Туркия ҳарбийлари Сурия тупроқларига кирди

флаг турции Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркия ҳарбийлари Сурия шимолидаги курдларга қарши қуруқликдан амалиётлар бошлаганини маълум қилди. Амалиётлар ҳаво ҳужумларидан бир кун ўтиб амалга ошмоқда. Курдлар ҳужумларни қайтаришга муваффақ бўлганини айтмоқда.

Туркия ҳукуматининг айтишича, қўшинлар Туркиянинг Гулбобо қишлоғидан Сурия чегараларига ўтган ва Африн шаҳрига кириб борган. Жанглар "Зайтун новдаси" номли ҳарбий амалиёт доираси икки кундан бери давом этмоқда. Туркия қўшинлари "Сурия демократик кучлари" жангарилари таркибига кирувчи курдларга қарши курашмоқда.

Ҳарбийларнинг Сурия туманига кириб боргани ҳақида Бош вазир Бинали Йилдирим маълум қилди. Курдлар ҳужумни қайтарганини ва турк ҳарбийларини чегаранинг у томонига чекинишга мажбур қилганини айтмоқда.

Йилдиримнинг таъкидлашича, турк ҳарбийларидан ҳеч ким ўлдирилмаган ва жароҳатланмаган.

HaberTurk телеканалининг Бош вазирга таяниб маълум қилишича, ҳарбий амалиётнинг сўнгги мақсади Африн вилоятида Сурия-Туркия чегараси бўйлаб 30 чақиримлик хавфсиз ҳудудни ташкил қилиш.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Шанба куни Туркия ҳарбий учоқлари Африндаги курдларнинг позициялари бўйлаб осмондан зарбалар берган.

Якшанба куни Туркия қўмондонлиги 153 нишоннинг шикастлангани, уларнинг ичига паноҳгоҳ, бошпана ва қурол-яроқ арсеналлари киргани ҳақида хабар берди. Курд позицияларига пайшанба куни бошланган оғир тўплардан ўт очиш ҳамон давом этмоқда.

Минтақада вазиятнинг кескинлашуви Туркиянинг НАТОдаги иттифоқчиси АҚШ билан келишмовчилик келтириб чиқариши мумкин. Курд кўнгилли жангчилари Америка кўмагидан фойдаланади.

Курдларнинг бир неча бўлинмалари АҚШга ИШИД билан курашишда ёрдам берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Турк учоқлари шанба куни Сурия чегарасидаги курд позицияларига зарба берди

Туркия сўнгги бир неча ой Суриядаги курд жангариларига қарши ҳарбий амалиётлар ўтказиш билан таҳдид қилиб келади. Расмий Анқара уларни 1984 йилдан бери курд автономиясини яратиш ғоясини ёқлаб келувчи ва Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партиясининг бир бўлаги сифатида билади.

Туркия ҳукумати курдларни Сурия шимолида жойлашган ва 2012 йилдан бери эгаллаб келаётган Африн минтақасидан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилмоқда.

Жангарилар Курд ишчилар партиясига сиёсий ёда ҳарбий боғлиқлиги йўқлигини таъкидлаб келади.

АҚШ ҳам Туркия тарафининг Сурия курдларига нисбатан даъволарини рад этади. Америка уларни ИШИДга қаршии курашда энг ишончли иттифоқчилардан деб билади.

Сурия ҳукумати ўз ерида Туркияни ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлардан тийилишга чақирди. Расмий Дамашқ турк учоқларини уриб тушириш билан таҳдид қилган.

ОНС курд жангарилари Сурия демократик кучлари номи остида бирлашувчи араб жангариларидан ташкил топган коалиция таркибига киради. Айнан мана шу кучлар Америка ҳаво кучлари ёрдамида ИШИДга қарши курашда муҳим рол ўйнаган.

Россия муносабати

Дамашқда Башар Асадни қўлловчи Россия Африндаги можарога аралашмаслигини билдирди.

Россия давлат думасининг мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раис ўринбосари Франц Клинцевич Интерфакс агентлиги билан суҳбатда Россия Суриядаги ҳарбий базалари таҳдид остида қолмагунча ҳеч қандай чора кўрмаслигини айтди.

У ҳозирги вазият Россияни ноқулай аҳволга солишини, чунки Москва ҳам Анқара ҳамда Дамашқ билан яхши алоқаларни қадрлашини билдирди.

Анқарадан келаётган хабарларга кўра, Афринга ҳужумлар бўлишидан олдин Туркия разведка ва ҳарбий кучлари раҳбарияти ўз каналлари орқали Москванинг розилигини олишга ҳаракат қилган. Чунки Суриянинг ушбу ҳаво кенгликлари Россия авиация томонидан назорат қилинади.

Розилик берилганми ёки Россия Туркиянинг шанба кунги ҳаво зарбаларига шунчаки кўз юмганми номаълумлигича қолмоқда.

Хабарларга кўра, Африн аэропортидаги Россия ҳарбийлари уни тарк этган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон "Сурия шимолида барқарорликни таъминлашга йўналган чораларни" телефон орқали муҳокама қилган.

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли ҳам шанба куни Тиллерсон билан телефон орқали мулоқот қилган.

Туркия нимага эришмоқчи?

Туркия АҚШ бошчилигидаги Сурияда ИШИДга қарши курашаётган коалиция таркибига кирса ҳам расмий Анқара унда курдларнинг ҳам иштирок этишига қарши бўлиб келган. Курдларнинг Туркия билан чегарадош туманларни босиб олишига тўсқинлик қилишига ҳаракат қилган.

2016 йили турк армияси Сурия мухолифати кучларининг ИШИД эгаллаб олган Жараблус ва Ал-Боб шаҳарларига ҳужумига дастак берди. Бироқ Сурия мухолифатининг Африн йўналиши бўйлаб юришига монелик қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Сурия шимолидаги минглаб курдлар амалиётларга қарши намойиш ўтказди

АҚШ Туркияни курдларни кўпроқ араблар яшайдиган Манбиж шаҳридан сиқиб чиқаришга уринишдан тийилишга кўндирганди. Курдларни эса қўшинларини Фирот дарёсининг шарқий томонига олиб ўтишга рози қилган.

Туркия расмийларининг айтишича, бироқ келишувга қарамасдан курдлар ўз позицияларини тарк этмаган.

Туркияни Африн ва Манбиж шаҳарларидаги курд жангарилари позициясига ҳужум қилиш қарорига курдларнинг Сурия шарқида пайдо бўлиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. АҚШ Сурия шарқида ИШИД қолдикларининг қайтадан бўй кўрсатмаслиги учун янги хавфсизлик кучларини ташкил қилмоқчи.

Ушбу кучларга тахминан 30 минг одам киради ва уларнинг ярмини курдлар ташкил қилади.

Бу янгилик Туркия ҳукуматининг ғазабини келтирди. Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон ушбу бўлинмани "террор армияси" деб атади ва у олдинги курд жангариларидан фақат номи билан фарқланишини билдирди.

Курдлар билан тўқнашувдан иложи борича қочишга ҳаракат қилувчи Сурия ҳукумати янги тузилаётган қўшинларни ўз суверинетининг қўпол равишда бузилиши деб номлади. Россия ҳам бу каби қадамлар Суриянии бўлиб ташлашга олиб боришини маълум қилди.

Туркия томонининг маълумотларига кўра, Африн минтақасида 8 мингдан 10 минггача курд жангарилари жойлашган.

Манбиж туманида ўтган йили жойлаштирилган Америка ҳарбийларининг ҳамон қолаётгани ҳақида маълумот йўқ.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek