Эрдўғон: "Қўлида қуроли йўқ одамларнинг имони бор эди"

Эрдўғон Истанбулдаги тарафдорлари олдида чиқиш қилган Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эрдўғон Истанбулдаги тарафдорлари олдида чиқиш қилган

Туркияда давлат тўнтариши уринишига бир йил тўлди. Президент Эрдўғон 15 июлдаги кун тартибини давлат тўнтаришига уриниш кунида саҳнага чиққан, одамларнинг тўпланиб исёнчиларга қарши бирлашишига сабабчи бўлган Миллат жомеъ масжидида бомдод намозини ўқишдан бошлаган.

Намоздан сўнг Президент қароргоҳида 15 июл шаҳидлари ёдгорлиги очилиш маросимида қатнашган.

Давлат тўнтариши барбод бўлганини рамзий ифодаловчи Истанбул кўприги қаршисида Эрдўғоннинг 10 минглаб тарафдорлари йиғилди. Зирхли танк ва қуроллар билан ҳарбийлар томонидан эгаллаб олинган айнан мана шу кўприкдан 10 минглаб тинч аҳолининг юриши тўнтаришнинг барбод бўлганини англатган эди. Кўприк кейинчалик ШАҳидлар кўприги дея номланди.

Давлат тўнтаришига уринишдан роппа роса бир йил ўтиб Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўн минглаб тарафдорлари олдида нутқ сўзлаган. Эрдўғон демократия ва унинг ҳукуматини ҳимоя қилган халқ ва депутатларни мақтаган.

У тўнтариш фитначиларига ўлим жазоси бериш кераклигини яна бир бор таъкидлаган ва улар Гуантанамо маҳбуслари сингари махсус формада юриши кераклигини айтган.

Ўтган йилнинг 15 июл куни Туркия армиясидаги айрим бўлинмаларнинг давлат тўнтариши уринишига қарши чиқиш натижасида 250 одам ҳалок бўлган ва 2196 киши жароҳатланганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Минглаб одамларнинг Истанбулдаги кўприкдан ўтиши давлат тўнтариши барбод бўлганини билдирганди

Шундан буён ҳукумат тўнтариш тарафдорларини кескин жазолади. 150 мингдан зиёд давлат хизматчилари ишдан олинди ва 50 мингдан зиёд киши ҳибсга олинди.

Тўнтариш бир неча сабабларга кўра амалга ошмагани айтилади. Уларнинг ичида юксак мартабали ҳарбийлар, сиёсий томондан қўллаб қувватловнинг бўлмагани ва халқ ичида суянадиган куч бўлмагани келтирилади.

Исёнчилар Эгей денгизи бўйида дам олаётган Эрдўғонни қўлга олишга ҳаракат қилишади. Бироқ у кетишга улгуради. Тўнтариш Эрдўғонга лаёқатли аскарлар ва оддий фуқаролар томонидан бостирилади. Тўнтариш санасини ёдга олиш маросимида Президент мана шу одамларга юзланиб, уларнинг ҳиссаси учун алқади.

"Қўлида қуроли йўқ оддий одамлар байроқ ушлаб олган эди. Муҳими уларнинг иймони бор эди", - деган у минглаб тарафдорлари олдида.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ