"Даҳрийлар диндорларга қараганда ахлоқсизроқ"

Диндорлик ёки даҳрийлик масаласини кўтариб чиққан инсон Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳамон кўп инсонларнинг назарида ахлоқ Худога ишонишнинг натижасидир.

Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, аксар одамлар атеистларни диндорларга нисбатан хавфлироқ ва ахлоқсизроқ кишилар деб билишар экан.

Nature Human Behaviour илмий журналида эълон қилинган тадқиқот Европа, Осиё, Африка, Америка ва Австралия қитъаларидаги 13 мамлакатда ўтказилган жамоатчилик фикрини ўрганиш хулосаларига таянган.

Бангладеш: атеист талаба чопиб ўлдирилган

Нега ёшлар Ислом ва Худодан юз ўгиришмоқда?

Янги сўров: Дунё қанчалик диндор, Ўзбекистон-чи?

Сўровда 3000 дан ортиқ киши иштирок этган.

Улар Финландия, Янги Зеландия, Британия, Голландия, Чехия, Австралия, Мавритания, Гонконг, АҚШ, Хитой, Бирлашган Араб амирликлари, Сингапур ва Ҳиндистон яшовчилари бўлганлар.

Сўров қатнашчиларига берилган савол мазмуни тахминан шундай бўлган:

"Тасаввур қилинг, бир инсон болалигида жониворларни қийнаган, вояга етганидан кейин ўқитувчи бўлган, сўнг эса бошпанаси йўқ 5 инсонни ўлдирган. Сизнингча, бу одам даҳрийми ёки динга ишонадиган одамми?"

Ҳойнаҳой, бу атеист бўлса керак, дея фикр билдирганлар сони, бу одам диндор, деб айтганларнинг сонидан икки баравар кўп бўлган.

Тадқиқот муаллифларидан бири, Кентукки университети профессори Уилл Жервенинг хулоса қилишича, ахлоқ масаласига келганда баъзан ашаддий даҳрийлар ҳам "аксилатеистик бир ёқламалик"ка йўл қўядилар.

"Ўйлайманки, бу диний тушунчалар инсонларнинг онгига чуқур сингиб кетгани билан боғлиқ. Ҳатто мутлақо дунёвий сифатида кўриладиган ҳудудларда ҳам одамлар интуитив равишда динга ахлоқий ҳимоя сифатида муносабатда бўладилар", - деб айтган профессор Жерве "Франс-Пресс" ахборот агентлигига.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, дин инсонларнинг ахлоқий хулоса ва қарорларига таъсир кўрсатса-да, асосий ахлоқий инстинктларнинг диндан мустақил экани кўзга ташланади.

Ҳамон кўп инсонларнинг назарида ахлоқ Худога ишонишнинг натижасидир.

Тадқиқот хулосасига кўра, дунёвий жамият ва дунёвий мамлакат деб кўрилган жамият ва мамлакатларнинг нисбатан барқарорлиги кузатилган.

"Кўп инсонлар, ҳатто атеистлар ҳам Достоевскийнинг "агар Худо бўлмаса, ҳамма нарсани қилиш мумкин экан-да?" деган саволига "ҳа", дея жавоб қайтарадилар. Чунки "ҳамма нарса" деганда даҳрийлар ҳам мутлақ ахлоқсизликни тушунадилар", дейилади тадқиқотда.

Олимлар хулосасига кўра, очиқдан-очиқ диндорлик олқишланмайдиган дунёвий жамиятлар сони кўпайиб бораётган эса-да, ҳали ҳам дин инсонларнинг ахлоқий интуициясига катта таъсир ўтказиб келаяпти.

У ёки бу динга эътиқод қиладиган инсонларнинг сони кўп бўлган АҚШ, Бирлашган Араб амирликлари ва Ҳиндистон сингари мамлакатларда даҳрийларни ёмон кўриш кўпроқ кузатилар экан.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ