"Учувчилар Шимолий Корея ракетасини кўрган"

Ракета осмонга кўтарилиши Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/KCNA

Cathay Pacific авиакомпанияси самолётининг экипажи аъзолари Шимолий Корея ракетаси портлаганини кўрган.

29 ноябрь куни Шимолий Корея ўзининг янги минтақалараро баллистик ракетаси синовини ўтказган ва бу ракетаси АҚШ ҳудудигача етиб бора олиши ҳақида эълон қилди.

Шимолий Кореядан Япония тарафга қараб отилган ракета денгиз устида 500 километрча масофани босиб ўтган ва Япония соҳилларига етмасдан ҳавода портлаган.

Би-би-си билан суҳбатда Cathay Pacific ширкати ўз самолёти Япония устида парвоз қилиб бораётган пайти экипаж аъзолари ракета атмосфера ҳудудига кириб портлаганининг гувоҳи бўлгани ҳақидаги хабарни тасдиқлаганлар.

Шундан сўнг Гонконг авиакомпанияси ўз ходимларини огоҳлантирган.

Ҳозирча Cathay Pacific ўз учоқлари парвози йўналишини ўзгартирмаган.

Шимолий Корея ракетаси синовини Сеулдан АҚШга қараб парвоз қилаётган Жанубий Кореянинг икки самолёти экипажи аъзолари ҳам кўрган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ракета йўловчи самолётига бориб урилиши эҳтимоли жуда паст бўлса-да, барибир таҳдид бор.

Шимолий Корея бу ракетасини "энг қудратли" ракетаси деб таърифлаган.

Бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Шимолий Корея ўз ракета синовлари ҳақида олдиндан огоҳлантирмайди.

Отилган ракета одатий йўловчи самолётларининг парвоз йўналишига ҳам тўғри келиб қолиши мумкин.

Мухбирларнинг ёзишларича, Шимолий Кореяда халқаро фуқаро авиациясининг парвозлар ҳақидаги маълумотлари бор ва ҳар қандай ракетасини синовдан ўтқазишдан олдин ён-атрофда учоқ бор-йўқлигини ўрганиш имкониятига эга.

Ракета йўловчи самолётига бориб урилиши эҳтимоли жуда паст бўлса-да, авиаширкатлар Шимолий Корея ракета синови билан ҳисоблашишга мажбур бўлмоқда.

Шу йил август ойида Франциянинг Air France авиакомпанияси бир самолёти Шимолий Корея ракетаси отиладиган ҳудудга яқин бориб қолгани учун ўша ҳудудда ўз учоқларининг парвозини тақиқлади.

Ракета синови АҚШ билан Шимолий Корея ўртасидаги тарангликни янада оширди.

4 декабрь куни АҚШ ва Жанубий Корея Шимолий Кореяга яқин ҳудудда ҳарбий ҳаво ўқув машғулотларини бошлади, бу машғулотлар Шимолий Кореянинг янада ғазаблантирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ