Сув махлуқи ва фаррош аёл муҳаббати ҳақидаги филм йилнинг энг кўп «Оскар»ини қўлга киритди

Мексикалик кинорежиссор Гилермо дел Торонинг Жанубий Америка дарёларидан бирида ҳарбийлар томонидан қўлга туширилиб, АҚШдаги лабораторияда қийноққа тутилаётган сув махлуқи ва гунг фаррош аёл ўртасидаги ноодатий муҳаббат қиссасига бағишланган «The Shape of Water» (Сув шакли) бадиий филми бирданига тўртта, жумладан, йилнинг энг зўр киноасари номинацияси бўйича «Оскар» мукофотини қўлга киритиб, маросимнинг 90-юбилейи пешқадамига айланди.

Гилермо дел Торо, шунингдек, йилнинг энг зўр кинорежиссори сифатида ҳам эътироф этилди.

"Оскар-2017": Қайси фильм энг зўри?

Оскар хатоси: "Moonlight" асл ғолиб бўлди

Актер Гарри Олдмен ўзининг «The Darkest Hour» (Қора кунлар) картинасида ижро этган Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчил роли билан «Йилнинг энг зўр эркак актёри» номига сазовор бўлди. Бу 59 ёшли актёрнинг ҳаётидаги илк «Оскар»и сифатида тарихда қолади. Олдменнинг саҳнадан туриб, 98 ёшли онасига қарата «Меҳрингиз ва қўллаб-қувватлаганингиз учун бағоят миннатдорман. Дастурхонни ёзинг, уйга 'Оскар' билан қайтмоқдаман,» деб айтган сўзлари залдагиларнинг гулдурос олқишига сабаб бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Френсис МакДорманд

«Йилнинг энг зўр актрисаси» мукофоти эса «Three Billboards Outside Ebbing, Missouri» (Миссури, Эббинг чегарасидаги уч реклама тахтаси) картинасидаги ижроси учун Френсис МакДормандга насиб этди. МакДорманд ўзининг илк «Оскар»ини 21 йил аввал «Фарго» комедиясидаги роли учун қўлга киритган эди.

Ўтган йилдан бери «Энг зўр киноасар» номини олиши кутилаётган Кристофер Ноланнинг Иккинчи Жаҳон Уруши даврида уч юз минг аскарни ҳаётини сақлаб қолиш воқеаларига бағишланган «Dunkirk» (Дюнкерк) картинаси техник номинациялар бўйича учта «Оскар» билан чекланишга мажбур бўлди.

«Энг зўр хорижий тилдаги киноасар» номинацияси бўйича мукофотни чилилик кинорежиссор Себастян Лелионинг «Ажабтовур аёл» картинаси қўлга киритди. Ушбу номга россиялик режиссор Андрей Звягинтсевнинг «Нелюбовь» (Ёқтирмаслик) картинаси сазовор бўлиши тахмин қилинаётган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption "Сув шакли" ижодкорлари

Энг кўп «Оскар»ни қўлга киритган картиналар:

•The Shape of Water Wатер (Сув шакли)- 4

•Dunkirk (Дюнкирк) - 3

•Three Billboards Outside Ebbing, Missouri (Миссури, Эббинг чегарасидаги уч реклама тахтаси) - 2

•The Darkest Hour (Қора кунлар) - 2

•Blade Runner 2049 (Тиғ устида югурувчи 2049) - 2

•Coco (Коко) - 2

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар