Европа суди: Бельгиянинг бурқани тақиқлагани тўғри

Бельгиялик аёллар бурқада юрганлари учун тўлаган жарималарини кўрсатмоқдалар. Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Бельгиялик аёллар бурқада юрганлари учун тўлаган жарималарини кўрсатмоқдалар.

Инсон ҳуқуқлари Европа маҳкамаси фикрича, Бельгияда муслима аёлларнинг юзи ва бошини буткул бекитадиган бурқа тақиқлангани Европа конвенциясига зид эмас.

Бельгиянинг уч муслима фуқароси ўз ҳукуматининг тақиқ қарори устидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига шикоят билан мурожаат қилишган, аёлнинг юзи ва бошини буткул бекитадиган бурқада юришини тақиқлайдиган қонун ўзларининг ҳуқуқларини поймол этаётганини билдирган эдилар.

Бельгия ниқоб ёки бурқани таъқиқлайдиган илк мамлакат бўлиши мумкин

Бельгия қуйи парламенти ниқобни таъқиқловчи қонун лойиҳасини тасдиқлади

Францияда ниқоб ва бурқаларнинг жамоат ерларида таъқиқланиши норозиликлар туғдирмоқда

Францияда бурқада юришни тақиқловчи қонундан норози икки аёл ҳибсга олинди

Страсбург шаҳрида яшайдиган Бельгия фуқароси Самия Белқосим ва Льеж шаҳрида истиқомат қиладиган Марокаш фуқароси Ямина Оссар кўзларини кўрсатиб турадиган ниқобда жамоат жойларида пайдо бўлиш ҳуқуқларини қайта тиклаш талабини илгари сурган эдилар.

Бельгияда инсоннинг юз ва бошини буткул ёпадиган кийимда жамоат жойларида пайдо бўлишини тақиқлаш қонуни 2011 йили кучга кирган эди.

Бу билан Бельгия муслималарнинг бурқа, ниқоб ва паранжида юришларини маън этган илк Европа мамлакати бўлганди.

Ҳали бутун мамлакат бўйлаб тақиқ жорий этилишидан олдин - 2008 йили Бельгиянинг Пепенстер, Дизон ва Верве каби муниципалитетларида муслималар кийимлари тақиқланган эди.

Самия Белқосим ўзининг аризасида 2011 йилги тақиқдан кейин бурқасини ечишга мажбур бўлганини, акс ҳолда ўзини қамашлари ёки жаримага тортишларидан чўчиганини ёзган.

Ямина Оссар эса ўзининг дини талабини бажариш ва мамлакат қонунларини бузмаслик мақсадида буткул кўчага чиқмай қўйганини айтган.

Яна бир Бельгия фуқароси Фозия Дакир эса 2008 йилдан буён ўзи яшаб турган жойда жорий қилинган тақиқдан азият чекиб келганини ёзганди.

Бельгиялик аёлларнинг мурожаатини кўриб чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди чиқарган қарорда айтилишича, ушбу тақиқни "демократик жамият меъёрларига мос келадиган", "бошқа фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг муҳофазасига қаратилган" "биргаликда яшашнинг муҳим бир талабларидан бири" сифатида кўриш мумкин.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди хулосасига кўра, юзни буткул бекитадиган кийимнинг тақиқланиши Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг шахсий ва оилавий ҳаётни ҳурмат қилиш, фикр, эътиқод ва диний эркинликлар ҳуқуқларини поймол этмайди.

Шунингдек, маҳкама конвенциянинг таҳқирлашни маън этиш бандига мос келадиган амални ҳам топмаган.

Энди бельгиялик аёллар Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг Катта палатасига уч ой мобайнида шикоят билан мурожаат қилишлари мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ