосулнинг озод қилиниши ИШИДнинг мамлакатда куни битганини англатмайди. Бошқа жойларда ҳамон гуруҳ назоратида қолаётган ҳудудлар бор. Улар ҳукумат назорати остидаги жойларга бомба ҳужумини ўтказиш қурбига эга.

Франция Президенти Эммануэль Макрон якшанба куни Мосулнинг озод қилиниши билан қутлаган илк давлат раҳбари бўлди. У ҳарбийларни, жумладан коалиция таркибидаги француз аскарларини ҳам мақтаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ