Трамп яқинлари Сенат олдида жавоб берадилар

Катта ва кичик Дональд Трамплар Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ўғли кичик Дональд Трамп, куёви Жаред Кушнер ва сайловолди кампанияси раҳбари Пол Манафорт Россия билан боғлиқ можаро юзасидан Сенат олдида кўрсатма берадилар.

Трамп энди Франция биринчи хоними қоматини мақтаб, тилга тушди

Бу гал Польшанинг биринчи хоними Трампни хижолатда қолдирди

Путин ва Трамп илк бор кўришишди, қўл сиқишишди

Жаноб Трамп ва қариндошлари 2016 йилги президентлик сайлови пайти "Россия расмийлари билан боғланганлар" ва "Россия АҚШдаги президентлик сайлови якуний натижасига таъсир кўрсатган" деган даъволар билан боғлиқ жанжал остида қолганлар.

Сенат олдидаги савол-жавобда АҚШ президенти яқинларининг россиялик расмийлар билан учрашувига алоқадор саволлар кўтарилади.

АҚШ Сенати, Вакиллар Палатаси ва Адлия вазирлиги махсус кенгаш тузган ва бу кенгаш Россия 2016 йилдаги президентлик сайловига чиндан ҳам таъсир кўрсатгани ёки йўқлигини текширмоқда.

Шунингдек, Дональд Трамп атрофидаги одамлар билан россияликлар ўртасида махфий келишув бўлганми ёки йўқми, деган саволга ҳам жавоб изланмоқда.

Ўртада қандайдир келишув бўлгани ҳақидаги даъволарни Россия тарафи ҳам, жаноб Трампнинг ўзи ҳам рад этмоқда.

26 июль куни кичик Дональд Трамп ва Пол Манафорт Сенатнинг Суд қўмитаси аъзолари олдида кўрсатма берадилар.

Орадан икки кун ўтиб Трамп куёви Жаред Кушнер Сенатнинг Истиҳборот қўмитаси олдида ҳозир бўлади.

Сенатдаги ушбу савол-жавоблар июнь ойида Федерал Тергов Бюросининг лавозимидан бўшатилган раҳбари Жеймс Комидан кейинги энг юқори лавозимдаги инсонларнинг сўроққа тутилиши бўлади.

Хабар қилинишича, ўтган йилнинг июнь ойида Дональд Трампга энг яқин уч киши Нью-Йорк шаҳрида россиялик ҳуқуқшунос Наталья Веселницкая билан учрашганлар.

Айтилишича, жаноб Трамп гуруҳига унинг президентлик сайловидаги рақибаси Ҳиллари Клинтонга қарши материаллар ваъда қилишган.

Учрашувда Совет жосуслик хизматининг собиқ ходими ҳам қатнашгани маълум бўлган.

Чиндан ҳам ана шундай учрашув бўлиб ўтганини тан олган кичик Дональд Трамп ўзига Ҳиллари Клинтон ҳақида ваъда қилинган ахборотни тақдим этишмаганини айтган.

Бу Президент Дональд Трампнинг сайловолди кампаниясидаги ёрдамчиларининг россиялик шахслар билан нодипломатик мулоқотларининг энг кучли исботи бўлган.

19 июль куни Наталья Веселницкая Россиянинг Russia Today каналига айтишича, у ҳам Сенат қўмитаси олдида кўрсатма беришга тайёрлигини айтган.

Президент Трамп илк бор Германиядаги йирик 20лик раҳбарларининг саммити пайти Россия Президенти Владимир Путин билан шу пайтгача хабар қилинмаган мулоқот қилганини маълум қилган.

Жаноб Трамп таърифича, кечки овқат пайтидаги Президент Путин билан мулоқоти "жуда назокатли" бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ