БМТ Роҳинга мусулмонлари бўйича Мянма раҳбарига сўнгги имкониятни берди

400 мингдан ортиқ Роҳинга мусулмонлари Мянмадан Бангладешга қочиб ўтган Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption 400 мингдан ортиқ Роҳинга мусулмонлари Мянмадан Бангладешга қочиб ўтган

БМТ Бош котиби Мянманинг амалдаги раҳбари Аун Сан Су Чига юз минглаб Роҳинга мусулмонларини ватанни ташлаб қочишга мажбур қилган ҳарбийлар босқинини тўхтатиш учун охирги имкониятни берди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Би-би-сига айтишича, Мянма раҳбари зудлик билан ҳаракат қилмаса фожиа бундан ҳам даҳшатли тус олиши мумкин.

БМТ босқинлар этник қирғинга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Мянмар ўтган ойда қилинган полицияга ҳалокатли ҳужумларга жавоб бераётганини айтади ва ҳужумлар оддий фуқароларни нишонга олаётганини рад этади.

Полицияга жангарилар ҳужуми ортидан ҳарбийлар шимолдаги Роҳин штатида амалиётларни бошлаб юборганди.

Би-би-сига интервю берган Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, Аун Сан Су Чи сешанба куни халқига мурожаати вақтида босқинларни тўхтатиш учун сўнгги имконияти бор.

"Агар у вазиятни кескин ўзгартирмаса, фожиа бундан ҳам даҳшатли тус олади, деб ўйлайман. Ундан сўнг вазият қандай ўнгланиши мумкинлиги борасида афсуски ҳеч нарса кўрмаяпман", - дейди у.

БМТ Бош котиби Роҳинга мусулмонлари ватанига қайтиши кераклигини яна бор айтди.

Унинг айтишича, Мянмар ҳарбийларининг мамлакатда таъсири кучи ҳамон катта эканлиги кўриниб турибди. Буни Роҳин бўлгасида қилинган ишлардан ҳам кўрса бўлади.

Аун Сан Су Чи ҳарбийлар бошқарувидаги Мянма (Бирма)да кўп йиллар уй қамоғида ўтирган ва тинчлик бўйича Нобел мукофотига лойиқ деб топилган. Эндиликда у Роҳинга мусулмонлари сабаб танқидлар ёмғири остида қолмоқда.

У Нью Йоркда ўтадиган БМТнинг Бош ассамблеясида иштирок этмайди. Мянма раҳбарининг таъкидлашича, мамлакатдаги инқироз "ёлғон ахборотлар" билан бўрттирилмоқда. Вазият террористлар манфаатларини тарғиб қилувчи қалбаки хабарлар билан таранглаштирилмоқда.

БМТ Бош котибининг сўзлари Бангладеш ҳукумати Мянмадан қочган 400 мингдан ортиқ мусулмоннинг ҳаракатланишини чеклаши ҳақидаги баёнотидан сўнг янгради.

Бангладеш полицияси Роҳинга мусулмонлари уларга ажратилган бошпаналардан бошқа жойга бора олмаслигини маълум қилди. Қочқинлар ҳатто оилалари ё дўстлари билан ҳам бирлаша олмайди.

Мамлакатдаги транспорт операторлари ва ҳайдовчилардан қочқинларни ташимаслик, уй эгаларидан эса уйларини қочқинларга ижарага бермаслик сўралди.

Бангладеш ҳукумати 400 мингга яқин Роҳинга мусулмони учун Кўкс Бозор шаҳри ёнидан бошпана қуришни маълум қилди.

Таҳлилчилар, ҳукумат Роҳинга мусулмонларининг аҳоли билан аралашиб кетишига барҳам беришни ва уларни Мянмарга қайтариш ёки учинчи давлатга чиқариш учун кўринарли жойда сақлаб туришни истаётганини айтишади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ