"Ўсмир қизларни ўзини ўлдиришга ундаган"

Судда айбдор деб топилган Филипп Будейкин Фото муаллифлик ҳуқуқи PETER KOVALEV/TASS

Россиядаги суд Интернетда "ўлим гуруҳи" ташкил қилган Филипп Будейкинни 3 йил 4 ойлик қамоққа ҳукм этган.

У Интернетда Филипп Лис номи билан таниқли бўлган.

'Ёшлар, жонингизга қасд қилманг!'

"Маҳкама жараёнида ёш йигитнинг ўсмир қизларни ўзини-ўзи ўлдириш фикрига оғдиргани бўйича икки ҳолатга алоқадорлиги ва айбдорлиги тасдиқланди", деб айтган Тюмень вилояти Тоболск туман маҳкамаси судьяси.

Терговда аниқланишича, 2016 йилнинг апрель-май ойлари давомида Филипп Будейкин "ВКонтакте" социал тармоғида ўзига суиқасд ғояларини тарғиб қилган ва ўсмирларни ўз жонига қасд қилишга ундаган.

Терговда Филипп Будейкин ўтган йили тюменлик 16 ёшли қизни ўзини ўлдиришгача олиб боргани аниқланган, қизнинг ҳаётини шифокорлар асраб қолишга муваффақ бўлганлар.

Шунингдек, Астрахан шаҳрида яшаган 15 яшар мактаб ўқувчиси бўлган қизни ҳам суиқасдга кўндиришга ҳаракат қилгани тасдиқланган.

Филипп Будейкинга нисбатан жиноят иши 2016 йилнинг майида қўзғатилган, у ноябр ойида ҳибсга олинган.

Россия матбуотига кўра, Интернетда ташкил қилинган "ўлим гуруҳ"лари маъмурларининг таъсирида 2015 йилнинг ноябридан 2016 йилнинг апрелигача бундай ёпиқ гуруҳларга аъзо бўлган 130 ўсмир ўзини-ўзи ўлдирган.

2017 йил бошида Қозоғистон ва Ўзбекистонда ҳам ёшлар Интернетдаги ёпиқ ўлим гуруҳлари таъсирига тушиб қолаётганлари ҳақидаги хавотирлар юзага келди.

Ўзбекистондаги Интернет фойдаланувчиларининг "Потребители.уз", "Маслаҳат.уз" каби гуруҳларида бундай ҳолатлардан огоҳ бўлиш чақирилди, маҳаллий матбуотда чиқишлар бўлди.

"Синий кит" қўрқуви

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўспиринларни ўз жонига қасд қилиш амалларни ташкил қилганлар Интернет социал тармоқларида "Синий кит" "Тихий дом", "Море китов" деган номлар билан фаолият олиб борган гуруҳлар деб кўрилган.

Ушбу "ёпиқ" гуруҳлар ўз сафларига оилавий муаммолар, ёлғизлик ва депрессияни бошидан кечираётган 13-16 ёшлиларни қабул қилади.

Ва ўз хоҳиши билан қўшилаётганлардан қўлларида гуруҳ рамзини кесиб расм орқали кўрсатиш талаб қилинади.

Шундан сўнг, ўртача 50 босқичдан иборат бўлган, бошқотирмасифат "ўйинлар" бошланади.

Бу каби ўйинлар "4:20 да уйғот", "Ўйин бошланди", "Ҳеч ким абадий эмас" каби шиорлар билан олиб борилади.

Ҳар бир топшириқ бажарилганидан сўнг, натижани сурат ёки видео орқали исботлаш сўралади.

Якуний босқичда иштирокчидан ўз-ўзини ўлдириш талаб этилади. Бундан бош тортганларни эса оиласига зарар етказиш билан таҳдид қилишади.

Бунда улар иштирокчининг манзили, унга тегишли бўлган маълумотларни бошқотирмаларни бажариш жараёнида билиб олишади.

Кучли психологик таъсирда бўлган ўсмирлар қарши харакат қилишдан бутунлай қўрқиб қолишади.

Айни пайтда "ўйинга кириб қолган" ёшлар жамиятдан янада узилиб, айни гуруҳ буйруқларига итоатгўйлиги ошиб боради.

Матбуот хабарларига кўра, маҳаллий руҳшунослар ота-оналарга фарзандлари билан кўпроқ мулоқот қилиш, айнан ўсмирлик пайтидаги ўзгаришларни тўғри қабул қилиш ва дуч келган ё-да, келиши мумкин бўлган муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда уларга ечимни биргаликда топиш маслаҳатини беришган.

Чунки руҳий сиқилиш ҳолатидаги ёшлар онгига ўз жонига қасд қилишга ундайдиган турли расмлар ва видеотасвирлар орқали улар ҳаётга умуман керак эмасликлари ҳақидаги фикр сингдирилади.

2015 йилнинг ноябрида Филипп Лис "Ф57" номидаги гуруҳни "ВКонтакте" ижтимоий тармоғида ташкил қилгани айтилади.

У аввалига "Инсайдер" номли ўз жонига қасад қилишни истаган ёшларни ўз фикридан қайтаришга йўналган гуруҳ билан боғланиб, иштирокчилар билан мулоқот қилиш истагини билдирган.

Рад жавобини олгач, у ўз гуруҳига асос солгани ва ўз жонига қасд қилишга ундайдиган суратлар ва видеоларни интернетга жойлагани айтилади.

Хабарларга кўра, гуруҳ таркибидагиларнинг аксарияти қиз болалар бўлган.

2016 йил декабр ойларидан Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон Ички ишлар хизматлари айни гуруҳларга қарши расман кураш бошлайдилар.

Бугунги кунда бу турдаги гуруҳлар ўз номларида "кит" номини ҳар хил шаклда қўллашади, айнан шу каби белгилар гуруҳнинг асл мақсадини намоён қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ