Машҳур актриса эркакларнинг аёлларга тегажоқлик қилишини ёқлаб чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи PIERRE GUILLAUD/Getty Images
Image caption Кэтрин Денёв

Франциянинг машҳур актрисаси Кэтрин Денёв эркакларнинг аёлларга "тегажоқлик қилиш ҳуқуқига эга бўлиши" лозимлигини айтди.

Эркакларнинг хотин-қизларга гап отиши, тегажоқлик қилишини оқлаган ҳолда очиқ хат билан чиққан франциялик таниқли аёлларнинг сони 100 нафар экан.

Улар бугунги кунда эркакларнинг жинсий тегажоқлиги, зўрлаш ҳолатлари юзасидан пайдо бўлган ҳолатни янги "пуританлик" деб аташган.

Машҳур продюсер Ҳарви Вайншнтейн бир неча аёлларга жинсий тегажоқлик қилгани ва зўрлаганига доир даъволар ўртага чиқар экан, халқаро миқёсда хотин-қизлар ҳуқуқлари яна бир бор кун тартибига кўтарилди.

Эркакларнинг бу каби оммавий "ёмонотлиқ қилинишини" Кэтрин Денёв қоралайди.

Вайнштейн эса бирор аёл билан унинг розилигисиз жинсий алоқада бўлмаганини айтган.

Аммо у ўзининг ҳаракатлари "кўпларга озор берганини" тан олганди.

Франциянинг таниқли аёл ёзувчилари, санъаткор ва олималари ёзган очиқ хатни Le Monde нашр қилган.

"Эркакларни сўраб-суриштирмасдан жазолашди, ишларидан қувишди ва уларнинг бор айблари...кимнидир тиззасини ушлашга ҳаракат қилгани ёки ўпмоқчи бўлганидир", дейилади мактубда.

"Жинсий зўравонлик жиноятдир, аммо кимгадир ўзини ёқтириш учун ҳаракат қилиш, айрим ҳолатларда жентелменлик қилиш айб эмас".

Мактуб муаллифларига кўра, эркакларнинг жинсий зўравонликлари ҳақида гапириш қанчалар шарт ва қонуний бўлмасин, уларни мунтазам айблайверишга тоқат қилиб бўлмайди.

Муаллифларнинг ишонишича, бу каби кампания аслида хотин-қизларни ожиз, бечора ва жабрдийда қилиб кўрсатмоқда.

"Биз аёл ўлароқ бу каби феминизмни эътироф этмаймиз. Чунки бу нафақат қудратни суистеъмон қилаётганларга қарши туриш, балки эркаклар ва жинсга нисбатан нафратни шакллантирмоқда".

Денёв хоним эркакларнинг тегажоқлигига қарши медиа кампанияга қаршилигини яширмайди.

Яқинда дунё бўйлаб ижтимоий тармоқларда жинсий тегажоқликка қарши #MeToo кампанияси бўлиб ўтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002