Бозор ва хотиндан "дод" деганлар учун хушхабар

"Эр кабинаси" Фото муаллифлик ҳуқуқи The paper

Хотини билан дўконма-дўкон юришдан безиган эр борми?

Ана шундай эрлар учун Хитойнинг Шанхай шаҳрида қувонтирувчи янгилик жорий қилинди.

"Харид қилиб бўлгунича эрини ташлаб кетишни истаган хотинлар учун "эр кабинаси" очилди", дея хабар беради The Paper рўзномаси.

Шанхайнинг Global Harbour савдо маркази ичида бир неча ойнаванд кабина ташкил этилган.

"Бу эрини судраб юришни хоҳламаган хотинлар учун", дейилади мақолада.

Ҳар бир кабинанинг ичида кресло, монитор, компьютер ва ўйин приставкаси ўрнатилган.

Кабина ичидаги эр 1990-йилларда машҳур бўлган, балки болалигида севиб ўйнаган видео ўйинларини ўйнаб ўтириши мумкин.

Рўзноманинг ёзишича, ҳозирча бу кабиналардан фойдаланиш бепул.

Аммо келаси ойларда фойдаланувчи ўзининг мобил телефонини ишга солиб кичик миқдорда ҳақ тўлайдиган тартиб жорий этилиши мумкин.

The Paper рўзномаси хабар қилишича, ҳозирча бу қулайликдан хотинининг "дўконма-дўкон айланишидан чарчаган" бир неча эркак фойдаланиб кўрган.

Жаноб Янг кабина ҳақида шундай деган:

"Жуда зўр экан. Ҳозиргина Tekken 3 ўйинини ўйнадим ва ўзимни худди мактаб йилларимга қайтгандек ҳис қилдим".

Жаноб Ву эса кабина ичидаги қулайликни янада ошириш керак, деган фикрга келган.

"Кабина ичида вентилятор ёки кондиционер қўйишмапти. Мен ўтириб ўйнашни бошладим, лекин 5 минут ўтар-ўтмас терлаб кетдим", деган у.

Бозорлиқ қилишга рағбатлантирадиган стимул

Хитойдаги Интернет социал тармоқларида "эр кабина"лари роса кўп ҳазил-мутойибага сабаб бўлган.

Шунингдек, бундай кабиналарни бошқа супермаркет ёки савдо марказларида ҳам оммалаштириш керакми ёки йўқлиги мавзуси қизғин муҳокама этилмоқда.

Фойдаланувчилардан бири ёзишича, "мана энди эрларга бозор-ўчарга хотини билан бирга чиқишга рағбатлантирадиган стимул пайдо бўлди".

"Кабинада ўйнайди-да, кейин хотинининг харажатлари учун ҳамёнининг чўғини пасайтириб ортга қайтади", деб ёзган у.

Лекин унинг фикрига қўшилмайдиганлар ҳам топилди: Агар эрим фақат ўйин ўйнаш учун у ерга бормоқчи бўлса ва харидимда ёрдам бермаса, уни у ерга олиб боришдан маъни борми?

Сиз бу янгиликка қандай қарайсиз?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02