Трампломатия: Трамп дунёни хатарлироқ қилдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Кимнинг тугмачаси катта?

Трамп "Аввал Америка" деган шиорини ўртага отиши ва дунёни қора бўёқларда тасвирлашга зўр бериши АҚШ иттифоқчиларини хавотирга солди, душманларини эса ажаблантирди.

Аммо Доналд Трамп дунёни хатарлироқ қилдими?

Аслида нималар бўлганига яқиндан эътибор берилса, бу саволга "йўқ" деб жавоб бериш мумкин.

Президент Трамп Twitter ёзишмалари билан одамларни қўрқитишга муваффақ бўлди.

Аммо у ҳеч қандай янги уруш бошлагани йўқ, аслида собиқ президент Обамадан қолган йўриқномага амал қилмоқда.

Трамп оғзига эрк берганини рад этди

Трамп: "Саммитда Путин ва мен яхши гаплашдик"

Трамп Шимолий Кореяни огоҳлантирди

Яъни, бу таъбир жоиз бўлса, шиша идишларни шарақлатса ҳам уларни синдирмади.

Лекин бу авваллари мисли кўрилмаган президент дунёни глобал инқироз ёқасига келтириб қўйдими?

Яқин Шарқ - ИШИД устидан ғалаба

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Озод Палмира

Трамп президент бўлганидан бери ИШИД Ироқ ва Сурияда деярли мавҳ қилинди.

ИШИД ўз қолдиқларини дунёнинг бошқа ўлкаларига тарқатишга улгурди, ўз номини экстремист жангариларни руҳлантирувчи омил ўлароқ сақлаб қолди.

Аммо ИШИДнинг жон томирига берилган зарба унинг хавфини кескин озайтирди.

Албатта, айримлар Трамп аслида Обама бошлаган ишни давом эттирди, дейишлари мумкин.

Энди эса Обаманинг ютуқларини ўзиники қилиб кўрсатмоқда...

Лекин айнан Трамп Америка қўмондонларига кўпроқ мустақиллик ва салоҳият берди.

Бу эса ҳар иккала президент билан ишлаган Бретт Макгўркга кўра, "жиддий равишда вазиятни ўзгартирди".

Нима бўлганда ҳам ИШИД Трамп даврида йўқ қилинди ва бу унинг ташқи сиёсатдаги йирик муваффақиятидир.

Баҳо: Муваффақият

Яқин Шарқ беқарорлиги -Эрон

Бундан бир йил аввал Америка ва яна дунёнинг йирик беш давлати Эрон ядровий дастурини жиловлайдиган шартномага эришишди.

Бу шартнома иш бермоқда, аммо Трампга кўра, "шартнома хатоларини тузатиш керак".

У агар Европа давлатлари айни шартномани қайта кўриб чиқишга рози бўлишмаса, бу келишувда АҚШ чиқиб кетади, деб пўписа қилмоқда.

Трамп Эроннинг ядровий дастурига чекловларини доимий қилиш тарафдоридир.

У ядровий қуроллар дастурини чеклаш билан бирга шартномадан "тушиб қолган" бошқа масалаларни ҳам киритишни истайди.

Эрон Трамп назарида минтақадаги жангариларни қўллаб-қувватлаш билан АҚШ иттифоқчиларига хавф солмоқда.

Бу масалалар кўтарилишига европаликлар қарши эмас, аммо ядровий дастурга доир шартномага бундан зарар етмаслиги лозим.

Минтақада янги уруш дунё учун қимматга тушиши мумкин.

Баҳо: Хатарли

Ядро уруши эшик қоқмоқдами?

Яна бир масала...Шимолий Корея билан боғлиқ.

Шимолий Корея раҳбари минтақа ва дунёдаги вазиятни қалтислаштираётгани бор гап.

Аммо Трамп ҳам вазиятни барқарорлаштирмаяпти...

У ўта кескин чиқишлари билан Шимолий Кореянинг қалтис режимини "қўзитиб" қўйиши, тасодиф билан бўлса ҳам...ядро уруши бошланишига сабаб бўлиши мумкин.

Баҳо: Хатар

Совуқ урушга қайтиш

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Путин ва Трамп дўстларми ё рақиблар?

Клинтон даврида Мудофаа вазири бўлиб ишлаган Уилям Перрига кўра, Совуқ уруш аллақачон эшик қоқмоқда.

"АҚШ ва Россия бир-бири билан душманона муносабатда бўлаётир ва бу Совуқ уруш давридаги геосиёсий хатарларни ўртага чиқармоқда".

Бу фақат Трампнинг айби эмас.

Обама даврида Россия президенти Украина ички ишларига аралашиб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни совуқлаштириб қўйганди.

Трамп Путин билан гаплашишни истайди, эҳтимолки, жуда ҳам истайди, яъни ортиқча бир равишда истайди...

Аммо бунинг имкони йўқ.

Чунки Россия Трампнинг сайловолди кампаниясига аралашган деган даъволар Вашингтон сиёсий саҳнасидаги фазони заҳарлаб қўйган.

Қанчалар ажабланарли бўлмасин, АҚШ-Россия муносабатлари Обама давридагидан ҳам ёмонроқ ҳолатдадир...

Баҳо: Безовталик

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери ила боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek