Хитой Си Цзиньпинни Маога тенглаштирди ва умрбод Президент бўлишга рухсат берди

Си Цзиньпин Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Си Цзиньпиннинг Хитойни умрбод бошқаришидаги сўнгги расмиятчилик ҳал этилди. Хитой парламенти конституциядан президентлик муддатига қўйилган чекловни олиб ташлади. Халқ вакилларининг деярли 3 минг аъзоси Бутун Хитой йиғилишида ушбу қарорни ёқлаб овоз берган.

Икки киши қарши чиқди ва уч киши бетараф қолган.

Бир вақтнинг ўзида қудратдаги Коммунистик партия қарорларини тарихга муҳрловчи ҳукуматнинг маросимлар идораси "Си Цзиньпиннинг фикрлари"ни конституцияга киритишга рози бўлди. Шу билан у партия асосчиси Мао Цзэдун билан бир мартаба кўтарилди.

Хитой ҳукмронларини беш йилдан икки муддатгача ҳокимиятда қолиш қоидаси 1990 - йилларда Дэн Сяопин томонидан жорий қилинганди. У Мао каби шахсиятга сиғиниш ва муддатсиз бошқарувнинг қайтарилишини олди олишга ҳаракат қилганди.

Си Цзиньпиннинг иккинчи муддати 2023 йилда якунига етади. Анъанага зид равишда ўтган йилнинг октябрида бўлган қурултойда Си ўз ворисини айтмади. Бу нарсада кўпчилик унинг ҳокимиятда яна қолиш истагини кўрди.

Мао даврида қатағонга учраган партия мувофиқлаштирувчисининг ўғли Си ёшлигида қишлоққа юборилганди. Пекинга қайтиб партия пиллапояларидан энг юқорига кўтарилгунча, ғорда яшаган ва далада ишлаган.

Ҳукуматга келиши билан у кенг миқёсли коррупцияга қарши кампанияни бошлади. Бу партия қаторларида тозалашларга олиб келди. Ўзининг биринчи беш йиллик муддатида у ҳукуматни жипслаштирди ва халқ орасида машҳурликка эришди.

Бу нарсага ўзгача фикрловчиларга ва танқидчиларга босим ўтказиш ва ташқи кўринишдан Сига ўхшаб кетадиган Винни Пух тасвирини тақиқлаш ҳам таъсир кўрсата олмади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/WEIBO
Image caption Си Цзиньпина ва АҚШнинг собиқ Президенти Барака Обама меми интернетда 2013 йили пайдо бўлганди

"Янги давр" ва Ғарбга муқобил

Сига кўра, Хитой бир партияли коммунистик давлат модели ўлароқ ҳаётда қола билажагини исботлади ва у ривожланаётган давлатларнинг "янги танлови" бўлиши керак.

У бу ҳақда ўзининг "Янги даврда Хитой мисолида социализм ҳақида Си Цзиньпиннинг фикрлари" маърузасида октябр ойидаги қурултойда гапирганди.

Энди улар асосий қомусда акс этган ва Си билан ҳар қандай баҳс Хитой конституцион тузумига тажовуз сифатида кўрилади.

Мактаб ўқувчилари, талабалар ва ишчилар партия йиғилишларида Сининг фалсафасини ўрганади ва Хитой дунёнинг социалистик лидери бўлиши керак бўлган "янги давр" тафсилотларини муҳокама қилади.

Хитойнинг олдинги раҳбарлари ҳам ўз ғояларидан келиб чиқиб қонунчиликни ўзгартирган эди. Бироқ Маодан ташқари бирортаси уларни "фикрлар" деб номламаганди.

Сига қадар конституцияга Хитойнинг икки раҳбари - Мао ва Дэн Сяопиннинг номлари киритилганди.

Си салномасида биринчи давр сифатида фуқаролик урушидан харобага айланган мамлакатни бирлаштирган Мао вақти ва Дэн Сяопин бошқарувидаги ривожланган ва фаровонлик суърати ошган иккинчи давр кўрсатилган.

Учинчи, "янги" даврда хитойликлар янада бой ва бирдам яшайди, мамлакат эса Ғарб демократияси инқирозга учраётган бир пайтда жаҳон ҳамжамиятининг лидери ҳамда тақлид учун намунаси бўлади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters