"Россияда ишлаган ўғлимни 18 кишига туҳмат қилишга мажбурлашди"

Фаррух Арзиев 18 кишига қарши ёлғон кўрсатма беришга мажбурлангани айтилмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи ok.ru
Image caption Фаррух Арзиев 18 кишига қарши ёлғон кўрсатма беришга мажбурлангани айтилмоқда

Бир йилдан ошиқ вақт давомида 18 кишига қарши ёлғон кўрсатмалар беришга мажбурлангани айтилаётган Фаррух Арзиев ҳамон қўрқувда яшамоқда. Ёлғон кўрсатмалар беришга мажбур бўлган Россиядаги танишлари орасида ўз акаси Ҳасан Арзиев ҳам бор.

Янги уйланган навоийлик Фаррух Арзиев 2015 йилнинг ноябр ойида "майда безорилик" учун 10 кунга қамалади. Онасининг айтишича, бу кунлар ичида Навоий шаҳар тергов изоляторида даҳшатли қийноқлар ва таҳдидларга учраган Фаррух махсус хизматларнинг бошқаларга қарши кўрсатма бериш шартига рози бўлади.

Материални Би-би-си Ўзбек хизматининг YouTube даги каналида тингланг

Яқинларининг айтишича, Фаррух Арзиев Санкт Петербург шаҳрида бирга ишлашган ёки маълум муддат бирга яшаган 18 ватандошига нисбатан, уларни терроризмда айбловчи ёлғон кўрсатма беришга мажбурланган.

Онаси Инобат Арзиеванинг айтишича, ҳибсдан чиққан ўғлининг пешобидан қон кела бошлайди. Бироқ уни даволата олишмайди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Тергов давомида майиб қилинган фарзанднинг онаси Мирзиёевга мурожаат қилди

"Нима қилди, сенга улар десам, ҳа бир аёлга гап отиб қолувдим, дейди-да қўрқувдан уйдан чиқмайди. Қўрқади, эшик, деразага қараб қалтирай бошлайди. Кейин ўғлимнинг ичидан қон кета бошлади. Сўнг ўғлимни дўхтирга олиб бордим. Дўхтирхонанинг дарвозасидан кирмасимиздан телефони жиринглади. Ўғлим телефонини ушлаб, кетдик, кетдик, деб бизни ҳам олиб кетдик, деб туриб олди. Бизни уйга қўйиб, ўзи чиқиб кетди. Улар чақирган экан. Мен билмаганман, ўғлим яширган. Ота-онанг, ҳеч кимга айтмайсан дейишган. Ана шу 10 суткада ўғлимга жуда азоб беришган", дейди Инобат Арзиева.

Инобат Арзиевага кўра, ўғли илк ушланган 10 кун ичида қандай қийноқларга тутилгани ва туҳмат қилишга мажбур бўлганини фақат 2016 йилнинг сентябр ойида айтади.

Унгача ҳафтада 2-3 марта ёлғон кўрсатма беришга чақирилиб турилган Фаррух Арзиев икки марта ўзини осади. Ҳар сафар уни уйдагилар қутқариб қолишган.

2016 йилнинг сентябр ойида уларнинг уйида Навоий ички ишлар бошқармаси ходимлари тинтув ўтказади ва Фаррухнинг Россияда ишлаб юрган акаси Ҳасан Арзиев қидирувга берилганини айтишади.

"Уйимизни тинтув қилганидан кейин кичик ўғлим йиғлаб айтди. Бу орада ўғлим феврал, июл ойларида ўзини осди. Кейин сентябр ойида уйим тинтув бўлганда яна бир марта осди. Кейин ўғлимга айтдим, сен ўзингни осиб ўлдирарсан, лекин менга нима бўлаётганин айт. Онажон, мен ўша 11 куннинг ичида еган азобимни еб бўлдим. Мени ичкарида мажбурлаб урдилар, электрошок ишлатишди. Ваҳшиёна муносабатда бўлишди. Жинсий аъзойимга сув солинган баклашга осишди. Шунинг учун ўша вақти қон сия бошлагандим. Уч сутка ялонғоч қилиб, баклашга осиб турғазиб қўйишди. 5 кунлик гулдай хотининг, онанг ва сингилларингни олиб келиб, кўз олдингда хоҳлаган ишимизни қиламиз деган", - дейди Инобат Арзиева.

Қийноқлар ва таҳдидларга чидай олмаган Фаррух уларнинг айтганига рози бўлган. Онасининг айтишича, аввалига унга 20 та оқ қоғозга қўл қўйдириб олишган. Кейин айтиб туриб ёздиришган.

Туҳмат қилдирган кишилар ичида ўзининг туғишган акаси Ҳасан Арзиев ҳам бор. Ўзбекистон қонунларидаги шахснинг ўз яқинларига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқи бузилган.

Онаси бохабар бўлганидан кейин ҳам Навоий Ички ишлар бошқармаси Фаррухнинг паспортларини олиб қўйиб уни кўрсатма беришга мажбурлайверган.

Бу орада эрининг ўзини осиб қўявериши ва руҳий ҳолатидан сиқилган келинчаги Ирода Жўраеванинг икки марта 4 ойлик ва 1,5 ойлик ҳомиласи тушиб қолгани айтилмоқда.

2017 йилнинг феврал ойида Инобат Арзиева бу иш ортиқ давом этмаслигини айтади ва Ўзбекистон сенати, Олий мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича - Омбдусманига, Президент Шавкат Мирзиёевнинг девонхонаси, Бош прокуратурага шикоят билан мурожаат қилади.

Мурожаатлар кўриб чиқилсин тамғаси остида Навоий вилоятига юборилаверган.

"Хатни кўриб чиқилсин деб Навоийдаги ички ишлар бўлимига юборишяпти. Булар эса мени чақиришяпти. Фармонов Мақсуд деган терговчи телефонларимни олдиртириб, ҳамма нарсани эшикни олдига ташлаб, хонасига чақиртириб айтаяпти. Сизнинг ўғлингиз яхшилик билмаскан, мен унга яхшилик қилиб қўйиб юборгандим. Бу ўғлингизга ҳам дело очиб тиқаман, деб айтди", дейди Инобат Арзиева.

Фаррух Арзиев кўрсатмалари қийноқлар остида бўлганлигини айтиб мурожаат қилганидан сўнг, Навоий ички ишлар бошқармаси ходимлари уни излаб уйига келишган. Топиб бер, деб онасига босим ўтказган. Нима учун шикоят қилганини айтишган. Инобат Арзиева ўғлини уч ой бошқа шаҳарда яшириб туришга мажбур бўлганини айтади.

Фаррух Арзиевнинг ёлғон кўрсатма беришга мажбурлангани ҳақида ариза ёзиши натижасида уни туҳмат қилишга мажбурлашган 18 кишидан 12 таси қамоқ жазосидан қутилиб қолади.

Кўрсатма асосида терроризм ва экстремизмда айбланган Россияда ишлаб юрган Тошкент, Самарқанд ва Навоий вилоятидан бўлган мигрантлар Ўзбекистонга қайтгач узоғи билан бир ой қамоқда ўтириб ёки 3 куннинг ичида озод қилинган.

Лекин айблов кўрсатмалари қийноқлар остида берилгани айтилганига қарамасдан ва ишда номи кечган гувоҳларнинг судда берган кўрсатмаларига қарамасдан акаси Ҳасан Арзиев ва яна 3 киши 6 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

18 кишидан 12 тасининг озодликка чиқарилгани ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ушбу иш ноқонуний бўлган деган хулосага келинмаган.

Қийноқ эвазига олинган ёлғон гувоҳларга таянган терговчилар жавобгарликка тортилмаган.

Би-би-си изоҳ олиш учун Бош прокуратуранинг матбуот котиби Гулноза Раҳимова билан боғланди. У иш Бош прокуратура томонидан кўриб чиқилаётганини билдирди.

Фаррух Арзиевга ҳам ўзининг кўрсатмалари асосида Жиноят кодексининг 241 ва 244 моддалари бўйича жиноий иш очишган. Бироқ Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллиги муносабати билан чиқарилган амнистия туфайли қамоққа олинмайди.

Инобат Арзиева ўғлининг мана шу босимлар остида ўз жонига қасд қилиш учун бир неча маротаба уринганини айтади. Фаррух Арзиев ҳамон психологик босимлардан халос бўлмаган.

"Ўғлим ўшандан кейин ўзини осди. Психологиясига ёмон таъсир қилган. Ўғлим ҳозир сал гапга йиғлаб юборади. Ўзини қандай тутишни билмайди. Қўрқувда юради. Уйдан чиқмайди. Ўғлимни қандай қилишимни билмайман. Келажагини ўйлайман", дейди Инобат Арзиева.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар