Жинсий зўрланган 10 яшар қиз фарзанд кўрди

Болаларни жинсий зўрлашга қарши норозилик намойиши Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳиндистонда вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик миқёси даҳшатга солади: 2015 йили 10000 дан ортиқ зўрлаш қайд этилган.

Ҳиндистон Олий маҳкамаси аборт қилишини тақиқлаган 10 яшар қиз Кесарево жарроҳлик амалиёти билан қиз фарзанд кўрган.

Матбуот хабарларига кўра, қиз туғаётганини англаб етмаган ҳам.

Катталар унга "ошқозонингда катта тош бор, шунинг учун қорнинг катта бўлиб кетаяпти", деб айтишган.

Бор-йўғи 10 ёшда, жинсий зўрланган, ҳомиладор, чорасиз...

Ҳиндистон: Янги йилда аёллар таҳқирланди

Аёл кишининг сигирчалик қадри йўқми?

Кесарево амалиётининг маҳаллий вақт билан соат 9:22да Чандигарҳдаги шифохонада бўлиб ўтгани хабар қилинган.

Дояларнинг Би-би-сига маълум қилишларича, қиз чақалоқнинг оғирлиги 2,5 килограммни ташкил этган.

Онанинг ҳам, чақалоқнинг ҳам саломатлиги яхши, дейишган шифокорлар.

Хабар қилинишича, қизалоқни охирги етти ой мобайнида тоғаси бир неча марта жинсий зўрлаган.

Июль ойи ўрталарида қиз қорнидаги оғриқдан шикоят қилган ва ота-онаси уни шифокорга олиб боришган.

Тиббий текширув пайти унинг жинсий зўрлангани ва ҳомиладор экани аён бўлган.

Тоғаси ҳибсга олинган.

Чандигарҳдаги маҳкама ота-онанинг ҳомилани аборт қилиш талабини қондиришдан бош тортган ва бу 10 ёшли қиз ҳомиладор бўлиши мумкин эмас, деган қарор чиқарган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳиндистонда 400 миллион бола бор.

Шифокорлар ҳайъати эса бу ёшда аборт қизнинг ҳаёти учун "ҳаддан зиёд хатарли" деган хулоса берганлар.

Кейинроқ Ҳиндистон Олий маҳкамаси ҳам аборт сўровини рад этган.

Чақалоқнинг 35 ҳафталик бўлиб туғилгани айтилмоқда.

Шу боис чақалоқ туғруқхонада бир неча кун сақланиши лозим, демоқдалар шифокорлар.

Ёш онани ҳам 10 кун давомида шифохонада парваришлашга қарор қилинган.

10 яшар қизалоқнинг ота-онаси ҳомиладан аллақачон воз кечганлар.

Би-би-си мухбирлари хабар қилишларича, расмийлар чақалоқнинг етимхонага берилиши, сўнг бирор оилага боқиб олишга берилиши мумкинлигини айтишган.

Бу қадар ёш қизнинг туғиши Ҳиндистон тарихида биринчи марта кузатилган.

Шу боис бу ҳодиса нафақат Ҳиндистон, балки жаҳон матбуотининг ҳам эътиборига тушди.

Ҳиндистон қонунлари бўйича ҳомилани 20-ҳафтасидан кейин аборт қилиш мумкин эмас, фақат онанинг ҳаёти учун таҳдид бор, деб кўрилган ҳолатлардагина абортга рухсат берилади.

Бироқ сўнгги йилларда жинсий зўравонлик қурбонлари бўлган қизлар тарафдорлари петициялар уюштирдилар, 20 ҳафтадан ошган бўлса ҳам ҳомилани олдиришни талаб қилдирдилар.

Аксар ҳолларда болаларнинг ўзлари ҳам ҳомиладорлигини англаб етмаганлари аниқ бўлди.

Ҳиндистондаги жинсий зўравонлик миқёси

·Мамлакатда ҳар 155 дақиқада ёши 16 дан кичик бир қиз ёки бола жинсий зўрланади, ҳар 13 соатда эса ёши 10 дан кичик қиз ёки ўғил

·2015 йили 10000 бола зўрланган

·Ҳиндистонда ёши 18 га тўлмай туриб 240 миллион қиз турмушга узатилган

·Ҳукумат ўтказган сўровда қатнашган болаларнинг 53.22% фоизи жинсий тегажоғликка дуч келганини айтган

·Жинсий зўравонликка қўр урганларнинг 50% и болага яқин инсон бўлган

Манбалар: Ҳиндистон ҳукумати, UNICEF

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ