Малайзия депутати: "Эри билан ётишга рози бўлмаслик - таҳқирлашдир"

Фото муаллифлик ҳуқуқи MOHD RASFAN
Image caption Малайзия

Малайзия депутати аёл кишининг эрига жинсий алоқа қилишни рад қилиши "руҳий ва ҳиссий азоб бериш"нинг бир тури деб балога қолди.

Ҳокимиятдаги Bаrisan Nаsional коалициясидан Че Муҳаммад Зулкифли Жусоҳ парламент йиғинларининг бирида оиладаги зўравонликлар баҳсида шундай деган.

Малайзия сиёсатда

Малайзияда иғвога қарши жазо

Мусулмон бўлмаганларга қайси калима тақиқланди?

Малайзияда оиладаги зўравонликларга қарши мавжуд қонунларга ўгартиришлар киритиш борасида муҳокамалар кетмоқда.

Теренггани штатидан сайланган 58 ёшли сиёсатчи эркаклар "жисмоний эмас, балки руҳий жиҳатдан озор чекади", - деган.

"Ҳатто эркаклар аёллардан жисмоний жиҳатдан кучли дейилса ҳам айрим экстремал ҳолатларда аёллар эрларига озор бериши ва ранжитиши мумкин. Одатда аёллар эрларини қарғашади, бу ҳиссий азоб беришдир. Хотинлар эрларини ранжитиб, уларнинг жинсий эҳтиёжларини рад қилади. Буларнинг ҳаммаси психологик ва ҳиссий азобнинг бир туридир", - деган депутат.

Че оиладаги зўровонликларга оид қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш борасидаги дебатларда бу гапларни гапирган.

Сиёсатчи ва фаоллар янги қонун оиладаги зўравонликлардан озор чекаётганлар учун кўпроқ ҳимоя воситасини яратиб беришидан умид билдирган.

Малайзия мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилувчи мамлакат ҳисобланади. Ушбу қонун Шаръий маҳкамадан тўрттагача аёлга уйланиш ҳуқуқини олувчи мусулмон эркакларга ҳам амал қилади.

Че ушбу масалани мусулмон эркакларга иккинчи хотинга уйланишни рад қилиш ҳам "азоб"нинг бир тури деган вақти кўтарган.

"Бундай бўлмайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Малайзиялик аёл

Че Муҳаммаднинг айтганлари кенг миқёсда норозилик тўлқини келтириб чиқарди. Уларнинг ичида Малайзиянинг собиқ Бош вазири Маҳатир Муҳаммаднинг қизи, аёллар ҳуқуқи ҳимоячиси Марина Маҳатир ҳам бор.

"Аёлга уйланганингда унинг баданига эгалик қиласан, деган эски қараш бор. Бу сафар бу нарса ўтмайди. Аёлларнинг жинсий яқинликка йўқ дейишга ҳақлари бор. Аёллар йўқ деса, эркаклар таҳқирланади дейишлик кулгулидир", деган у AFP агентлигига.

Хабарни Facebook даги саҳифасида бўлишган Марина "қачонгача эркакларга мамлакатни бошқаришга рухсат берамиз?", деб изоҳ қолдирган.

Депутатнинг гаплари апрел ойида қудратдаги партия сиёсатчиси кескин танқид қилинганидан сўнг янграмоқда.

Ўшанда сиёсатчи "жинсий зўрловчилар ўз қурбонларига уйланиши мумкин", деган эди.

Интернетдаги ғазаб тўлқини чоршанба куни парламент йиғинидан сўнг бошланган.

Кўплаб Facebook фойдаланувчилари Че Муҳаммаднинг "фундаментал менталитети"ни танқид қилган.

"Жамиятдаги хасталиклар ва коррупция биринчи муҳокама қилиниши керак бўлган муаммолардир. Депутатлар кейинроқ жинсий алоқа мутахассиси бўлиши мумкин. Малайзия кулгу остида қолди", -деган Лабуан оролидан Шаркави Лу.

"Аёллар секс ўйинчоғи эмас. Сиз уларни ҳурмат қилишингиз ва ҳис-туйғуларига шерик бўлишингиз керак. Тўртта аёлга уйланиш касалликдир. Аёллар ҳам шундай қила олишадими", - деган Гопенатан Мадавен.

Рэчейл Коога ўхшаганлар ҳукуматнинг қонунийлигини савол остига олган.

"Биз нима учун мамлакатимизни намоён қилиш учун бу каби цивилизациядан ортда қолган одамларга пул тўлаяпмиз", - деган у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02