Англиянинг энг яхши мактабида фақат мусулмонлар таҳсил оладими?

Тавҳидул Ислом Қизлар мактаби рейтингда Англиянинг энг яхши мактаби деб топилган
Image caption Тавҳидул Ислом Қизлар мактаби рейтингда Англиянинг энг яхши мактаби деб топилган

Энг яхши ўрта мактаб Англиянинг қаерида жойлашган?

«Одамлар кўпинча номдан бошқа нарсани кўрмайдилар,» дейди Тавҳидул Ислом Қизлар мактаби ўқувчиларидан бири. Ланкашир графлигининг Блекберн шаҳарчасида жойлашган ушбу мактаб ўрта мактаблар ўқувчиларининг ўзлаштириш самарадорлиги бўйича рейтингининг биринчи поғонасини эгаллаган.

Бу йил GCSE ўқувчилар самарадорлигини текшириш миллий рейтинги бўйича учинчи ўринни қайд этган мактаб ҳам Блекберн номли шаҳарчасида жойлашган.

Нега мамлакатнинг ушбу билим маркази ҳақида кўпчилик эшитмаган?

Бунинг сабаби ҳар иккиси ҳам мусулмон мактаби бўлгани учунми? Ёки улар Лондонда эмас, балки шимолдаги кичик шаҳарчада жойлашгани сабаблими?

'Интеграция'

Тавҳидул Ислом Қизлар мактабидаги барча ўқувчилар мусулмон ва аксарияти рўмол ўраган. Қизлар одамлардаги нотўғри қарашларни бартараф қилиш йўллари ҳақида мунозара қиладилар.

Бу ҳафта Блекберн шаҳарчаси интеграцияни тарғиб қилиш бўйича ҳукумат режаси учун танлаб олинган беш ҳудуддан бирига айланди.

Image caption Ўқувчилар бошқа жамоалар билан боғлаб турувчи умумийликлар кўплигини айтади

Блекберн аҳли диний ва миллий ажратиш, жамоатларнинг бир-бирига қўшилмаслиги муаммосига кўпдан эътибор қаратиб келади.

«Одамлар шаҳарчамизда ўзаро қўшилмаслик ҳолати ҳақида гапирадилар,» дейди Умайра. Бироқ унинг айтишича, мактабга келган ҳар қандай меҳмон «ҳайратда қолади.»

Умайра мактаб бошқа дин вакиллари билан алоқаларни йўлга қўйиш, жамоатчилик ва кўнгилли ишларни ташкиллашда ютуқларга эришгани ҳақида сўзлайди.

Мактаб ўқувчилари шимолнинг бошқа шаҳарчаларида маданиятлараро яккалаб қўйиш ҳолатларидан ҳайратда эканлигини яширмайдилар. Бу гапларни «кўпиртирилган» деб ҳисоблайдилар.

Улар ўзларини «ақл кўзи юмуқ» ва «дунёқараши тор», деб ҳисобламайдилар.

Ўқувчилардан бири - Алиянинг сўзларига кўра, унинг дини ва шаклланган шахсияти ўртасида ҳеч қандай ихтилоф мавжуд эмас.

«Биз мусулмонмиз, аёл жинсиданмиз, шимолликмиз. Бу сифатлар бир-бирини тўлдиради.»

«Мактаб шундай ишонч устига қурилган. У бизга 'Сиз омадли бўла оласиз,' деб уқтиради. Мукаммалликка эришмоқ учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ.»

Ижтимоий ўзгариш

Ҳеч қандай ўқувчи танлаб олинмаган ҳолда ҳам мактабдаги имтиҳон натижалари аъло эканлигини кўриш мумкин. Мактабда ўқувчилар бепул овқат билан таъминланишига катта эътибор берилади.

Алия дадасида университетга бориш имконияти бўлмаганини айтади. Энди Алиянинг опаси Оксфордда тиббиётдан таҳсил олаётганидан дадаси ғурурланади.

Image caption Тавҳидул Ислом ўғил болалари Англия рейтингида учинчи ўринни олган

Бош ўқитувчи Луқмон Аҳмаднинг айтишича, мактабни руҳлантириб турадиган асосий нарса - бу «камбағал қатлам»дан чиққан болаларга имкон қадар кенг имконият яратиб беришидир.

«Биз нотенглик катта муаммога айланган замонда яшамоқдамиз. Одамлар ўз ижтимоий ҳолатларини ўзгартириш имкониятлари ҳақида иккиланмоқдалар. Аксарият одам эътибордан четда қолиб кетган,» дейди Луқмон Аҳмад.

«Бироқ ижтимоий аҳволни ўзгартиришнинг энг мақбул йўли - юқори сифатли таълимга эга бўлиш. Доим шундай бўлиб келган.»

Жаноб Аҳмаднинг фикрига кўра, «интеграция» нуқтайи-назари билан қараганда, мактаб учун энг муҳим вазифа - бу унинг ўқувчилари мактабни келажакда яхши ҳаёт учун кенг имкониятлар яратадиган билим ва кўникмалар билан тарк этишидир.

Қашшоқ жамоалар

Бош ўқитувчи мактабнинг асосий мақсади рейтинг жадвалида энг юқори ўринни эгаллаб туриш эмаслигини тушунтиради.

«Агар сиз фақат рейтинг даражаси ҳақида қайғурсангиз, унда ҳеч нарсага эришмайсиз. Биз ўз мақсадимизни амалга оширишни истаймиз.»

Image caption Мактаб директори Мажид Дитта интеграция ёшлар учун мактабнинг имконият дарвозаларига ўхшатади

«Ҳар бир бола ҳаётини энг яхши кўникмалар билан бошлашга арзийди.»

Тавҳидул Ислом Қизлар мактабидан бир ярим чақиримча узоқликда Тавҳидул Ислом Болалар мактаби жойлашган. Бу мактаб ўрта мактаблар рейтингида учинчи ўринни эгаллаган.

Қизлар мактаби каби бу ерда ҳам юқори сифатли таълим беришдан ташқари ўқувчиларнинг шахсияти шаклланишига алоҳида эътибор қаратилади.

Бош ўқитувчи Мажид Диттанинг маълум қилишича, ўқувчиларнинг аксарияти қашшоқ оилалардан.

«Биз фарзандларига таълим берадиган оилаларнинг кўпи қашшоқ.»

Унга кўра, 6-синфни битирган ўқувчиларнинг кўпи тиббиёт ва унга алоқадор соҳаларни ўргана бошлайди, кўпчилиги обрўли университетларга киради.

Имкониятларни кенгайтириб...

Танқидчилар иддаосича, диний мактаблар интеграция йўлига ғов бўлади, лекин жаноб Дитта «Асл интеграция имконият дарвозаларини очишдир,» дейди.

«Бизнинг ўқувчиларимиз энг зўр университетларда таҳсилини давом эттирса ёки энг яхши компанияларга ишга жойлашса, бу уларнинг яшаш шароити кескин яхшиланади, деганидир.»

«Ўқувчиларимиз ҳар қандай қатлам вакиллари билан учрашадилар, ҳар қандай жойларга ташриф буюрадилар- биз уларни одамлар билан алоқага киришишга ўргатамиз.»

Image caption Лиза Краузби ўқувчиларнинг ҳаётда ўз олдига қўйган мақсадларидан қойил қолган

Мактаб ўқувчилари етакчиси Ашраф ўқитувчилар унга худди ота-онасидек эканлигини таъкидлайди.

Баъзи ўқувчилар ота-онаси инглизчада гаплаша олмаслиги сабабли ўқитувчилар болаларни ташқи муҳитга тайёрлаш йўлида янада кўпроқ масъулиятни зиммаларига олишига тўғри келади.

Тавҳидул мактаблари тармоғини бошқарувчи «Tauheedul Education Trust» ташкилотининг таълим бўйича директори ва Англия мактабларида таълим-тарбия сифатини теширувчи «Ofsted»да бош инспектор бўлиб ишлайдиган Лиза Краузби ўз ҳаётий мақсадини ушбу мактабларда топганини айтади.

Ҳар иккала мактабда ҳам ўқувчилар сони чекловдан ошиб кетган. Бепул мактаб бўлганлиги сабабли ўқув жойларининг 50 фоизи диний эътиқод асосида тақсимланиши зарур эди, яъни жойларнинг ярми мусулмон бўлмаган ўқувчилар учун ажратилган. Бироқ ота-оналарнинг танлови, маҳаллий демография ва бошқа омиллар сабабли ўқувчиларнинг барчаси мусулмонлардир.

Ҳукумат ўқув ўринларини тақсимлаш бўйича бундай тартибни бекор қилаётгани ҳақида маълум қилган. Демак яқин вақтлар ичида диний мактаблар сони ортишига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Айни вақтда, мамлакатдаги мусулмон мактаблар сони бошқа диний эътиқодларникига қараганда жуда оз - ўтган йил рақамларига назар солинса, давлатга қарашли 6,800 дан кўпроқ диний мактабнинг атиги 27 таси мусулмон мактаблари эканлигини кўриш мумкин.

Тавҳидул мактаблари эришаётган ютуқлар улардаги эътиборсиз қолаётган соҳаларни ҳам ривожлантиришга ундайди.

«Аҳлоқий масъулият нима дегани? Агар биз ўқувчиларимиз тўкис келажакка эришиши йўлида меҳнат қилиш ниятида бўлсак, уларнинг муваффақияти учун қўлдан келган ҳар нарсани қилишимиз зарур,» дейди ушбу мактаблар тармоғи раҳбари Ҳамид Пател.

Таълим вазири Дамиан Ҳиндс ҳам фаолиятининг илк вақтларида бу мактабларга ташриф буюрган.

Тавҳидул мактаблари шимолнинг энг зўр билим масканларига айланишга аҳд қилган.

Улар шу вақтга қадар эришган муваффақиятлардан хулоса қилинса, бу мақсад амалга ошишига бирор шубҳа йўқ.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek