Киевда Эрдўғон Қрим ва татарлар масаласини муҳокама қилади

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Россия Президенти Владимир Путин билан учрашганидан қарийб икки ҳафта ўтиб Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Украинага расмий сафарини бошлаган.

Экспертлар фикрича, бугун расмий Анқара можарога аралашган Россия билан Украина ўртасида мувозанатни сақлашга интилмоқда.

БМТ: Москва босқини остида Қримдаги аҳвол ёмонлашган

Қрим Татарлар Межлиси расман тўхтатилди

Украина ва Туркия президентлари маъмуриятларидан хабар қилишларича, Туркия-Украина стратегик кенгаши мажлисидаги иқтисодий ҳамкорликка доир муҳим масалалардан ташқари аннексия қилинган Қрим ва Қрим татарлари рўпара келган вазият муҳокама этилади.

"Украина билан стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш мақсадида ҳамкорликнинг яни йўллари муҳокама қилинади. Қатор ҳужжатлар имзланади. Қрим масаласи борасида фикр алмашиш билан билга Қрим татар биродарларимиз қолиб кетган аҳвол ҳам муҳокама қилинади", дейилади Туркия президенти расмий веб-сайтида эълон этилган хабарда.

Сентябр ойи охирида Анқарада Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон Россия Президенти Владимир Путинни қабул қилди.

Россия ахборот агентликлари хабар қилишларича, бу икки президентнинг 2017 йилдаги бешинчи мулоқоти бўлган. Туркия раҳбари Россияга икки марта борган.

Москва ва Киев ўртасидаги мувозанат

"Туркия ҳам Киев билан ва ҳам Москва билан алоқаларни сақлаб қолишга интилаяпти ва ўртада мувозанатни сақлашнинг уддасидан чиқаяпти. Бироқ бу мувозанат мустаҳкам эмас ва жиддий ғашга тегадиган нарсалари бор", - деб ёзган Daily Sabah нашри. Ғашга тегадиган жиҳат сифатида Қрим тилга олинган.

Daily Sabah таъкидлашича, Туркия ҳарбий соҳада ҳам Россия билан ва ҳам Украина билан муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда. Гарчи икки мамлакат конфликт ҳолатида бўлсалар ҳам.

"Шўро замонидан Украина ҳарбий-саноат мажмуаси ракета соҳасида салмоқли ресурсларга эга. Двигатель ва радарлар ишлаб чиқаради, булар эса айнан Туркияга керак нарсалардир. Яна бошқа тарафдан Киев НАТОга кириш йўлини танлаган, бу йўлда Анқара ўз тажрибаси билан билан бўлашиши мумкин", дейди туркиялик ҳарбий эксперт Турон Ўғуз Daily Sabah нашрига.

Фото муаллифлик ҳуқуқи president.gov.ua
Image caption Украина Президенти Пётр Порошенко ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон 21 сентябрда Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси сессияси пайтида учрашган эдилар

"Шу билан бирга Киевнинг минтақадаги асосий душмани Москва билан ҳам Анқаранинг муносабатлари мустаҳкам ривожланиб бормоқда. Булар - иқтисодиёт, саноатдаги қўшма лойиҳалар ва ҳарбий соҳалардир. Бу уч томонлама муносабатда Қримдаги вазият энг чигали бўлиб қолмоқда", - деб ёзади Daily Sabah.

Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази директори Игорь Семиволос қайд этишича, Туркия президентининг Украинага расмий визити, Туркия-Россия контактларига қарамасдан, Анқара учун Киев билан яқин муносабатда бўлиш муҳимлигини намойиш этиш йўлидир.

"Украина Россия таъсир кўрсатолмайдиган муносабатларни яратишга муваффақ бўлган. Киев учун Россия иштирокидаги учбурчакдан чиқиш муҳим эди ва Киев шундай қила олди", - дейди Игорь Семиволос Би-би-си Украина хизмати билан суҳбатда.

Қрим ва Туркия

Анқара Украина суверенитетини қўллаб-қувватлашини бир неча марта эълон қилган.

"Буни Турклар доим қилишади, Украина ҳудудий яхлитлигини тасдиқлайдилар ва дастаклашларини эълон қиладилар. Киевда Ражаб Тойиб Эрдўғон Қрим татарлари таъқиб этилаётганлари конкрет мисоллари ҳақида гапириб ўтирмаса керак, ҳойнаҳой, тубжой аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадидаги баёнот қилинади", - деб айтган Игорь Семиволос.

1 октябрдаги чиқишида Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон Қрим татарларинин қариндошлиги ва уларни дастаклаш лозимлиги ҳақида айтди.

"Биз қандай қилиб Ямандаги ҳодисаларни инкор қила оламиз? Қандай қилиб биз ҳар қадамида аждодларимиз излари учрайдиган Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонни "бошқа" деб ҳисоблай оламиз? Қандай қилиб биз Ракхайнда, Туркистонда ва Қримда таъқиб этилаётганлардан юз ўгироламиз?", - деб айтган Туркия президенти.

Қрим татарлари лидери Мустафо Жамил Қримўғли шу йил июлида Анқарада Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон билан учрашган эди.

Қрим Татарлари Межлиси матбуот хизмати хабар қилишича, ўша учрашувда Туркия раҳбари "Қрим татар халқини сўзсиз қўллаб-қувватлашга" ва "Украинанинг ҳудудий яхлитлигини халқаро эътироф этилган чегаралар доирасида тан олиш борасидаги ўзларининг мавқеси ўзгармас экани"га сўз берган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ