Ҳалабни қайта тиклаш: Уруш ортидаги сурияликлар ҳаётига назар

Сурия

«Сабабини билмайман, лекин мен унга ошиқ бўлиб қолдим,» дея севгисига иқрор бўлади Ала ал-Саед суюклисидан кўзини узмай.

Ушбу суриялик тарихчининг кўнгли эса «ғалаба» маъносини англатувчи қадимий Боб ал-Наср дарвозасига тушган.

Ҳалабнинг тош ётқизилган тор кўчалардан иборат кўҳна мавзеларига элтувчи бошқа тарихий дарвозалар каби Боб ал-Насрнинг қалин тошлардан бунёд қилинган арк қисми ҳам бу ерда бўлган жанглар оқибатида вайронага учраган.

Боб ал-Наср бир йилдан сал кўпроқ муқаддам якун топган Ҳалаб учун қонли жанглар оқибатида энг кўп зарар кўрган тарихий обида ёки ўрта асрларга оид шаҳар деворларининг энг улуғвор дарвозаси эмас.

Бироқ, ҳозирда сурияликлар шаҳарнинг чексиз вайроналари аро ўзлари учун қадрли бўлган обидаларни қадамба-қадам қайта тикламоқдалар. Озод бўлган шаҳарни қайта тиклаш жараёни айнан машаққат ва тиришқоқлик ила секин-асталикда давом этмоқда.

Айни пайтда ҳеч кимда, шу билан бирга Сурия ҳукуматида ҳам, Ҳалабнинг афсонавий тарихий меросини қайта тиклаш, замонавий шаҳарни жонлантириш учун асосий хизматларни қайтадан йўлга қўйишга ажратилиши зарур бўлган маблағ йўқ. Тахминий ҳисобларга кўра, бу ишларни амалга ошириш ўн миллиардлаб долларни талаб этади.

«Биз 'Боб ал-Наср Дўстлари' деган кичик жамоат ташкил қилдик,» дейди Ала ал-Саед шаҳарнинг саноқли қолган тош терувчиларидан бири тарашланган тошларни бир чизиқда жойлаштириш учун болғачасида майинлик билан зарб берар экан. «Биз бой эмасмиз, лекин шаҳримиз учун сарфлашга бироз маблағимиз бор.»

Бир вақтлар исёнчилар назорати остида бўлган шаҳарнинг шарқий қисмидаги кўчалар ҳануз вайрона уюмлари ва қочқинликка юз тутган одамларнинг буюмлари билан тўлиб ётибди. Болалар поябзали, металл чойнак ва футболка бир вақтлар осуда ҳаёт кечирган шаҳарликлардан қолган ягона нарсалардир. Уруш ушбу шаҳар юзига даҳшатли чандиқлар солган: ҳар ёқда ер билан битта бўлган бинолар ва ярми портлаб кетган уйлардан иборат маҳаллалар.

Лекин ушбу вайрона шаҳарга асталик билан ҳаёт қайтмоқда. Энг кўп зарар кўрган маҳаллалардан бирида Ум Ҳалил менга қўлидан келганча тиклашга муваффақ бўлган нарсасини кўрсатади.

Унинг оиласига тегишли сарғиш-жигарранг уйнинг шифти қўпол алебастр ямоқлар билан қайта таъмирланибди. Дераза ромлари ҳам, дид билан бўлмасада, пластик билан қопланган. Уйга электр қуввати ёки водопровод ўтказилмаган.

Ум Ҳалил оиласи ушбу вайрона маҳаллага қайтганларнинг ягонасидир. Ўз уйига қайтган бошқа сурияликлар сингари бу оила ҳам шиддатсиз жанглар вақтида қирғоқбўйи Латакия каби ҳукумат назорати остидаги ҳудудларда жон сақлашга мажбур бўлган.

«Шифтни таъмирлаш учун бироз қарз олдик,» деб ҳикоя қилади Ум уйида ягона қолган мебели - зувала диванда олти боласидан учтасини ўзига полапонлардек қапиштириб олганча. Умнинг турмуш ўртоғи эса ҳорғин кўзлари билан тикилиб туради. Унинг бу бепарво нигоҳида оила бошига тушган даҳшатли кўргуликлар гавдаланади, гўё.

Барбод бўлган умрлар эса бинолардек осон тикланмайди.

«Эрим ҳозир ишламаяпти,» давом этади Ум Ҳалил. «У ишлаган завод вайрон бўлган, лекин унинг тикланишидан умидвормиз.»

Катта-кичик заводлар бир вақтлар Суриянинг саноат маркази бўлган Ҳалабнинг иқтисодий жон томирлари эди.

Image caption Лейрамон иқтисодий ҳудудида қақшатқич жанглар кечгани изларини кўриш мумкин.

Эндиликда эса Ҳалабнинг энг четида жойлашган Лейрамон Иқтисодий Ҳудуди шаҳарнинг катта қисмини остин-устун қилган жангларни иложсизлик ила кузатишга маҳкум.

Айни фронт чизиғи Лейрамондан атиги бир неча юз метр нарида, холос.

«Юрак хуружига учрадим,» дея хитоб қилади Бассел Насри бир вақтлар Яқин Шарқнинг энг йирик пластик ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган фабрикасининг жанглардан сўнгги аҳволига илк бора кўзи тушгандаги ҳолатини изоҳлаш учун. «Ҳаммаси даҳшатли эди. Ҳамма нарса вайрон қилинган эди.»

Аслида ҳам, қандай қилиб ўз оилавий бизнесининг вайронага учраши ва муросасиз Исломий гуруҳлар томонидан талон-тарож қилинишини кундалик хабарлардан билган илк кезлардаёқ Насри ҳақиқий юрак хуружини бошдан ўтказган.

Бу жонсиз вайрона кенгликлар ичра ҳаётга қайтган ягона текстиль фабрикаси ўзининг суронли генератори билан ўлик сукунатни бузиб турибди. Фабрика ичкарисининг ярмида пахтадан йигирилган оқ ип ғалтаклари ғарами уйилиб ётибди.

Ўкирганча ишлаб ётган машиналарнинг аксарияти Президент ал-Ассад иттифоқдошларидан бўлмиш Хитойдан келтирилган. Эҳтиёт қисмлар ҳам айни шу давлатдан харид қилинади.

Фабрика биносининг иккинчи ярмини сукунатга чўмган улкан машиналар эгаллаган. Бу машиналар мухолиф кучларнинг муҳим қўлловчиларидан бири - Буюк Британияда ишлаб чиқарилган.

Уруш ҳануз тугаганча йўқ

«Қайта тиклаш ишлари узоқ муддат ва улкан маблағ талаб қилади, аммо ҳозирда биз учун энг зарур нарса импорт ва экспорт амалларини чеклаб турган Ғарб санкцияларининг олиб ташланишидир,» тушунтиради Ҳалаб Саноат Палатасининг раис ўринбосари бўлмиш Насри.

Бироқ уруш ҳозирча якунига етгани йўқ. Ўзининг яқиндаги нутқида «Ассад режими билан ҳар қандай давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни қўллаб-қувватламаймиз» деб таъкидлаган сўзлари билан АҚШ Давлат Котиби Рекс Тиллерсон ҳам мазкур воқеликка аниқ ишора қилди.

Итоатсизлик эса қайта тиклаш машаққатларини янада оловлантирмоқда.

Кўҳна қалъанинг тош таянчларига илинган баннер юзига кимдир бўёқ пуркагич билан #Ҳалабга_Ишон ҳештагини ёзиб кетибди. Баннернинг ёнгинасидан Ҳалаб билан бирга эканлигини баралла эълон қилаётгандек таассурот қолдирувчи Президент Ассаднинг қўлини силкитганча жилмайиб турган улкан сурати жой олган.

Шаҳардаги энг баланд бинонинг юқорисига Сурия байроғи тикилган ва Ассад сурати ўрнатилган. Шу билан бинонинг бўйи янада чўзилгандек туйилади.

Бир вақтлар исёнчилар қўли остида бўлган мавзелардаги мактаблар таъмирдан чиқарилиб, очилишга тайёрланаётгани ҳақида илкис хабарлар қулоққа чалинади.

Image caption Фуқаролар уруши вайроналарига қарамасдан, тадбиркорлик руҳи баландлигини кўриш мумкин.

«Руҳимиз ва вужудимизни сенга бахшида қиламиз, Ассад!» дея сурон солади Шарқий Ҳалабдаги энг катта мактаб ўқувчилари ватанпарварлик руҳидаги мисраларни куйга солишни машқ қилар экан. Бу ердаги мактаблар ўқитувчиларининг аксарияти шаҳар ғарбидан келган.

«Агар биз Ватанимизни севсак, Президентимизни ҳам севишимиз шарт,» дейди Муҳаммад Боязид эндиликда қий-чув солиб ўйнаётган болалар билан тўлган шовқинли мактаб ҳовлисида мен билан суҳбатлаша туриб. «Ҳозирги вазият бир ой олдинга қараганда бирмунча яхши ва яхшиланишда давом этмоқда.»

Шифокорлар ва ҳамширалар каби эски тартибга қарши бош кўтарган давлат хизматчилари шаҳарни ташлаб кетишган. Уларнинг тақдирлари бундан буёқ Ҳалаб билан ҳамнафас эмас, ҳеч қачон ҳамнафас бўлмагандек, гўё.

Шаҳарнинг нисбатан бой ғарбий қисми йилларга чўзилган қонли жанглар гувоҳи бўлмаган. Аммо бу қисмда яшовчилар ҳам қамаллар ва мунтазам такрорланиб турувчи ногаҳоний ҳужумлар даҳшати ичра жон сақлашга мажбур бўлишган.

Президентнинг қизғин тарафдорларидан бошқа аксарият ҳалабликлар, эндиликда, сиёсатга алоқадор саволлардан ўзларини олиб қочаётганларига гувоҳ бўлиш мумкин.

«Урушдан сўнг одамлар тафаккури ва шаҳарда ўзгариш бўлиши табиий,» изоҳлайди шаҳарнинг ҳар бир қисмидаги уруш даҳшатларини тасвирларда муҳрлаган сураткаш ва кинорежиссёр Исса Тума. «Баъзи одамлар ортга қайтмайди. Шунингдек, шаҳарнинг баъзи қисмлари ҳам қайта тикланмайди.»

Тума осмонга бўй чўзган қалъа деворлари остидаги вайроналар уюмидан тозаланган кенг кўчаларга ишора қилади.

Орқасини очганча ширин қаҳва ва чой сотаётган кичик юк машиналар шаҳарнинг машҳур тадбиркорлик руҳини қайта жонлантираётган тимсоллар каби кўзга ташланади.

«Ой ўтган сари кичик ўзгаришларни кўришингиз мумкин,» дейди Тума умидворлик йўғрилган сўзлари билан совуқ қиш ёмғири пўрим шляпасига томчилар экан. «Ҳозирда одамларнинг фикру-ҳаёли ҳаётни қайта тиклашга қаратилган.»

«Шу билан бирга сиёсатни ҳам ёддан чиқаришмаган,» қўшимча қилади у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ