Испаниядан тортиб, Россиягача: ИШИД нималарни кўзламоқда?

ИШИД Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Бор-йўғи бир неча куннинг ўзида Испаниядан тортиб, Финландия ва Россия қадар устма-уст ҳужумларга саҳна бўлди.

Испаниянинг Барселонаси ва Россиянинг Сургутидаги ҳужумларга масъулиятни эса, яна Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи ўз зиммасига олиб чиқди.

Гуруҳнинг ҳар икки даъвосини ҳам ҳалича мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони бўлгани йўқ.

Ироқ Мўсулидан нима қолди?

Аммо сўнгги йилларда Ғарбий Европадан тортиб, Шимолий Америка қадар бунга ўхшаш ҳужумларнинг сони кескин ортгани кузатилади.

Ўнлаб оддий инсонларнинг ўлими ва яна катта сондагасининг тан жароҳати олишига сабаб бўлган бу ҳужумлардан аксариятига жавобгарликни айнан ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан.

Сўнгги ҳужумлар арафасида эса, ИШИД Марказий Осиёнинг шундоққина биқинида, Афғонистоннинг шимолий Сарипул вилоятида "ўнлаб одамларнинг шафқатсизларча қириб ташланиши" ҳам ўз ишлари эканини иддао қилиб чиққан.

Сўнгги қонли воқеаларнинг барчаси ироқлик масъулларнинг ИШИД деярли мавҳ этиб бўлингани, гуруҳ Яқин Шарқда асос солган исломий халифати барҳам топганига оид расмий баёнотлари манзарасида янграмоқда.

Устига устак, гуруҳ лидери Абу Бакр ал-Бағдодийнинг тақдири ҳануз номаълум қолаётган, Россия уни ўз ҳаво ҳужумларида ўлдирганлигини даъво қилаётган бир вазиятда кузатилмоқда.

Ўтган уч йил давомида ИШИД сафларида Марказий Осиё ва россияликлари ҳам дохил ўн минглаб хорижий жангариларнинг жанг қилганликлари ишонилади.

Россия Президенти Владимир Путин эса, қисман Яқин Шарқда жанг қилаётган собиқ Шўро фуқаролари сабаб, Суриядаги ҳаво ҳужумларига қўл уришганини ҳам расман баён қилган.

Дунёнинг кўплаб давлатлари қаторида Қирғизистон, Тожикистон ва Россияда ҳам ИШИД нинг фаолияти расман тақиқланган, "террорчи ташкилот", деб эълон қилинган.

Шундай экан, буларнинг барчаси нимани англатади?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шундай савол билан Лондондан Мудофаа масалалари бўйича халқаро ҳарбий таҳлилчи Пол Рожерсга мурожаат қилди:

Пол Рожерс: Ҳали ўзларига қарши ҳаво ҳужумлари бошланган 2014 йилдаёқ ИШИД қўл остидаги ҳудудларининг аксариятини алал-оқибат бой беришини англаб етган. Худди шу боис ҳам, урушини ўзига ҳужум қилаётган давлатларга қаратиш йўлига ўтган. Асосий эътиборини мўлжалга олиш осон бўлган оддий инсонларга қаратилган индивидуал ҳужумларга қаратган. Ўтган икки-уч йил ичида худди ана шундай жараён кечмоқда. Бу - қасддан кўзланган, мусулмонларга қарши нафрат уйғотиш, жамиятларна раҳна солишни мақсад қилган сиёсат. ИШИД биргина АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалициянинг ҳаво ҳужумларида 60 мингга яқин тарафдорини йўқотган. Ироқ ва Сурияда жиддий мағлубиятга учраган. Яширинча жанг олиб бориш йўлини тутган. Аммо ўзининг ҳануз фаолиятда эканини билдириш учун дунё бўйлаб қарши ҳужумга ўтган. Биз Ғарбий Европа, Шимолий Америка ва яна бошқа қатор давлатларда гувоҳ бўлиб турган кўплаб ҳужумлар бунга мисол. ИШИД Афғонистонда шундоқ ҳам фаол. Ҳатто Жанубий Филиппинга қадар кириб боришга муваффақ бўлган. ИШИД бундан уч-тўрт йил бурун асосий диққат-эътиборини Яқин Шарқда ўз исломий халифатини барпа этишга қаратган. Ҳозир эса, узоқ келажакдаги мақсадларини кўзлаб, ўз тактикасини худди шу тариқа ўзгартирган.

Би-би-си: Пол, вазият шундай экан, ИШИД Яқин Шарқдан ташқарида бўлган ҳудудларда қанчалик узоққа бора олиши мумкин? Дунёнинг қолган давлатлари хавфсизлиги назарда тутилганда, ИШИД қанчалик катта таҳдидга айланиши мумкин? Бу жангари гуруҳдан нима кутсак бўлади?

Пол Рожерс: Улар ҳозирнинг ўзида каттагина таҳдидга айланиб улгуришган. Ғарб давлатлари жуда кучли аксилтеррор хизматларига эга. Уларнинг жосуслик идоралари ҳам яхши ишлайди. Аммо, шунга қарамай, улар барчани тўхтатиб қололмайди, бунга қурби етмайди. Бундан ташқари, ИШИД Сурия ва Ироқда заифлашиб бориши билан гуруҳга четдан келиб қўшилган жангарилари ҳам ўз она Ватанларига қайтишмоқда. Улардан айримлари ИШИД билан алоқаларини буткул узган, узишган, тўғри. Аммо бу каби инсонларнинг орасида гуруҳга мойил қилиб, ўз юртларида ҳам ҳужумларини давом этдириш аҳдида қатъий қолганлари-да бор. Шу боис ҳам, бу муаммо ҳали яна давом этади.

Би-би-си: Шу жумладан, Россияда ҳам дейсиз, шундайми?

Пол Рожерс: Ҳа, худди шундай. Россияда ҳам. Асосан Шимолий Кавказдаги вазият боис...Россияда мусулмонларнинг сони 16 миллион кишидан ортади. Уларнинг орасида ўзларига нисбатан муносабат ва сиёсатдан мамнун бўлмаганлари ҳам оз эмас. Худди шу боис ҳам, бунга қасдма-қасд улардан бир қисмининг зўравонликлар йўлига ўтиши хавфи, эҳтимоли ҳамиша сақланиб келган. Биз ўтган ўн йилнинг ўзида бу каби ҳолатга такрор ва такрор гувоҳ бўлдик.

Би-би-си: Шундай экан, сизнингча, бу каби таҳдиднинг олдини олиш учун нима қилмоқ керак? Бу борада ИШИД ҳужуми хавфи остида бўлган ёки қолган давлатлар қўлидан жиддийроқ бир иш келармикан? Нима дейсиз?

Пол Рожерс: Улар, менимча, энг аввало ёшлар орасида радикаллашув ҳолларининг олдини олишга ҳаракат қилишади. Чунки худди шу нарса ҳозир бу давлатлар ва улардаги мусулмон жамоалари тўқнаш келиб турган асосий муаммо бўлади. Аммо улар, бундан ташқари, ИШИДга нисбатан ўзларининг бутун ёндашувларини қайта кўриб чиқишлари керак бўлади. Улар ИШИД ва "ал-Қоида"га ўхшаш жангари гуруҳларни йўқ этишда асосий эътибориларини ҳарбий танловга қаратиб келишган. 16 йилдирки, урушнинг ниҳояси кўринмайди. Ироқ, Афғонистон ва Ливия ҳануз зўравонликлар, муаммолар гирдобида. Шундай экан, Ғарб террорга қарши урушга нисбатан ўзининг бутун қараши, ёндашуви ва сиёсатини жиддий ўзгартирмоғи лозим, назаримда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02