Сиёсатни англашга аёлларнинг ақли етмайдими?

Юз йил олдин суфражитлар шундай тасвирланган
Image caption Юз йил олдин суфражитлар шундай тасвирланган

Юз йиллар олдин ёши 30 дан ўтган ва мулкка эга бўлган британ аёллари узоқ йиллик курашдан сўнг овоз бериш ҳуқуқини қўлга киритган эди. Ҳозирги кунда дунёнинг аксарият қисмидаги аёллар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлсада, бир аср муқаддам бундай ҳуқуққа эга бўлиш йўлида кураш олиб бораётган аёллар кескин қаршиликка дуч келар эди.

1903-йилда Эммелин Панкҳерст аёлларнинг овоз бериш ҳуқуқи йўлида кураш олиб учун Аёлларнинг Ижтимоий ва Сиёсий Иттифоқи (Women's Social and Political Union)ни ташкил қилади. Бу ташкилот аъзолари эса суфражитлар, деб аталарди.

Image caption Сайлов ҳуқуқи учун курашган аёллар шундай тасвирланган

Суфражит - "сайлаш ҳуқуқи" маъносини берувчи инглизча "suffrage" сўзидан олинган.

Кўплаб эркак ва аёллар суфражитлар ҳаракатига қаршилик қиларди: уларнинг фикрича сиёсатни англашга аёлларнинг ақлий салоҳияти етмас эди.

Бир аср олдин суфражитларга қарши чиққан дунёқараш бизнинг замонамизга қадар етиб келган: 21 асрда ҳам аёллар ҳаракатлари ва феминизмга қарши чиқувчилар исталганча топилади.

Анти-суфражит қарашлар сингдирилган афиша ва варақаларда аёллар ҳуқуқи фаоллари, одатда, «тасқара», турмуш қурмаган ва бирор эркак томонидан «севилмаган» аёл сифатида тасвирланади.

Шундай машҳур афишаларнинг бири «Суфражитнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши» деб номланиб, унда аёлнинг болаликдан то 50 ёшга қадар умри тўрт қисмга бўлиб кўрсатилади.

Ушбу ҳақоратомуз афишадан англашиланадиган асосий маъно шуки, 'нормал' қизалоқ катта бўлган сари овоз бериш ҳуқуқи учун курашиб, оқибатда, турмушга ҳам чиқмайди ва 40 ёшларга борганда «баджаҳл хола»га айланиб қолади.

Яқинда Эрон аёллари мажбурий ҳижоб ўрашга қарши ўз рўмолларини кўчаларга илиш йўли билан норозилик ҳаракатини бошлаб юбордилар. Ҳаракат мамлакатнинг кўплаб шаҳарларига тарқаб кетди. Норозилик билдираётганларга қарши бўлган эркак ва аёллар ижтимоий тармоқлар орқали уларни «эр ва эътибор излаш»да айблаб чиқдилар.

Жинсий зўравонлик қурбонига айланган аёллар #МеТоо (#МенҲам) ҳаракатини бошлаганда ҳам айнан шундай қаршилик ва айбловлар билан юзлашган эдилар.

Ўз вақтида анти-суфражист фаолларнинг хавотир билдиришича, аёлларнинг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлиши оилаларнинг барбод қилиши ва, ҳатто, Британия Империясини хавф остида қолишига сабаб бўлиши мумкин эди.

2015 йилда Саудия Арабистонида аёлларга маҳаллий сайловларда иштирок этиш ҳуқуқини бериш масаласи кўтарилганда ҳам ўхшаш хавотирлар юзага чиққан эди.

Ушбу ташаббусга қарши бўлганлардан бири Twitter'да «Агар бирор миллатни яксон қилмоқчи бўлсангиз, биринчи бўлиб оила (аёл)ни барбод қилишингиз лозим», деб хабар қолдирган эди.

Шунга қарамай, саудиялик аёллар ўша йилнинг ўзида овоз бериш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Кўплаб анти-суфражист варақаларда фаол аёллар баджаҳл ва қўрқинчли, уларнинг турмуш ўртоқлари қўрқув ичида яшаётган хокисор ва фарзандлари эса хафақон сифатида тасвирланади.

Афғонистонда ҳанузга қадар эркаклар зўравонлигига қарши бош кўтарган аёллар «ёмон хотин» сифатида баҳоланади. Аёллар ҳуқуқи фаоли Маъсуме Муҳаммадийнинг айтишича, ўз ҳуқуқи учун курашган афғонистонлик аёллар «беҳаё, бетга чопар ва баджаҳл» деб кўрилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter

Мисрлик феминист ёзувчи Мона Элтаҳави яқинда NBC учун «Қизларни ўз ғазабини кўрсатишга ўргатганимизда дунё қандай тус олган бўлар эди?» номли мақола ёзди. Мақолада «Эркаклар узоқ вақт давомида бизни ҳақоратомуз сўзлар билан атаб келдилар: Фашист-феминист, эркак кушандаси, аҳмоқ феминист, мегажин, томи кетган, ялмоғиз», деб ёзади Мона.

Зўравонлик, адолатсизлик ва тенгсизликка қарши нафрат узоқ йиллар давомида ўзгариш ҳамда тараққиёт сабабчиларидан бўлиб келган бўлсада, Монанинг ишонишича, ўз ғазаби ва хафалигини намоён қилган аёлларни жамият қабул қила олмайди.

Ўтган аср давомида аёллар ҳуқуқи учун курашган ҳаракатлар мислсиз ютуқларни қўлга кирита олди. Аёллар узоқ ва машаққатли йўл босиб, сиёсат, илм-фан, иқтисодиёт ва кўплаб бошқа соҳалар ривожига катта ҳисса қўшдилар. Бироқ ҳозирги кунда ҳам, бир аср муқаддам каби, аёллар фаоллигига қаршилар хавотирланишдан тўхтамаяпти.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek