Москва яқинида бортида 71 одам бор самолёт ҳалокатга учради

Антонов 148 учоғи Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Антонов 148 учоғи

Москванинг "Домодедово" аэропортидан кўтарилган учоқ Раменский туманида қулаб тушган. Самолётда 65 йўловчи ва 6 экипаж аъзоси бўлган. Дастлабки хабарларга кўра, уларнинг барчаси ҳалок бўлган.

"Саратовские авиалинии" ширкатига тегишли Ан-148 учоғи маҳаллий вақт билан 14:21 да Москвадан Орскка қараб учган. У ҳавога кўтарилгандан 7 дақиқа ўтиб радар экранларидан йўқолиб қолган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги учоқнинг ҳалокатга учраганини тасдиқлади. У Москва вилояти, Раменский туманидаги Степановский қишлоғи атрофига қулаб тушган.

Россия Тергов қўмитаси самолёт қулаши юзасидан жиноий иш очди.

FlightRadar хизмати қулаб тушган Ан-148 учоғининг парвоз харитасини чоп қилди. Хизмат берган маълумотларда самолёт ҳавода атиги 2 дақиқа учганини кўриш мумкин.

Интерфакс нашри манбасининг айтишича, қулаб тушган учоқ 8 йил давомида ишлатилиб келинган.

Ҳалокатга нима сабаб бўлганлиги борасида ҳозирча расмий версиялар йўқ.

"Коммерсант" нашрининг манбаси ҳалокатга об-ҳаво шароити ёки учоқдаги носозлик сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтган.

Олдинроқ Интерфакс манбаси самолёт почта тикучари билан тўқнашиб қулагани ҳақида айтганди.

Бироқ Россия Почтаси матбуот котиби Би-би-сига ширкатда тикучарлар йўқлигини айтган.

Гувоҳларнинг айтишича, самолёт қулашидан олдин нимадир портлаган.

"Аввалига қанот остида нимадир портлади. Кейин у ёнди. Шундан кейин ҳам яна бир чақнаш бўлди ва самолёт пастга шўнғиди. Чақнаш бўлганлигини ҳамма кўрди. Ҳаммаси жуда тез содир бўлди", дея исми ошкор қилинмаган гувоҳдан изоҳ келтирган Life.ru га тааллуқли Telegramдаги Mash канали.

Президент Путин авиа ҳалокатда ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия билдирган ва ҳукумат комиссияси тузишга топшириқ берган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар