Эрондаги намойишларда 10 киши қурбон бўлди

Ҳукуматнинг огоҳлантиришларига қарамасдан тартибсизликларнинг олдини олиб бўлмади Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳукуматнинг огоҳлантиришларига қарамасдан тартибсизликларнинг олдини олиб бўлмади

Эронда давом этаётган ҳукуматга қарши намойишларда бир сутканинг ичида 10 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда марказий давлат телеканали маълум қилди.

Эрон матбуоти одамларнинг қаерда ва қачон ўлганига аниқлик киритмаган. Олдинроқ 6 кишининг, жумладан Изадаги 2 кишининг қурбон бўлгани ҳақида хабар келган эди.

Мамлакатда давом этаётган кўча намойишлари бошланганидан бери камида 12 киши ҳалок бўлган.

Президент Ҳасан Руҳонийнинг якшанба кунги чиқишига қарамасдан норозиликлар янги йил кечасида ҳам давом этди.

Ҳасан Руҳоний ўз чиқишида намойишлар давомида зўравонликларга йўл қўйилмаслигини маълум қилди. Шу билан бирга Президент мамлакат иқтисодида жиддий муаммолар борлиги ва коррупция илдиз отганини ҳам эътироф этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сўнгги бир неча кун ичида Эронда 400 атрофида одам ҳибсга олинди

"Фуқаролар ҳукуматга нисбатан танқидларини билдиришда ёки намойиш ўтказишда мутлоқ эркин. Бироқ бу йўллар мамлакатдаги вазиятни яхшилашга олиб келиши керак", деган у.

Лекин зўравонликлардан қочиб бўлмади. Полиция Теҳрондаги Инқилоб майдонидан оммани кўздан ёш чиқарувчи газ ва сув пуркагичлар билан ҳайдади. Шунингдек, Керманшох, Ҳуррамобод, Шохиншаҳр ва Занжони шаҳарларида ҳам йирик намойишлар бўлиб ўтган.

Машҳаддаги пайшанба куни бўлган намойишлар 2009 йили бўлган "Яшил ҳаракат" чиқишларидан сўнг энг йириги деб топилди.

Ҳукумат намойишларга қандай муносабатда бўлди?

Ҳасан Руҳоний ўз чиқишида ҳукумат жамоат мулкини вайрон қилаётганлар, жамоат тартибини бузаётганлар ва тартибсизликларга чақираётганларга тоқат қилмаслигини айтди.

Ислом инқилоби гвардиячилари корпуси намойишчиларни агар тартибсизликлар давом этса, улар "темир мушт" билан қаршилашишга тўғри келиши билан огоҳлантириб чиқди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний намойишчиларни тартибни сақлашга чақирди

Сўнгги кунларда тахминан 400 одам ҳибсга олинди. Уларнинг 200 нафари душанбага ўтар кечаси Теҳронда ушланган.

Ҳукумат ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларни блоклашда давом этмоқда. Telegram ва Instagram даги кўплаб аккаунтлар намойишларни ташкиллаштиришда айбланиб ёпиб қўйилди.

Франс-пресс агентлигининг хабар беришича, давлат телевидениеси митинглардан кадрларни намойиш қилмоқда. Бироқ урғуни банкларга ҳужум қилаётган ёки Эрон байроғини ёқаётган ёшларга қаратмоқда.

Руҳоний Дональд Трамп ҳақида нима деди?

Эрон Президенти АҚШ Президенти Дональд Трампни "бошдан оёқ Эрон халқининг душмани" деб атади. Ундан олдин Трамп "эронликлар уларнинг пули ва бойлиги ўғирланаётгани ва терроризмга сарфланаётганини билиб қолишди" деганди.

Трамп 31 декабр куни Twitter даги саҳифасида Эронни терроризмни қўллаб-қувватлайдиган биринчи рақамли давлат эканлигини ёзди. У Эрон ҳукуматини норозилик акцияларина қарши курашиши мақсадида интернетни тўсиб қўйишда айблади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002

Алоқадор мавзулар