Ёқутистонда самолётдан олтин сочилди

слитки на ВВП Фото муаллифлик ҳуқуқи yakutiamedia.ru
Image caption Учиш-қўниш йўлагига сочилган қуймаларнинг мана бу фотосуратини муштарийлар yakutiamedia.ru портали таҳририятига юборишган.

Россиянинг Якутск аэропортидан хабар қилишларича, Ан-12 транспорт самолёти осмонга кўтарилаётган пайти "ўта қимматли юк" тушиб кетган.

"15 март куни "Нимбум" авиакомпаниясига тегишли Ан-12 транспорт самолёти Якутск аэропортидан кўтарилаётганда ҳаво оқими юк люкининг чап тавақасини юлиб олган. Экипаж ҳаво кемасини Якутск аэропортига қайтариш ҳақида қарор қабул қилган", дейилади хабарда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи yakutiamedia.ru
Image caption Учоқдан қулаб тушган қуймалардан бири

Дастлаб самолётдан олтин қулагани ҳақида ҳабар тарқалган. Кейинчалик "Интерфакс" ахборот агентлигига гапирган расмийлардан бири, самолётга ортилган юк олтин эмас, кумуш эди, деб айтган. "Мендаги ахборотга кўра, бортда кумуш қуймалари бўлган. Ҳаммаси бўлиб қимматбаҳо металлнинг 200 қуймаси. Юкнинг бир қисми учиш-қўниш йўлагига тушган", - деб айтган "Интерфакс" манбаси.

Ушбу ҳодиса юзасидан текширув бошлаган Россия Тергов қўмитаси хабарида сўз "9,3 тоннага яқин қимматбаҳо металл" ҳақида боради.

Тергов қўмитасига кўра, юк Чукоткадаги кон-металлургия компаниясига тегишли бўлган. Бу компания Чукоткадаги Купол деб номланадиган конда қазиш ишлари билан шуғулланадиган Канаданинг Kinross Gold корпорацияси таркибига киради.

"Интерфакс" ахборот агентлигига Kinross Gold ширкатининг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Станислав Бородюк айтишича, учоқдан қулаган қуймалар Доре қоришмаси деб аталади, унинг таркибига кумуш ва олтин киради(унинг неча фоизини олтин, неча фоизини кумуш ташкил этиши ҳақида маълумот бермаган.

Жаноб Бородюк сўзларига кўра, тўкилиб кетган ҳамма қуймалар топилган. "Барча юк йиғиб олинди, ҳеч қандай йўқотиш йўқ, шунинг учун суғурта масаласи ҳам кўтарилгани йўқ", деб айтган Станислав Бородюк.

Фото муаллифлик ҳуқуқи yakutiamedia.ru
Image caption Полиция ходимлари қайтиб қўнган самолётдаги шикастланишни текширмоқдалар

Аэропорт маъмурияти хабар қилишича, самолёт соз бўлган. Матбуот хизмати хабарига кўра, учоқни парвозга экипаж таркибига кирган мутахассислар тайёрлашган.

sakhaday.ru портали ахборотига кўра, учоқ люки эшиги узилиб тушганидан кейин "ўта қиммат юк" йўқолган. Шу туфайли полиция аэропортда йўловчи ва ҳайдовчиларнинг ён-атрофини титкилаб текширишни бошлаган.

Матбуотда эълон қилинган фотосуратларда самолёт юк люкининг пастки тавақалари йўқлигини кўриш мумкин. Люк эшиги ёпиқ ҳолда турибди, бу эшикларининг четлари анча шикастланган. Мутахассислар фикрича, бундай шикастланишга юкнинг нотўғри маҳкамалангани сабаб бўлиши мумкин.

Ҳодисадан кейин самолёт Маган аэропортига бешикаст қўнган. yakutiamedia.ru портали хабар қилишича, кучишлатар тизимлари учиш-қўниш йўлаги атрофини ўраб олганлар, ҳудудга ҳеч кимни киргизмаганлар. Аэропортда полициянинг хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар