Бел оғриғига дучор беморлар 'нотўғри даволанмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи VOISIN/PHANIE/SCIENCE PHOTO LIBRARY

Дунё бўйлаб бел оғриғи ҳаракатланишдаги қийинчиликнинг асосий сабабчиси ҳисобланади, лекин бу касалликдан нотўғри даволаниш кўплаб беморларнинг ётиб қолишига сабаб бўлмоқда, огоҳлантиради мутахассислар.

Мутахассислар «The Lancet» журналида қатор мақолалар эълон қилиб, жаҳон шифокорларини бел оғриғини даволашдаги бесамар ва хавфли бўлиш эҳтимоли юқори усуллардан воз кечишга чақирмоқда.

Кучли дори-дармон, уколлар ва жарроҳлик бел оғриғини даволашдаги асосий усуллар ҳисобланади, лекин уларнинг самараси борасида далиллар кам.

Мутахассислар бел оғриғини камайтиришда энг яхши йўл - жисмоний фаоллик, дейди.

Британия шифокорлари имкон қадар аниқ ташхислар қўйиш ва беморларга энг мос даволаш усулларини топишга уринадилар.

Баъзида бел оғриғи сабабларини аниқлаш учун беморларни компютер томографиясидан ўтказиш талаб қилинади. Бироқ кўп ҳолларда якуний хулосаси ишончли бўлмагани сабабли томография кераксиз ташхис усули, деб ҳисобланади.

Қуйидагилар нотўғри равишда бел оғриғи белгилари, деб қабул қилиниши мумкин:

•Сийдик чиқаришдаги қийинчилик

•Қовуқ бўш бўлса ҳам сийдик чиқаришга эҳтиёж бордек туйилиши

•Жинсий яқинлик пайтида лаззатни ҳис қилмаслик, жинсий фаолиятнинг бузилиши

•Жинсий аъзолар ва бўксанинг увишиб қолиши ёки санчиб оғриши

•Сийдик пуфаги ва тўғри ичак назоратининг йўқолиш

•Оёқларнинг мадорсизланиши

Ёши ўтган сари одамлар маълум вақтда бел оғриғини бошдан кечира бошлайди.

Вақтинчалик бел оғриғи, одатда, асоратсиз ўтиб кетади. Бироқ мутахассисларга кўра, муолажа олган ҳар уч одамдан биттасида бел оғриғи бир йил ичида қайта такрорланади.

Британияда бел оғриғидан фориғ бўлишда ёрдам берувчи жисмоний машғулотлар дастури ишлаб чиқилган. Шунингдек, бел оғриғидан қутилишда беморларга маслаҳат ва кўмак беришга мўлжалланган йўриқномалар ҳам мавжуд.

Британия Соғлиқни Сақлаш Миллий институтининг маълум қилишича, шифокорлар бел оғриғини даволашда камар, корсет, белдамча ва махсус оёқ кийими каби воситалардан фойдаланмаслиги лозим.

Шунингдек, игнатерапия, тракция (оғир тошлар ва бошқа воситалар билан белни чўзиш) ёки электротерапия (танадан электр токи ёки ултратовуш тўлқинларини ўтказиш) усуллари ҳам қўлланилмаслиги тавсия қилинади.

Агар антибиотиклар наф бермаса, шифокорлар таркибида гиёҳванд модда мавжуд оғриқни қолдирувчи дорилар қўллаши мумкин, лекин бундай дорилар беморни бангига айлантириб қўйиш эҳтимоли юқори.

«The Lancet»да эълон қилинган мақолаларнинг 31 нафар муаллифидан бири, Ворвик Университети профессори Мартин Андервуднинг айтишича, ҳозирги даволаш усуллари бел оғриғини қолдиришда самара бермаяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SEBASTIAN KAULITZKI/SCIENCE PHOTO LIBRARY

«Биз Британияда қўллайдиган усулларимизни ўзгартиришимиз ва ривожланаётган давлатлар бесамар, лекин қиммат даволаш хизматларидан сақланиши учун ёрдам беришимиз лозим,» дейди профессор Андервуд.

«Жуда кўп одам бел оғриғидан қутилиш мақсадида юқори технологияни қўллайдиган қиммат ва узоқ муддатга чўзилувчи хизматларга мурожаат қиладилар, лекин бу хизматларнинг самараси ҳақида исбот жуда кам.»

Амалий Тиббиёт Қироллик Коллежи раиси, профессор Элен Стокс-Лемперд «бир ўлчамдаги кийим ҳаммага ҳам лойиқ тушмайди,» дейди.

«Биз жисмоний фаоллик беморлар учун фойдали эканлигини яхши биламиз. Шу сабабли бизнинг шифокорлар беморлар турмуш тарзини янада фаоллаштиришида ёрдам беришга интилади. Бироқ аҳволи ўта жиддий беморлар учун жисмоний машқлар ташкиллаш жуда қийин.»

«Оғир ҳолларда беморларни оғриқни қолдирувчи дорилар билан терапиядан ўтказиш ёрдам бериши мумкин. Бироқ дорилар даволаш усули эмас, балки оғриқни енгиллаштирувчи восита бўлиши, дорилар жуда кам миқдорда қабул қилиниши ва бундай терапия бемор жисмоний машқларга лаёқатли бўлгунча имкон қадар жуда қисқа муддат давом эттирилиши лозим.»

«Бундан ташқари Британияда психологик терапиялар, масалан, суҳбат терапияси орқали бел оғриғини енгиллаштириш секин-аста урф бўлмоқда дейди,» профессор Стокс-Лемперд.

Белингиз ҳақида билишингиз лозим бўлган 10 нарса:

1) Сизнинг умуртқангиз ўйлаганингиздан кўра анча бақувват, уни осонлик билан синдириб бўлмайди. Шу сабабли, кўп ҳолларда бел оғриғи деб ҳисобланувчи вазиятлар шунчаки пай чўзилиши ёки шикастлиниши сабабли бўлиши мумкин;

2) Белни томография қилиш шарт эмас;

3) Ётоқда кўп ётишдан тийилиб, кўпроқ жисмоний фаолият билан шуғулланиш лозим (лекин кескин жисмоний ҳаракатлардан ҳам тийилиш зарур);

4) Эгилиш ёки юк кўтаришдан қўрқмаслик лозим. Бундай ҳаракатларни сонлар ва тиззаларни ишга солган ва қулай ҳолда қилиш керак;

5) Ҳар қандай жисмоний машқлар бел оғриғини камайтиради ва унинг олдини олади;

6) Оғриқни қолдирувчи дорилар бел оғриғидан халос бўлиш жараёнини тезлаштирмайди;

7) Бу оғриқдан қутилиш учун жарроҳлик усулига мурожаат қилиш ҳар доим ҳам тўғри қарор эмас;

8) Тиниқиб ухлаш бел оғриғининг пасайтиришда ёрдам беради;

9) Бел оғриғи бирор жароҳат ёки лат ейишсиз ҳам пайдо бўлиши мумкин;

10) Бел оғриғи сурункали тус ола бошласа, зудлик билан доктор ёки физиотерапевтга кўриниш лозим.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek