Кўрмаган нарсангизга пул тўлайсизми?

кабилов Фото муаллифлик ҳуқуқи Olim_Kabilov

Москвада тадбиркор Олим Кабилов ўзбекистонликлар орасида биринчилардан бўлиб краудфандингни муваффақиятли амалга оширди. Бу лойиҳада 280 дан зиёд инсон иштирок этди ва "Ислом бўйича йўлбошчи" китобини чоп этиш учун 1 млн 220 450 рубль (20089 доллар) маблағ йиғилди.

Краудфандинг - халқ томонидан молиялаштириш лойиҳасидир. Ғоя ўртага ташланади ва унинг амалга ошиши учун қизиқувчилар ихтиёрий равишда маблағ йиғишади.

Асли самарқандлик Олим Кабилов "Бумстартер" сайтида 4 лойиҳанинг муаллифи ва 165 та лойиҳага ҳомийлик қилади.

Қувайтлик Хусам Дибнинг инглиз тилидаги "Муҳаммад" китоби Олим Кабиловни янги лойиҳага ундади. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)нинг босиб ўтган умр йўли ва ислом тўғрисидаги мазкур китоб 20 дан ортиқ тилларда чоп этилган. Олим Кабилов китобни рус тилига таржима қилиш билан бирга, унга Россиядаги масжидлар, ҳалол маҳсулотлар ва хизматлар манзилларини киритиш таклифи билан чиқди. Муаллиф Хусам Диб билан ҳамкорликда мазкур китобни янгича шаклда чоп этишга келишилди.

Тадбиркор "Бумстартер"да ҳаракат бошлади: китоб мазмун-моҳияти ҳақида видеолавҳалар тайёрлаб тарқатди ва ўқувчиларни мазкур лойиҳани моддий қўллашга чорлади.

Аввалига 5000 нусхада чоп этишга мўлжалланган китоб саноқли кунлар ичида 600 минг рубл (9876 доллар)дан ортиқ маблағ йиғди.

"Энг кутилмаган воқеа исм-шарифи номаълум аёлнинг туҳфаси бўлди. У лойиҳамиз учун жуда катта маблағ ўтказиб, "арзимаган маблағ эзгуликка хизмат қилиши ниятида" эканлигини билдирган мактуб юборган. Ундан жуда миннатдормиз, дуодамиз", - дейди Олим Кабилов.

Ижобий натижа лойиҳа муаллифини янада илҳомлантирди ва 10 000 нусха учун ҳаракатни бошлади.

6 ой мобайнида чиқарилажак китоб учун керакли маблағ йиғилди ва китоб чоп этилди. "Ислом бўйича йўлбошчи" китобининг тақдимот маросимида ҳаммуаллиф Хусам Диб ҳам иштирок этди.

Олим Кабилов краудфандингни давом эттириб, китоб нусхасини 1 миллионга етказиш тараддудида.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ