Ироқ Мўсулидан нима қолди?

Мўсул Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Мўсулни ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳдан озод қилиш мақсадидаги қақшатқич жанглар шаҳарни вайронага айлантирди, минглаб инсонларнинг умрига зомин бўлди, тирик қолганларни эса Мўсулни ташлаб қочишга мажбур этди.

ИШИД инқирози: Мўсулдан кейин навбат Раққагами?

ИШИД кўзини шамғалат қилиб

БМТ Мўсулдаги тинч аҳоли орасидаги талофатдан хавотирда

Тўққиз ой давом этган жанглар ниҳоясига етган эса-да, Мўсул шаҳри аҳолиси мисли кўрилмаган инсонпарварлик инқирози билан рўпара келган.

Ҳалок бўлган инсонларнинг сони фақат тахмин қилинмоқда: уларнинг сони минглаб, балки ўн минглаб ҳам бўлиши мумкин.

Шаҳарни жангарилардан озод қилиш бўйича ҳарбий амалиётлар бошланган 2016 йил сентябридан буён 1 миллиондан ортиқ одам ўзларининг яшаб келган уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлдилар.

Бутун бошли мавзелар ер билан яксон қилинди, вайроналар остида ҳалок бўлган инсонларнинг жасадлари ётибди, кўчалар эса портламай қолган снаряд ва миналарга тўла.

Мўсулнинг вайрон бўлган туманлари, 2017 йил июли.

Сунъий йўлдош фотосуратларига қаралганда, минглаб уйлар ва 100 километрдан зиёд масофадаги йўллар шикастланган ёки буткул вайрон этилган.

Мўсул харитаси Фото муаллифлик ҳуқуқи .

2014 йил июнидан "Исломий Давлат"нинг назорати остида бўлган Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри Мўсул бугунги кунда вайронага айланган.

Бу шаҳарни қайта тиклаш ишлари Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги энг йирик қайта қуриш бўлиши мумкин. БМТ Мўсул инфратузилмасини қайта тиклашга камида 1 миллиард доллар зарур, деб ҳисоблайди.

БМТга кўра, жанглар оқибатида Мўсулнинг барча туманлари зарар кўрган. Шу йил июлида озод қилинган шаҳарнинг ғарбий қисми шарқий қисмига қараганда кўпроқ вайрон бўлган. Мўсулнинг шарқий қисми олти ой олдин ИШИДдан озод қилинган эди.

БМТ хулосаларига кўра, шаҳарнинг аҳоли истиқомат қилган 54 туманидан 15 таси буткул вайрон бўлган ва яшашга яроқсиз аҳволда. Яна 23 тумандаги вайронагарчиликлар ўртача, 16 туман эса қисман шикастланган деб кўрилаётир.

Сунъий йўлдошдан олинган фотосуратларни таҳлил қилиб БМТ 10 минг бино тўла вайрон бўлган ёки шикастланган, демоқда. Аслида эса вазият бундан ҳам бадтар бўлиши мумкин.

Агар бу рақамга сунъий йўлдошдан кўринмайдиган кўп қаватли бинолар майдонини қўшса, вайрон бўлган биноларнинг сони тахминан 32 мингни ташкил этиши мумкин.

БМТнинг Ироқ бўйича гуманитар дастури мувофиқлаштирувчиси Лиз Гранде айтишича, вайрон бўлган туманларни вайта тиклашга кўп йиллар талаб қилинади.

2016 йил октябридан 2017 йил июлигача рўй берган вайронагарчиликлар.

Маълумотлар сунъий йўлдошдан олинган фотосуратлар таҳлилига асосланган

Вайронагарчиликлар Фото муаллифлик ҳуқуқи .

1. Ҳарбий амалиётлар бошланишидан олдин

135 бино вайрон бўлган (50% - жамоат бинолари, 21% - турар-жой бинолари)

Мўсулни озод қилиш амалиётларидан илгари кўплаб жамоат бинолари, шу жумладан, аэропорт ва университет вайрон этилган эди.

2. Жангларнинг беш ойи мобайнида

1240 бино вайрон бўлган (47% - одамлар яшаган уйлар)

Мўсулни озод қилиш бўйича амалиётларнинг дастлабки ойларида стратегик объектлар - йўллар, фабрика ва заводлар, шунингдек, шаҳарнинг шарқий ва ғарбий қисмларини улаб турган Дажла дарёси устидаги беш кўприк вайрон қилинган. Вайрон бўлган биноларнинг ярмидан камроғи турар-жойлар.

3. Жангларнинг саккиз ойи мобайнида

4356 бино вайрон бўлган (70% - одамларнинг уйлари)

Шу йилнинг мартидан июнигача жанговор амалиётлардан вайрон бўлган бинолар сони тўрт баравар кўпайди. Бузилган ҳар 10 бинодан 7 таси турар-жойдир.

4. Жангларнинг тўққиз ойи мобайнида

9519 бино вайрон бўлган (85% - одамлар яшаган уйлар)

Амалиётларнинг охирги ҳафталари давомида бузилган биноларнинг сони 5000 дан ошиб кетди. Уларнинг аксари Эски шаҳардаги одамларнинг уйлари эди. Мўсул озод этилишидан сал олдин Ан-Нурий жомеъ масжиди ҳам вайрон этилди.

Қочқинлар жамлоғи Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сунъий йўлдош маълумотларига кўра, ҳаммасдан ҳам кўра кўпроқ турар-жой бинолари шикастланган. Камида 8500 уй буткул ёки қарийб вайрон бўлган. Улар асосан Эски шаҳарда жойлашган бўлган. Мутахассислар етказилган зарар миқдорини ҳисоблаб чиқмоқда, бу ишлар якунланганидан кейин вайрон бўлган биноларга тааллуқли рақамлар янада кўпайиши эҳтимоли мавжуд.

Жанговор амалиётлар натижасида қарийб 130 километрлик йўл вайрон бўлган, шундан 10 километри Мўсулнинг ғарбий қисмида.

Авиазарбалар шаҳарнинг ғарбий ва шарқий қисмларини бир-бирига боғлаб турган Дажла дарёси устидаги кўприклар вайрон этилган. Бу жангариларнинг йўлини тўсиш ва бир жойга жамланишлари олдини олиш мақсадида атайин қилинган.

Шаҳар аэропорти, темир йўл вокзали ва шифохоналар ҳам буткул вайронага айланган.

Ироқ ҳукумати ҳисоб-китобига кўра, шифохона мажмуасининг 80 фоизи вайрон бўлган. Бу Мўсулнинг жуда йирик тиббий иншооти бўлган. Унинг таркибида шифохоналар, ўқув муассасалари ва лабораториялар жойлашган бўлган.

Мўсулдаги вайрон этилган объектлар

Маълумотлар сунъий йўлдошдан олинган фотосуратлар таҳлилига асосланган

Вайрон қилинган уйлар Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Мўсул озод этилишидан олдинги кунларда Эски шаҳар қисми қақшатқич жанглар майдонига айланди.

Ироқ қўшинлари жангариларни қуршовга олганидан кейин улар бинолар зич қурилган ҳудудда жон сақлашга мажбур бўлдилар.

Жанглар пайтида тинч фуқаролар ўз уйларида қопқонга тушиб қолдилар. Ҳарбий амалиётлар тугаганидан кейин кўплаб инсонлар буткул силласи қуриган ва жароҳатланган ҳолда топилдилар.

Амира Фото муаллифлик ҳуқуқи Raber Aziz

Улардан бири 10 яшар Амира эди. Миномёт портлаши оқибатида Амиранинг онаси ҳалок бўлган,у оёғи яраланган ҳолда ёлғиз қолган.

"Мен онамдан ёрдам беришини сўраб қичқирардим, у эса жавоб бермасди... Мен жойимдан қимирлай олмас эдим".

Амиранинг отаси сингиллари ва укасини қутқариш учун уларни олиб кетади. Амирага шу жойда қимирламай туришни буюришади. Бомбардимон пайти эса бу жойга бомба тушади. У яраланиб йиқилган ва шу жойда уч кечаю кундуз қолиб кетган.

"Менинг ейишга ноним, ичишга сувим йўқ эди. Уч кеча ва уч кундуз бир ўзим қолдим. Мен ёрдам сўраб қичқирдим, лекин ҳеч ким мени эшитмади. Мен онамни чақирдим. У эса жавоб бермасди. Мен унинг ўлганини билганим йўқ. Онамнинг ўлганини мени қутқаришганидан кейин айтишди", дейди Амира.

Амира ҳозир шифохонада ва ҳалигача билмайди, отаси, сингиллари ва укаси тирикларми ёки йўқ.

Бошига Амираникидек кунлар тушган одамлар Мўсулда кўп.

Сунъий йўлдош вайроналари таҳлилига кўра, Эски шаҳардаги 16 минг турар-жой биносининг 5,5 таси ёки ҳар учтадан биттаси буткул вайрон этилган ёки жиддий бузилган. Биргина охирги ҳафтанинг ўзида 490 уй вайрон қилинди.

Ҳақиқий рақамлар бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

Интерактив ИШИД назоратидаги ҳудуд 2015 йилдан буён қай даражада ўзгарди?

2017 йил июли

Мўсулнинг Эски шаҳри 2017 йил июли

2015 йил ноябри

Мўсулнинг Эски шаҳри 2015 йилнинг ноябри

Шаҳарнинг вайрон бўлган энг эътиборга сазовор биноси - Ан-Нурий жомеъ масжидидир. Бу масжидда 2014 йил иблида ИШИД раҳбари Абу Бакр Бағдодий исломий халифат ташкил этилгани ҳақида эълон қилган эди.

Интерактив ИШИД назоратидаги ҳудудлар 2015 йилдан буён қай даражада ўзгарди?

2017 йил июли

Ан-Нурий жомеъ масжиди 2017 йил июлида

2015 йил ноябри

Ан-Нурий жомеъ масжиди 2015 йил ноябрида

Ироқ ҳарбийларига кўра, масжидни 2017 йил июнида портлатишган. "Исломий Давлат" жангарилари эса масжидни Америка авиацияси бомбардимони вайрон қилди, дейишади. Бироқ бунинг исботи тақдим этилгани йўқ.

Ан-Нурий жомеъ масжиди, 2014 йил июли.

Ан-Нурий жомеъ масжиди Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ан-Нурий жомеъ масжиди, 2017 йил июли.

Ан-Нурий жомеъ масжиди Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Мўсул шаҳрининг рамзи ҳисобланган, 800 йиллик уруш ва жанглардан омон қилган Ан-Нурий масжидининг машҳур минораси Ал-Ҳадба 2017 йил 22 июнида қулади.

Ал-Ҳадба минораси, 2017 йил 20 июн куни.

Ал-Ҳадба минораси Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ал-Ҳадба минораси, 2017 йил 22 июн куни.

Ал-Ҳадба минораси Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Аҳолининг оммавий қочиши

Энг оғир фожеа Мўсул шаҳри аҳолисининг бошига тушди.

Шу вақтгача ҳам ҳалок бўлган мўсулликларнинг сони аниқ эмас.

БМТнинг 2017 йил январидаги энг сўнгги маълумотларига кўра, 2463 инсон ҳаётдан кўз юмган. Бироқ ундан кейин Amnesty International ташкилоти биргина авиазарбалар оқибатида 5805 инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Британия матбуотида пайдо бўлган Курд истиҳборот хизмати маълумотларига кўра, Мўсул учун кечган жанглар қарийб 40 минг инсоннинг умрига зомин бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг жасадлари ҳамон топилмоқда. Шу боис нисбатан аниқ маълумотлар кейинроқ эълон этилиши мумкин.

Мўсул оддий яшовчиларининг ярми - қарийб 1 миллион инсон ҳарбий амалиётлар бошланишидан олдин уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган эдилар. БМТ маълумотларига кўра, уларнинг ярми болалардир. Аксар қисми - 700 минг киши Мўсулнинг ҳаммадан кўп шикастланган ғарбий қисмида истиқомат қилишган.

Тинч фуқароларни эвакуация қилиш амалиёти замонавий тарихдаги энг йириги бўлган.

2017 йил августида 800 мингдан ортиқ киши мажбурий қочқин деб кўрилган. Миграция бўйича халқаро ташкилот маълумотларига кўра, уларнинг ярмидан кўпи қочқинлар жамлоғида бўлишган. Қолганлар ёки уйларига қайтишган, ёки омон қолган бинолардаги дўстлари ёки қариндошлариникида яшаб юришипти.

440 мингдан ортиқ одам қочқинлар жамлоғида яшамоқда

Ўз уйини ташлаб қочганлар Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Охирги ойларда энг кўп шаҳарни тарк этиш кузатилди.

Кўп инсонлар шаҳардан ташқарига чиқиб кетган бўлсалар-да, ўзларининг уйлари вайрон бўлган яна бошқа одамлар шаҳарнинг бошқа қисмидаги биноларда яшаб келдилар. Мўсул шаҳрининг ичида яшаш жойини ўзгартирган оилаларнинг сони 100 дан зиёд оила деб кўрилади.

БМТ билан ҳамкорлик қиладиган ташкилотлар маълумотларига қараганда, одам зич лагерларда яшашни истамаган ғарбий мўсулликлар шарқдаги дўстлари ёки яқинларининг уйларига кўчиб ўтишган. Натижада шарқий Мўсулдаги аҳоли сони икки баравар кўпайган.

Жумана Нажим Абдуллоҳ - 35 яшар сартарош. У Мўсул ғарбидаги жангарилардан қочиб, оиласи билан бирга бўлиш учун шарққа кўчиб ўтади.

Эридан ажрашган Жуманага ИШИД ишлашни тақиқлаган. Бироқ у ўз уйида мижозларга хизмат кўрсатиб пул ишлашга муваффақ бўлган.

Жангарилар кетганидан кейин у ижарага олган шарқий Мўсулдаги хонадонига кўчиб ўтган ва гўзаллик салонини очган.

Жумана Фото муаллифлик ҳуқуқи UNHCR

"Мен сартарошликни бошлаган биринчи одамман. Мен бундан фахрланаман. Мени, гўзаллик салонини очиш хавфли, деб огоҳлантиришган эди. Хайриятки, ҳеч қандай муаммо бўлмади", дейди Жумана.

Яқинда мактабга борадиган қизи билан у шарқда қолмоқчи.

"Бу ўзимнинг уйим бўлмаса ҳам мен шу ерда қолмоқчиман. Мўсул ғарбидаги уйимиз вайрон бўлди", дейди у.

Жуманадан фарқли ўлароқ, кўплаб оилалар шаҳардан кетишга қарор қилдилар. Қарийб 3000 киши пойтахт Бағдодга йўл олган.

Мўсулдан шарқда - бир ярим соатлик автомобил йўли узоқлигида жойлашган Эрбилда 2 минг оила жойлаштирилган. Жанубдаги Бағдодга яқинроқ Салоҳ ад-Дин туманига 1000 оила кўчиб ўтган.

Одамлар қачон ва қаёққа қочдилар?

Қочқинларни Мўсулни тарк этиш вақтлари Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Мўсулни озод қилиш амалиётлари бошланган вақтда ИШИД Ироқ шимолидаги каттагина ҳудудни назорат қилиб турар, шу боис шаҳардан қочиб чиқишга муваффақ бўлганлар жанубга йўл олгандилар.

Ироқ армияси Эски шаҳар қуршовга олганидан кейин маҳаллий одамларнинг яқин-атрофдаги шаҳарлар ёки Мўсул четидаги жойларга ўтишлари осонлашди.

Шаҳар жангарилардан тўла озод этилганидан кейин фожеанинг ҳақиқий миқёси аёнлашди.

Энди Мўсулни нима кутмоқда?

Ироқ хавфсизлик кучлари шаҳар устидан назоратни қўлга киритганларидан кейин улкан шаҳарни қайта тиклаш ҳақида гапира бошланди.

Аммо Мўсулни қайта қуриш осон иш эмас, айниқса, ғарбий Мўсулни.

Бунинг учун кўп йиллар ва миллиард долларлик маблағ зарур бўлади. Ҳозирча эса Ироқ ҳукумати шаҳар ҳеч бўлмаганда мўсулликлар қайтиб яшашлари учун хавфсиз бўлиб туришини хоҳламоқда.

Ҳозирча ҳалок бўлган инсонларнинг жасадлари қидириб топилмоқда, ИШИДдан қолган жангарилар, жиноятчи гуруҳлар аъзолари қидирилмоқда, шаҳар инфратузилмасини қайта тиклаб, кўча ва йўлларни портловчи моддалардан тозалаш ишлари амалга оширилаётир.

Бир неча ойлик қаттиқ жанглардан кейин шаҳар портламай қолган артиллерия снарядлари ва қўл гранаталарига тўлиб кетган. Шаҳардаги кўплаб бинолар ҳамон миналаштирилганича турибди.

Миналарни зарарсизлантириш ишлари ўтган йилнинг октябрида бошланган. Бу ишларни мувофиқлаштириб турган БМТ миссияси хабар қилишича, ўшандан буён портловчи моддалар портлаши оқибатида 1700 га яқин инсон ҳалок бўлган.

Британиядаги Mines Advisory Group (MAG) хайрия ташкилоти директори Нина Сиичараннинг айтишича, шаҳарнинг бутун бошли туманлари бу қадар кўп миналаштирилгани охирги 20 йилда кузатилмаган.

Мўсулдан шарқда жойлашган бир қишлоқнинг ўзида сапёрлар уч ҳафта давомида 250 минани зарарсизлантирганлар. Бу миналарнинг кўплари автомобилни портлатиб юборадиган даражада кучли ва ҳатто гўдак боланинг ҳаракати билан ишга тушиб кетадиган даражада нозик бўлган.

Мўсулдаги тиббий мажмуани бориб кўрган Халқаро Миграция ташкилоти вакиллари айтишича, портловчи моддалар шифохона йўлакларида ётипти, портловчи модда ўрнатилган бир неча автомобиль эса бино яқинида ташлаб кетилган.

Мўсул болалари Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Кўпларнинг фикрича, муаммо фақат Мўсулни қайта тиклашда эмас.

Шаҳарнинг аксар аҳолиси суннийлардир. Ироқ ҳукумати эса шиа кўпчилиги қўлида ва бу ҳукуматнинг ўз манфаатлари бор.

Маҳаллий вазиятни яхши биладиган фаоллар айтишича, кўп одамлар агар ўзи яшаган жойга қайтса, ҳукумати томонидан таъқибга тутилишидан мумкинлигидан хавотирдалар.

"Мазмунли сиёсий мулоқотнинг йўқлиги" янги зўравонликларни келтириб чиқариши мумкин, дея огоҳлантирган БМТнинг Ироқ бўйича махсус вакили Ян Кубиш Хавфсизлик Кенгашида қилган маърузасида.

"Ҳарбий ғалаба ютуқларини барқарорлик, адолат ва тараққиётга айлантириш учун, одамларга ўз жамиятлари ва шарафларини ортга қайтариш учун ҳукумат қўлидан келган ҳамма ишни қилиши керак", деб айтган жаноб Кубиш.

Охирги вақтда шаҳарни қайта тиклашда маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам иштирок этаётганлари кузатилмоқда.

Имкони борича тезроқ шифохона ва мактабларни очишга интилаётган БМТнинг Тараққиёт дастури лойиҳалари мутахассисларига оддий одамлар кўмак бермоқдалар. Улар фойдаланишга яроқли биноларни чиқиндилардан тозалашда ёрдамлашаяптилар.

Мўсулнинг Ал-Зуҳур мавзесидаги чорраҳани тозалашда қатнашаётган Иброҳим Мустафонинг айтишича, бу нарса шаҳар учун нажот бўлади.

"Бу ерда Мўсулда ҳеч нарса қолмади - ишларимиз ҳам, уйларимиз ҳам, яшаш учун маблағимиз ҳам. Аммо ҳали бизнинг қалбларимиз бор. Қўшниларимизнинг ҳаммаси бир-бирига ёрдам бераяпти. Шаҳримизни қайта тиклаш бунинг бир йўлидир".

Лойиҳа муаллифлари: Люси Рожерс, Нассон Стилиану ва Дэниел Данфорд. Амира билан интервью: Халқаро Миграция ташкилоти (IOM), Жумана билан интервью: Нажим Абдуллоҳ, БМТ Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги (UNHCR).

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ