Россияда туғилиш кам, мигрантлар эса кўпаймоқда

Image caption Россия ўзбек мигрантларни ўзига тортишда давом этяпти.

Росcиядаги статистика маркази 2017 йилнинг январь-май ойлари мобайнидаги демографик кўрсаткичларни эълон қилди.

Бу вақт ичида 679,2 минг нафар фарзанд дунёга келган, ўлим ҳоллари эса 791 мингни кўрсатмоқда. Табиий камайиш 111,8 минг кишига пасайган. Бу ўтган йиллардагига қараганда уч баробар кўп демакдир.

2016 йилнинг айни шу даврида 762,5 минг бола туғилган, яъни туғилишлар сони қарийб 11% га тушди.

Туғилишлар сони 2015 йил бошидан буён мунтазам равишда камайиб бормоқда эди, аммо бу йил бошида кескин қисқарди.

"Бизни туғилишлар сони кескин ёмонлашуви билан боғлиқ вазият кутмоқда, ва бу ортиб бораверади", - деб ҳисоблайди Росстат соғлиқни сақлаш ва аҳоли статистикасини бошқариш эксперти Алексей Ракша.

Эксперт нафақат туғилишлар сони камайиши, балки туғишнинг, яъни бир аёлга туғилган болалар сони ҳисоби кескин қисқариши кутилаётганини билдирди. Амалда бу ёш аёллар фарзанд туғишни ортга сураётгани ёки бола кўришни рад этаётганликларини билдиради.

Image caption Кўп мигрантлар оилалари билан келадилар.

Мигрантлар оқими эса ортиб бормоқда

Шу кунларда Россия матбуотида туғилишнинг кескин қисқариши ва ўлимнинг ортиши баробарида яна бир маълумот жарангламоқда: Россияда муҳожирлар сони мамалакат умумий аҳолисининг 12 фоизини ташкил этади.

Мигрантлар оқимининг тобора ортиб бораётгани ҳисобга олинса, Россия демографиясида юзага келган бўшлиқни муҳожирлар тўлдира оладими?

Айни пайтда мамлакатда 10,2 млн муҳожир қонуний қайд этилган.

Росстатнинг расмий маълумотига кўра, миграция оқимининг ўсиши аҳоли сони қисқаришини 72,2 фоизга қоплаб турибди.

Туғилиш 110 мингдан зиёдга камайган бир вақтда, яъни шу йилнинг январ-май ойларида муҳожирлар сони 80,7 минг кишига ортди.

Мамлакатга келувчиларнинг асосий қисми Украина (2.246.048), Ўзбекистон (1.923.388), Тожикистон (1.067.247) фуқароларини ташкил этади.

Камида 2030 йилгача Россияда туғилишлар сони қисқариши айтилади.

"Айни пайтда фақат мигрантлар ёрдамида аҳоли сонини бир маромда сақлаб қолиш мумкин. Ҳозир миграция оқимининг ўсиши йилига 200-300 минг кишини ташкил этмоқда. Токи туғилиш сони кўпаймас экан, 2032 йилгача бу оқим аҳоли сонини қўллаб туради", - дейди Алексей Ракша.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар