Популист сиёсатчига қарши бўлганлар "халқ душмани"ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Танидингизми?

Доналд Трамп, Жереми Корбин ва Родриго Дутертенинг умумий ўхшашлиги нимада?

Фарқли томони кўп бўлсада, бу шахсларнинг ҳар бири «популист» дея ном таратган.

Ўнгчилар ҳукмронлиги кучаяётган Европада популизм борган сари авж олмоқда, Америкада эса айнан популизм Трампнинг ҳокимиятга келишига ёрдам берди.

Италиянинг популистик «Five Star Movement» (Беш Юлдуз Ҳаракати) ва муҳожирларга қарши сиёсатни ёқловчи «League» (Лига) партиялари яқинда ўтказилган сайловларда пешқадамликни қўлга киритди.

Лекин машҳурлик ва популист бўлиш ўртасида кескин фарқ бор.

Соф одамлар

Сиёсатшунослик фанида таъриф берилишича, популизм ғояси жамиятнинг бир-бирига қарама-қарши икки гуруҳга бўлиниб қолишини англатади. «Соф одамлар» ва «бузилган элита», деб таснифлайди бу икки гуруҳни «Популизм: Мухтасар муқаддима» китоби муаллифи Кес Муде.

Одатда, «популист» атамасини сиёсатчиларга нисбатан ҳақорат сифатида қўллайдилар. Масалан, Британиядаги Лейбористлар партияси лидери Жереми Корбин партия шиори қилиб «кўпчилик учун, озчилик учун эмас» жумласини танлаганда уни популист, деб атаган эдилар.

Бироқ ушбу атаманинг асл маъноси бундай эмас.

«Популизм» атамаси, «Популизмнинг оммавий кўтарилиши» асари муаллифи Бенжамин Мофитнинг фикрича, «айниқса Европада нотўғри қўлланилади.»

Ўзларини асл популистлар деб атовчи сиёсатчилар «халқнинг умумий иродаси»ни намоён қилишларини таъкидлайдилар. Бундай сиёсатчилар, одатда, ўзларини халқ душманларига қарши курашувчи мухолифат, сиёсий тизимни бузилган амалдорлардан тозаловчилар ёки «либерал элита» танобини тортиб қўювчи қаҳрамонлар сифатида кўрсатишни қилишни хуш кўрадилар.

«Европада популистлар, асосан, сиёсий партиялар ва ўнг қанотга мансуб бўладилар, лекин бу қотиб қолган қоида эмас,» дейди доктор Мофит.

Ўнг қанотнинг кўтарилиши

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Популист сиёсий партияларни исталган давлатдан топиш мумкин.

Лотин Америкасида Венесуэланинг марҳум президенти Уго Чавез популист сифатида танилган эди. Испанияда «Подемос» партияси, Юнонистонда эса «Сириза»ни популист, дейиш мумкин. Бироқ уларнинг бари сўл қанотга мансуб.

«Бугунги куннинг таниқли популистлари эса ўнг қанотга, яна ҳам аниқроғи, радикал ўнгчиларга мансуб,» дейди профессор Муде.

«Францияда Мари Ле Пен, Венгрияда Виктор Орбан ва АҚШда Доналд Трамп каби сиёсатчилар популизмни аксил-муҳожирлик руҳи ва авторитаризм билан қориштирмоқдалар,» давом этади жаноб Муде.

Трампломатия: Трамп дунёни хатарлироқ қилдими?

Трамп оғзига эрк берганини рад этди

Путин АҚШдан арз қилиб янги ядровий қуролини кўрсатди

Кўплаб таниқли шахслар ва нашрлар- «Time» журналидан тортиб Еврокомиссия президентига қадар - йиллардан буён популистик ўнг қанотнинг авж олишидан огоҳлантириб келадилар.

Аслида эса бу катта янгилик эмас.

«Сиёсатшунослар сўнгги 25-30 йилдан бери бу тенденция ҳақида айтиб келадилар, лекин, тан олиш керак, жараён охирги пайтда анча тезлашиб кетди,» дейди доктор Мофит.

Мутахассислар Европадаги популист партияларнинг кўтарилишига сабаб бўлаётган омиллар сифатида мултикултурализм ва глобализм каби ижтимоий эврилишлар, шунингдек, бошқа кўплаб инқирозларни кўрсатадилар.

Сиёсий тадқиқотлар Европа Консорциуми директори Мартин Булга кўра, Европада популист партиялар авж олган давр 2000 йиллар бошига тўғри келган. Сўнгги вақтларда бу жараён секинлашган.

«Популистларни оммавий қўллаб-қувватлаш 2008-2011 йилларда - молиявий инқироз туфайли одамлар қарзга бота бошлаган пайтда кучайди,» дейди у.

Ўшанда камдан-кам кузатиладиган ҳолат юзага келган эди - популистлардан илҳомланган кенг жамоатчилик молиявий инқирозда қандайдир даражада бадавлат банкирларни айблаб чиқди.

«Халқ - бу менинг ўзим»

Доктор Мофит ўзининг «Популизмнинг оммавий кўтарилиши» асарида типик популист сиёсатчининг ўзига хос алоҳида белгилари мавжудлиги ҳақида ёзади.

Шундай белгилардан бири одатий сиёсатчилар ўзига эп кўрмайдиган «ёмон хулқ»дир. Популист лидерлар оммавий сўкиниш ва ҳақоратлашни хуш кўрадилар. Бундай лидерлар сафига президент Трамп ёки Филиппин президенти Родриго Дутертени киритиш мумкин.

Доктор Мофит иккинчи белгини «доимий жанжалли ҳолатлар келтириб чиқариш» ва ўзини доимо «душманлар» билан курашаётгандай кўрсатиш, деб атайди.

«Айнан популистик йўл билан ҳокимиятга келган лидер доимий равишда ўзини бирор гуруҳга мансуб эмаслигини одамларга исботлаб боришга мажбур,» дейди Колумбия университетидан профессор Надия Урбинати.

Урбинати хоним популист сиёсатчилар доимо нимагадир ёки кимгадир қарши курашишини таъкидлайди. Масалан, анъанавий сиёсатчиларга, интеллегенцияга, элитага, муҳожирлар ва ҳоказоларга.

Популизмнинг кучи ҳам унинг кўп томонламалигидадир. «Популизм ҳар қандай вазиятга мослашиб кетаверади,» дейди профессор Урбинати.

«Популистлар тез-тез демократиянинг мураккаб бошқарув тизимига нисбатан салбий муносабат билдирадилар, тўғридан-тўгри бошқарув усулини ёқлайдилар,» дейди профессор Бул.

Унинг сўзларига кўра, популистларда авторитаризмга мойиллик юқори. «Алал-оқибат, популист раҳбар анъанавий демократик тамойилларга мос келмайдиган қарорлар қабул қила бошлайди,» тушунтиради у.

Шундай раҳбарларнинг бирига Венесуэланинг собиқ президенти Уго Чавезни мисол қилиш мумкин. Нутқларидан бирида у: «Мен шахс эмасман, халқ - бу менинг ўзим,» дея хитоб қилган эди.

Ўзлигини бундай ишончлар билан тўлдирган популист лидер, вақт ўтиб, ўзини 'бегуноҳ' ҳисоблай бошлайди, деган фикрни илгари суради доктор Мофит. «Оқибатда, бундай раҳбарнинг сиёсий йўли қўрқинчли тус ола бошлайди.»

Ўзини халқ, деб ҳисоблаган популист раҳбар исталган рақибини «халқ душмани»га чиқара бошлайди.

Шу сабабли ҳам популист раҳбарларга аксарият ишонч билдирмайди ва «популист» сўзи ҳаддан ортиқ ваъда берадиган сиёсатчиларга нисбатан ҳақорат сифатида ишлатилади.

Профессор Бул популист сиёсатчилар ваъда беришда масъулиятни ҳис этмайди, деб ҳисоблайди.

«Тезроқ омма қўлловини олиш учун популистлар ҳаммаёқни ваъдаларга кўмиб ташлайди, ислоҳотлар ўтказиш ҳақида сўз беради, лекин уларнинг сўзлари диққат билан ўрганилса, аслида амалга ошириб бўлмайдиган бўлиб чиқади,» қўшимча қилади жаноб Бул.

«Популизмнинг демократияга фойдаси борми, деган савол очиқлигича қолаверади.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek