Хорватия: Гей никоҳлар ҳақида болалар китоби чоп этилди

Image caption Зринка Знидарчич икки яшар ўғли учун янги суратли китоб сотиб олди ва китоб борасидаги ҳаяжонини зўрға яширмоқда

Зринка Знидарчич икки яшар ўғли учун янги суратли китоб сотиб олди ва китоб борасидаги ҳаяжонини зўрға яширмоқда.

«Ўғлим китобни қувонч билан қабул қилди,» дейди у. «Китобни қўлга олган пайтда илк айтган сўзлари 'бу жуда ҳам таниш' бўлди.»

Бугунги мубоҳасага сабаб бўлган китоб номи эса «Менинг камалакранг оилам»дир. Бир қарашда мазкур китоб мактабгача ёшдаги болалар учун мўлжалланган бошқа нашрлардан деярли фарқ қилмайди - саҳифалари рангли суратлар билан тўла ва матн нисбати кам.

Бироқ китобни қўлга олган ўқувчи қисқа вақт ичида унинг фарқли эканлигини англайди. Китобни бошидан ҳам охиридан ҳам ўқиш мумкин - ҳар икки томондан бошланган икки турли ҳикоя китоб ўртасига келганда бирлашиб кетади.

Китоб қаҳрамонлари ҳам ўзига хос: икки отаси бор қизалоқ, икки она тарбиясини олаётган болакай.

«Менинг камалакранг оилам» Хорватияда бир жинсли ота-оналар бошчилигидаги оилалар ҳаётидан ҳикоя қилувчи илк болалар китобидир. 2014-йилдан буён бошқа бир аёл билан эр-хотиндек яшаб келаётган Зринка каби инсонлар учун бу китоб улар ҳаётини акс эттирувчи қадрли кўзгудир.

«Биз жуда мамнунмиз,» дейди Зринка. «Патрик эртак китобларни ўзи танлайди. Бу китоб қўлига тушган замоноқ унинг икки ёки учтадан ортмайдиган севимли китоблари орасидан жой олди. Китобдаги ҳикояларни унга тушунтиришга ҳаракат ҳам қилмадик - ҳаммасини ўзи тушуниб олди. У доимо ъмен ҳақимда, оилам ҳақида ҳикоя қилувчи китоб ўқишни хоҳлайман,' дейди.»

«Менинг камалакранг оилам»нинг чоп этилиши Зринка ва унинг оиласига қувонч олиб келгандир, лекин Католик Черкови қўлловини олган консерватив қарашдаги ташкилотлар уни ўзлари ҳақ деб ҳисобловчи жамият тартибларига тўғридан-тўғри таҳдид сифатида баҳолайдилар. Бундан беш йил муқаддам бундай ташкилотлар ўша пайтдаги ҳукуматнинг бир жинсли никоҳни легаллаштириш борасидаги режаларини референдум ташкил қилиш йўли орқали йўққа чиқаришга эришган эдилар. Эндиликда улар ушбу болалар китобини нишонга олмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MY RAINBOW FAMILY

Vigilare номли бир ташкилот ўз миссиясини «фарзандларни вояга етказадиган эркак ва аёл ўртасидаги никоҳнинг асл (табиий) ўзлигини тарғиб этиш» билан ифодалайди.

Мазкур ташкилот «Менинг камалакранг оилам»ни «ҳомосексуал пропаганда» деб ҳисоблайди ва таълим вазирини китобни мактабларда тақиқлашга ундамоқда. Vigilare интервью ташкил қилиш учун юборилган такрорий сўровларни жавобсиз қолдирди.

38 ёшли гей доктор Ирландиянинг бош вазири бўлди

Загребдаги Ривожланиш ва Халқаро Муносабатлар Институтидан Сенада Село-Сабич Хорватия беш йил олдин Европа Иттифоқига қўшилганидан буён консерватив кучларнинг қайта фаоллашганлигини қайд этади.

«Хорватия ЕИга қўшилиш жараёни чоғида хатога йўл қўйди - биз ушбу йўлга қарши бўлган ҳар бир шахс овозини бўғдик ва маргиналлаштирдик. Сиёсий партиялар Хорватиянинг ўта либерал, тараққийпарвар ва эгалитариан имиджини яратишди. Аслида эса, бу имидж танганинг бир томони эди, холос.»

Миллатчиликнинг кучайиши

Бир жинсли ота-оналар ҳаёти тасвирланган эртак китобга қаршилик ижтимоий инқироз аломатларидан бири, холос. Мамлакатда кескин миллатчилик кайфияти ҳам ошиб бормоқда ва, ҳатто, Ҳолокауст воқеаларини инкор қилишга қаратилган қатор ҳаракатлар ҳам қайд этилган.

Бир мунча вақт олдин фашистча шиор туширилган тахтача Ясеновач консентрацион лагери ўрнида барпо қилинган ёдгорлик яқинига ўрнатиб кетилган эди. Маҳаллий ҳокимият уни олиб ташлаш учун деярли бир йил сарфлади.

Ҳозирги вазиятни «таҳликали вақт,» деб тасвирлайди Сенада Село-Сабич.

«Ҳозирги ҳолат узоқ вақтли сиқувдан сўнг эркин нафас ола бошлаган консерватизмнинг вақтинчалик зўрайиши холос ва бу фаоллик яқин келажакда сўнади, деб умид қиламан. Акс ҳолда, биз тамоммиз.»

Бироқ китоб нашриётчиси некбинликни афзал билади. Бир жинсли оилаларни қўллаб-қувватловчи «Хорватия Камалакранг Оилалари» гуруҳи асосчиларидан бири Даниел Мартинович сўзларига кўра, китоб юзасидан ижобий фикр билдириш фақат озчилик гуруҳлар билан чекланиб қолмаган.

Эҳтимол бу китоб бизга ўзгариш учун умид қилиш имконини берар

Даниел Мартинович, «Хорватия Камалакранг Оилалари» асосчиларидан бири

«Аввалига, асосан, ўзимиз, дўстларимиз ва тарафдорларимиз учун мўлжаллаб, китобни атиги 500 ададда чоп этдик. Бироқ китоб теварагидаги мунозаралар тобора жамият ичида авж олиб борар экан, кўплаб ота-оналар бизга мурожаат қила бошлади. Улар 'бизнинг ЛГБТга алоқамиз йўқ, лекин биз китобингизни болаларимизга кўрсатиб, тенглик, бағрикенглик ва турфа-хиллик мавзуларини муҳокама қилиш истагидамиз,' дер эдилар.»

«Эҳтимол бу китоб бизга ўзгариш - янада бағрикенгроқ жамият сари интилиш - учун умид қилиш имконини берар.»

Фото муаллифлик ҳуқуқи MY RAINBOW FAMILY
Image caption «Менинг камалакранг оилам»

Таълим вазирининг ушбу ҳолатга муносабати ҳам жаноб Мартиновичнинг анъанавий турмуш тарзи тарафдорлари бўлмиш Католик гуруҳлар қанчалик шовқин-сурон кўтармасин, улар фикр билдиришдан тийилиб туришни маъқул кўрувчи аксарият кайфиятини тўла намоён қилмаслиги ҳақидаги қарашларида жон борлигини кўрсатади.

Блазенка Дивжак Vigilare'дан келган очиқ даъват хатини рад этгани ҳақида сўзлаб, болалар «Менинг камалакранг оилам»ни ўқиш ёки ўқимаслигини ҳал қилишга ота-оналаргина ҳақли эканлигини таъкидлайди.

Ҳозирги вазиятни 1980-йилларда Буюк Британияда бўлган воқеалар билан қиёслаб кўрсак. Маргарет Тетчер ҳукуматида таълим вазири бўлган Кеннет Бейкер ҳам мамлакатда илк бор бир жинсли никоҳни тасвирловчи болалар китобининг чоп этилишига қарши чиққан эди. Бейкер «Женни Эрик ва Мартин билан яшайди» деб номланувчи ўша китобни 'беадаб ҳомосексуал пропаганда' сифатида кўрсатган эди. Балки ушбу тавсиф 30 йилдан сўнг Vigilare учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилган бўлса ажаб эмас.

Ҳозирда бу масалага нисбатан муносабатлар Британияда ўзгарган. Шунингдек, Зринка Знидарчич ҳам Хорватияда жадаллашиб бораётган очиқлик бир кун ўз мевасини бериши, «Менинг камалакранг оилам» эса бир жинсли никоҳга нисбатан билдириладиган салбий муносабатларни камайтиришда роль ўйнашидан умидвор.

«Одамлар менинг рафиқам ва оилам борлигидан хабар топишганда менга нисбатан хеч қандай салбий муносабат билдиришмаган,» дейди Зринка.

«Одамлар фикрини ўзгартиришнинг энг яхши йўли онгни ривожлантириш, уларга биз билан учрашиш ва биз билан оддий шахслардек алоқага киришларига имкон беришдир.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek