Аёллари кам киборлар клуби ҳақида нималарни биласиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Booking,com
Image caption Жиллиан Танс ширинсўз ва мулойим аёл.

Тобора кенг тарқалиб бораётган #МенҲам (#MeToo) кампанияси ва жинсий тажовузлар ҳамда тазйиқлар борасидаги даъволар кенг акс-садо бераётган бир пайтда, жинсий тенглик бу йилги Давос форуми кун тартибида турган асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда, бироқ киборларнинг ушбу йиллик йиғилишида ҳам ечилиши зарур бўлган ўз муаммолари бор.

Жиллиан Танс ширинсўз ва мулойим аёл.

47 ёшли бу аёл билан илк учрашганингизда унинг қудратли инсон эканлигини тезда пайқамайсиз. Унинг қудрати эса ўзига етгунча.

Турар-жойларни онлайн банд қилиш хизматини таклиф қилувчи Booking.com вебсайтининг ижрожи директори сифатида Жиллиан дунёнинг 70 давлатига сочилиб кетган 15,000 ходимга бошчилик қилади.

2016-йилда у 17,1 миллион АҚШ доллари ишлаб топди. Бундай маблағни Booking.com'га эгалик қилувчи Priceline фирмаси раҳбари (Жиллианнинг ўша пайтдаги бошлиғи) ҳамда Kayak ва Rentalcars.com каби сайёҳлик бизнесига алоқадор бошқа брендлар ҳам ишлаб топа олмаган.

Бизнес оламида Жиллиан Танс каби одами чопган аёллар саноқли.

Танс хонимнинг фикрича, Давос форумида ўзига ўхшаш аёлларга кўпроқ урғу бериш жинсий номутаносиблик муаммосини янада кенгроқ очиб беришга ёрдам беради. «Бу масала бўйича қаҳрамон образлар жуда муҳим.»

Айни шу қарашлари сабабли ҳам Давосдаги Жаҳон Иқтисодий Форуми бугун унга эътиборини қаратган.

Ижрочи директорлар, сиёсий лидерлар ва жаҳон юлдузларининг ушбу йиллик йиғилишига аёлларни жалб қилиш бўйича қатор муаммолар борлиги ҳеч кимга сир эмас.

Давос форумида жинсий тенгликни таъминлаш мақсадида квота тизими жорий қилинган. Унга кўра, катта фирмалар тўрт эркакка бир аёлни ҳам қўшиб жўнатиши лозим. Шунга қарамай, қатнашувчилар ҳануз, асосан, эркаклардан иборат: беш эркакка бир аёл тўғри келади.

Ҳар йили форумда олинган суратлар «бир тўда эркаклар ичидан аёлни топ» деган ёзувлар билан қайта жилоланиб, ижтимоий тармоқларда қўлма-қўл бўлади.

Ва албатта, ушбу ҳазиллар мавжуд воқеликни деярли акс эттиради - бизнес ва сиёсат оламини деярли эркаклар эгаллаган.

Давос эса мувозанатни йўлга қўйиш йўлида шаксиз уринмоқда. Форумнинг 48 йиллик тарихи мобайнида бу йил илк бор раислар ҳайъатининг барча еттита аъзоси ҳам аёллардан иборат бўлди. Иштирокчилар ичида аёллар нисбати эса 21 фоизга етди - ўтган йилги 20 фоиздан бироз яхши кўрсатгич.

Давос форумини эркаклар эгаллаб олганлиги ҳақидаги танқидларни инкор қилиш мушкул, лекин бунинг сабаби фақат жинсий тенгсизликка боғлиқ эмас.

Ҳаттоки, аёллар манфаатига мослаб қайта шакллантирилган шароитларда ҳам улар турли кутилмаган кўнгилсизликларга дуч келишлари мумкин.

«Вазият мураккаблашиши мумкин,» дейди қаторасига 10 йил давомида Давос форумида иштирок этиб келаётган Марк Турел.

Бизнес оламига мансуб шахслар учун мўлжалланган Vork ижтимоий тармоғи асосчиси бўлмиш Турелнинг айтишича, профессионал фаолият ва тунги зиёфатлардаги муҳит ҳар доим ҳам асл манзарани англатмайди.

«Эркаклар ва аёллар ўртасида яққол кўзга ташланиб турувчи ўзаро англанилмайдиган масалалар бор. Ҳар икки томон тил топишишга интилади, лекин исталган пайтда ўртада кутилмаган кўнгилсизлик юзага келиши мумкин,» дейди Турел.

Жаноб Турел транспорт ва турар-жой харажатларини биргаликда кўтариш йўли орқали Давос форумининг ёш қатнашчиларига молиявий кўмак кўрсатадиган норасмий гуруҳга раҳбарлик ҳам қилади. Унинг гапларига кўра, баъзи ёлғиз иштирокчилар ўзига нисбатан кутилмаган ёқимсиз муносабатлардан четланиш мақсадида никоҳ узуги тақиб юришади.

Бундай ҳолат эса ҳеч кимни ҳайратга солмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Давосда фақат эркаклар

#MeToo ҳештаги орқали ўз дардини тўкиб солаётган аёллар ҳикоялари ҳам жинсий нотенглик қанчалик авж олганлигини кўрсатиб турибди. Ҳикоялар ичида аёлларга нисбатан номақбул сўзлар ишлатишдан тортиб тегажоғлик, руҳий ва жисмоний таҳқирлаш, жинсий тажовузгача бўлган ҳолатларни учратиш мумкин.

«Қаерга қараманг, аёлларга нисбатан таҳқирий муносабатни кўришингиз мумкин,» дейди эркакларнинг ожиз жинс вакиллари устидан зўравон муносабатини тугатиш йўлида фаолият юритадиган Promundo ижрочи директори Гери Баркер.

Айниқса, ишхонада аёлларга нисбатан босим ўтказиш, Баркернинг фикрича, кўп ҳолларда 'нозик руҳий жароҳатлар' билан якун топиши мумкин.

Баркер муаммони қудратли аёллар образини кўпроқ тарғиб қилиш орқали юмшатиш мумкин, деб ўйлайди.

«Бироз вақт аёлларни қудрат тимсоли сифатида тарғиб қилиш мавжуд вазиятга ёрдам бериши мумкин. Аслида ҳам, юқори лавозимларга муносиб аёллар биз ўйлагандан кўп.»

Жаҳон Иқтисодий Форуми ҳам жинсий тенгсизлик муаммосига кўз юммоқчи эмас. Форумнинг бу йилги кун тартибидан бизнес фирмалар ва жамиятлар жинсий зўравонликни тугатиш йўлида қандай чоралар кўриши мумкинлигига бағишланган қатор сессиялар ўрин олган. Шунингдек, йиғилишлар давомида жинслар тенглигига кўпроқ урғу бериш ҳам кўзда тутилган.

Бироқ мазкур масала юзасидан Жаҳон Иқтисодий Форуми тадқиқотининг натижаларига таяниладиган бўлса, жинсий тенгсизлик муаммоси ҳали-бери ҳал бўлиши мушкул. Ушбу тадқиқот хулосаларига кўра, ҳозирги ривожланиш даражаси билан кетиладиган бўлса, дунёда жинсий тенгликни таъминлаш учун яна 100 йил керак бўлар экан. 2006-йилдан одатга айланган ушбу тадқиқотнинг 11 йиллик тарихи давомида жинсий тенгликка эришиш жараёни илк бор орқага қараб кетганини кўриш мумкин.

Бироқ The Female Quotient номли ишхоналарда жинсий тенгликни ошириш учун курашувчи фирма асосчиси Шелли Зеллис муаммога нисбатан ҳозирда диққатнинг ошганлиги вақти келиб ўз мевасини беришига ишонади.

«Одамлар аёлларнинг ҳозирги ижтимоий ҳолатини ортиқ меъёр деб ҳисобламаяпти,» дейди у.

Жорий йилда Зеллис хоним ўзининг аёллар клубидаги ўринлар сонини тўрт мартага оширди. У ҳар йили клуб аъзолари билан йирик конференцияларда иштирок этиб келади. Аёллар эришаётган ютуқларни тарғиб қиладиган ушбу клуб Unilever ва Google каби гигант тижорий ҳамкорларни жалб қилишга муваффақ бўла олган.

Аъзолар ичида The Girls' Lounge (Қизлар Клуби) деб аталадиган клуб номини Зеллис хоним жорий Давос форумидаги иштирок шарофати билан The Equality Lounge (Тенглик Клуби)га ўзгартирди. Бундан клуб йиғилишларида эндиликда эркаклар ҳам иштирок этиши мумкин деган маъно англанади.

Зеллис хоним клубни 'аёллар жаннати' деб таърифлайди - бу ерда аёллар ўзларини мутлақо эркин хис қилишлари мумкин. «Ўзини кўпчилик дея хис қила олиш имконига эга озчилик,» қўшимча қилади у.

«Аввалига хеч ким клуб мақсадини англай олмади, бироқ биз бир-бирини тушунадиган, тинглай оладиган одамларни бир ерга тўплаш уддасидан чиқдик,» дейди Зеллис хоним.

«Ҳозир ҳамма учун меъёр сифатида қотиб қолган статус квони янги қоидалар билан бузиш пайти,» давом этади у.

'Кичик нарсалар'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Жинсий тегажоқлик долзарб масала...

Яқинда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, фирмаларда раҳбар аёллар нисбати қанчалик юқори бўлса, аёллар лавозимини оширилиши ёки аёл ходимларни ишга қабул қилиш эҳтимоли мос равишда ошар экан.

Booking.com бунга ёрқин мисол бўлиши мумкин. Танс хонимнинг маълум қилишича, унинг қўл остидаги ходимларнинг ярмидан кўпини аёллар ташкил қилади. Ҳаттоки, асосан, эркаклар ҳудуди ҳисобланадиган техник бўлимнинг 20 фоизини ҳам аёллар эгаллаган.

Танс хоним ишга ёллаш бўлими ходимлари тез-тез ўзгариб туриши ва унинг фирмаси лавозими оширилиш ёки ишга қабул қилинишга номзодлар рўйхатини кўриб чиқишда ижтимоий ҳамда жинсий тенгликни имкон қадар сақлашга уриниши ҳақида таъкидлайди.

«Бундай 'кичик нарсалар'ни ўзгартириб бориш мувозанат тикланишига ёрдам беради, » дейди Танс хоним.

«Компаниялар бундай ўзгаришларни мунтазам қилиб бориши лозим. Мен ходимлар масаласида квоталар тизимини қўллаш тарафдори эмасман, лекин фирмалар ходимлар билан боғлиқ ҳар қандай рақамларни синчиклаб ўрганиб бориши зарур,» фикрини якунлайди Жиллиан Танс.

Келаси йили Давос форумида аёл иштирокчилар сони ортган-ортмаганлигини кўрамиз. Агар аёллар сони ортган бўлса, биз бундан фақат хурсанд бўлишимиз мумкин.

"Яхши қиз"лар қандай бўлишлари керак?

"Баданимдаги чандиқлар...ўзлигимдир!"

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek