Энг катта сомса Гиннес рекордлар китобига кириб бўлди

Сомса Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Жаҳондаги энг катта сомса Шарқий Лондон Масжидида тайёрланди ва "рекордчи сомса" уйсизларга бўлиб берилди.

Гигант сомсанинг оғирлиги ўзиям 153 килограммдан сал ортиқроқни ташкил этган.

Жаҳон рекордини янгилаган бу сомса шу ҳафта Британиядаги "Muslim Aid" ноҳукумат хайрия жамғармасининг 12 нафар кўнгилли ходими томонидан ҳозирланган.

Уни тайёр ҳолга келтириш учун нақ 15 соат лозим бўлган.

Жуда оғир ва катта бўлгани боис, уни пишириш учун махсус ишланган чуқур товадан фойдаланишга тўғри келган.

Жаҳон рекордини янгилаган сомсани пишириш жараёнини мана бу линк орқали томоша қилинг.

'Гиннес рекорди учун Ўзбек паловига махсус номинация'

"Рекордчи" сомсанинг ўзи ҳиндча услубда, ичига картошка, кўк нўхат ва пиёз солиб тайёрланган.

Қиймасига 100 кг картошка, 25 кг пиёз, 15 кг кўк нўхат, хамирига 44 кг ун ва яна анчагина ҳиндча зираворлар лозим бўлган.

Сомса учбурчак шаклида букилиб, сўнгра қизиб турган ёғда қовурилган ва пишганида ҳам "ўз шаклини сақлаб қолган", яна мазали ҳам чиққан.

Расмий хабарларга кўра, бу улкан сомсанинг "бир урвоғи ҳам исроф бўлмаган, уйсиз, эҳтиёжманд одамлар томонидан ейилиб кетган".

Масжид намояндаларининг айтишларича, "йил бўйи, айниқса, Ҳайит каби байрамлар пайтида мусулмонларнинг қанчалик сахий, қўли очиқ эканликларини кўрсатиш учун бу каби ишга қўл уришган".

Бу йилги Қурбон Ҳайитининг ўзи эса, 1 сентябрь кунига тўғри келади ва дунёнинг аксарият мусулмон давлатларида бир неча кун байрам қилинади.

Ҳайит кунларида мусулмонларнинг қурбонлик қилишлари фарз кўрилади ва бундан ташқари, ғариб-бечораларга хайр-эҳсонлар ҳам қилинади.

Гиннес Рекордлар қўмитаси бу - хайрия жамғармасининг катта ютуғи бўлганини айтган, уларни "ўз оилалари"га хуш қаршилаган.

Бундан аввалги рекорд ҳам Британиянинг ўзига, Брадфорд Коллежига тегишли.

Улар 2012 йилда оғирлиги 110.8 кг тош босувчи сомса пиширишган.

Ўзбекистонлик ошпазлар эса, 8 сентябрь куни Ўзбек паловини Гиннес рекордлар китобига киритишмоқчи.

Олти тоннадан ортиқроқ палов пишириб, жаҳон рекордини янгилашмоқчи, бунақаси бўлмаган, ҳалича бирор бир Ўзбек миллий таоми Гиннес рекордлар китобига кирмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар