Эрон ва Ироқдаги зилзила юзлаб одамларни ўлдирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Талафотларнинг аксари Эроннинг ғарбидаги Керманшоҳ вилоятида юз берди.

Эрон ва Ироқ ўртасидаги шимолий чегарада юз берган 7,3 балли зилзила камида 335 одамни ўлдирди ва минглаб одамларга жароҳат етказди.

Эрондаги бир хабар агентлигига кўра, 70 минг одам бошпанасиз қолди.

Зилзила маркази Ироқнинг Эрон билан чегарасига яқин Ҳалабжа шаҳрида маҳаллий соат билан 21:18да юз берди.

Видеони BBC O'zbekнинг YouTube каналида томоша қилинг - Эрондаги ўзбек муҳожири билан суҳбат.

Унинг чуқурлиги 23,2 километр бўлиб, таъсири Туркия, Исроил ва Қувайтда ҳам сезилди.

Талафотларнинг аксари Эроннинг ғарбидаги Керманшоҳ вилоятида юз берган. У ерда жароҳат олганлар сони 4 мингдан кўп.

Ироқда ҳалок бўлганлар сони 7 кишидир. Пойтахт Бағдодда одамлар кўчаларга югуриб чиққанлар.

"Болаларим билан кечки овқатни еб ўтиргандик, тўсатда бино ҳавода рақс туша бошлади", - деб айтган бағдодлик уч фарзанд онаси Мажида Амир Рейтерсга.

"Аввалига кучли бомба портлади деб ўйладим. Кейин ҳамма "Зилзила!" дея қичқира бошлаганини эшитдим", - деди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бу Эронда бу йил юз берган энг кучли зилзиладир.

Эроннинг Ирна давлат хабар агентлигига кўра, Эроннинг ўзида 3,950 одам жароҳат олган.

Қурбонларнинг аксари Ироқ чегарасидан 15 чақирим узоқликдаги Сарпули Заҳаб шаҳрида бўлганлар.

Шаҳардаги бош шифохона қаттиқ шикаст ейиши ортидан яраланган одамларга тиббий ёрдам кўрсатиш қийинлашган.

Тоғли ҳудудлардаги аксар уйлар лойдан қилинган бўлиб, кучли ер қимирлашига бардош бера олмади.

Эрон Қизил ярим ой ташкилоти раҳбари Муртазо Салимга кўра, камида саккизта қишлоқда вайронагарчиликлар қайд қилинди.

"Яна бошқа қишлоқларда электр таъминоти узилган, телефон линияларига ҳам шикаст етган", - дейди у.

Қутқарувчилар жамоаларининг ишига ер кўчиши ҳоллари тўсқинлик қилмоқда.

Ироқ томонида эса энг кўп зарар Курдистон ҳудудидаги Дарбандихон шаҳрида қайд қилинди.

Ироқ соғлиқни сақлаш вазирлиги Курдистонда 321 киши жароҳат олганини хабар қилди.

Алоқадор мавзулар