Скрипал можароси: Россия ва Ғарб ўртасида "совуқ уруш" бошланмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Путин ва Трамп

Австралия Британияда Россия томонидан эҳтимолий заҳарланган собиқ жосус Сергей Скрипал можароси ортидан рус дипломатларини чиқариб юбораётган сўнгги мамлакат бўлди.

Австралия бош вазири Малколм Тернбул «Солисбуридаги жирканч бу ҳужум ҳаммамизга нисбатан қилинган ҳужумдир,» деган.

Душанба куни собиқ жосусни заҳарлашда Россияни айблаётган АҚШ ва 20 дан ошиқ Европа Иттифоқи аъзо давлатлари, келишган ҳолда, 100 дан ортиқ рус дипломатларини ўз ҳудудидан чиқариб юбордилар.

Россия ушбу «иғвогарлик ҳаракати»га нисбатан жавоб қайтаришга сўз берди.

Тереза Мэй: "Скрипал Россияда ишлаб чиқарилган модда билан заҳарланган"

Британия Россиянинг 23 дипломатини чиқариб юбормоқда

Россия Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлиянинг Британиянинг Солисбури шаҳарчасида заҳарланишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидламоқда. Текширувчилар суиқасдда ҳарбий даражадаги асаб агенти қўлланилганини айтмоқдалар. Ота-боланинг аҳволи ҳамон оғир, лекин барқарор даражада қолмоқда.

Айни вақтда Австралия «яширин махфий зобитлар» эканлиги гумон қилинаётган икки россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юбормоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Рейган ҳам Шўро дипломатларини қувган эди

Тарихда биринчи бор кузатилаётган бундайин катта миқдордаги рус дипломатларини ҳайдаб чиқариш ҳаракати орқали Британияни қўллаб-қувватлаётган давлатлар қаторида бўлмиш Австралия бош вазири жаноб Тернбул, бундан ташқари, Россияни «суверен иттифоқдош давлатлар»даги сайловларга аралашгани ва уларга таҳдидлар қилганини ҳам тилга олиб ўтди.

«Айни шу сабабли биз бошқа 23 давлат билан бир қаторда бу ишга қўл урмоқдамиз. Биз Россиянинг ғайриқонуний ҳаракатлари, ўзбошимчалигига қарши бош кўтармоқдамиз,» дейди бош вазир.

ЕИ давлатлари раҳбарлари ўтган ҳафта асаб агенти билан заҳарлаш акти ортида Россия турган, деган яхлит хулосага келган эди.

Аммо Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳаракатлар «икки ўртадаги қарама-қаршилик»нинг давомини кўрсатмоқда, холос, деб айтган.

«Биз бу бир гуруҳ давлатларнинг нодўстона ҳаракатларини жим кузатиб ўтирмаймиз ва биз бунга нисбатан жавоб қайтарамиз,» деб таъкидланган вазирлик баёнотида.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон мамлакати иттифоқдошлари томонидан амалга оширилаётган «ўзига хос халқаро муносабат»ни олқишлаган.

Би-Би-Си билан суҳбатда жаноб Жонсон «дунё Россиянинг ўзини тутишидан чарчади, энди у ўзгариши керак,» деб айтган.

Бироқ у янги Совуқ Уруш бошланиб келаётгани борасидаги фикрларни рад этган ва яна бир бор Буюк Британиянинг Россия фуқароларига нисбатан ҳеч қандай адовати йўқлигини эслатган.

Мислсиз бирдамлик намойиши

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Москва билан ҳисоблашмаслик осон бўлмайди

Скрипал можароси Москва Қрим яриморолини аннекция қилгандан сўнг бошланган Ғарб ва Россия ўртасидаги дипломатик инқироздан кейинги иккинчи энг йирик халқаро жанжалдир.

Кремл қанчалик раддия билдирмасин, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари бу иш ортида Россия турган, деган қарашда собит қолмоқдалар.

Улар Британия билан бирдам эканликларини намойиш қилиш мақсадида рус дипломатларини оммавий тарзда ўз ҳудудларидан чиқариб юбормоқдалар. Бу бирдамлик Брексит ортидан чигаллашган Британия-Европа Иттифоқи муносабатларига қарамай намоён бўлмоқда.

Европа Кенгаши президенти Доналд Таск Москванинг келгуси ҳаракатларига қараб, яна «қўшимча чоралар» қўлланиши мумкинлигини маълум қилган.

20 дан ошиқ давлатнинг Буюк Британияни қўллаб-қувватлаши мамлакат бош вазири Тереза Мей учун муҳим дипломатик ғалаба сифатида хизмат қилмоқда. Шунингдек, бу воқеалар Трамп маъмуриятининг Россияга нисбатан муносабати кескинлигини яна бир бор кўрсатмоқда.

Кимлар рус дипломатларини ҳайдаб чиқармоқда?

Ушбу ой бошида Буюк Британия 23 нафар рус дипломатини ҳайдаб чиқаришини маълум қилган эди.

Британия билан бирдамлигини маълум қилган бошқа турли мамлакатлар ҳам душанба куни ўзаро келишув ортидан айни қарорни қабул қилди. Булар:

•АҚШ: 60 дипломат

•ЕИ аъзо давлатлари: Франция (4); Германия (4); Полша (4); Чехия (3); Литва (3); Дания (2); Ҳолландия (2); Италия (2); Испания (2); Эстония (1); Хорватия (1); Финландия (1); Венгрия (1); Латвия (1); Руминия (1); Швеция (1)

•Украина: 13

•Канада: 4 (шунингдек, 3 рус дипломатининг мамлакатга кириш сўрови рад этилди)

•Албания: 2

•Австралия: 2

•Норвегия: 1

•Македония: 1

Исландия ҳам Россия билан юқори даражали музокараларни тўхтатаётганлигини эълон қилди. Бундан ташқари мамлакат раҳбарлари июнь ойида Россияда бошланадиган футбол бўйича Жаҳон Чемпионатига бормасликка қарор қилди.

Буюк Британия мазкур ой бошида ўз вазирлари ва қироллик оиласи аъзолари чемпионатга бормаслигини маълум қилган эди.

Австрия, Юнонистон ва Португалия каби Европада давлатлари рус дипломатларини чиқариш юбориш ҳақида ўйламаётганликлари ҳақида айтганлар. Бироқ уларнинг барчаси Британия билан бирдам эканликларини маълум қилиб, заҳарлаш актини қоралаганлар.

Рус дипломатлари нега чиқариб юборилмоқда?

Европа Кенгаши президенти Доналд Таск Иттифоқ аъзо давлатлари Солисбури воқеаси бўйича ўтган ҳафта бўлиб ўтган ўзаро йиғилишда Россия дипломатларини чиқариб юбориш борасида ялпи қарор қабул қилгани ҳақида айтган.

«Келаси кун ва ҳафталарда ЕИ доирасида Россияга нисбатан қўшимча чоралар қабул қилиниши, яна кўпроқ дипломатлар чиқариб юборилиши истисно қилинмаган,» дейди жаноб Таск.

АҚШ давлат департаменти баёнотида шундай дейилади: «4-март куни Россия Британия фуқароси ва унинг қизи жонига қасд қилиш мақсадида Солисбурида ҳарбий даражадаги асаб агентини қўллади.»

«Иттифоқдошимиз бўлмиш Буюк Британияга нисбатан қилинган бу ҳужум кўплаб бегуноҳ одамлар ҳаётини хавф остига қўйди ва уч нафар одам, жумладан, бир полиция зобитининг жиддий шикастланишига олишига сабаб бўлди.»

АҚШ бу ҳужумни «Кимёвий Қуроллар бўйича Конвенция ва халқаро қонунларни очиқдан-очиқ поймол этилиши,» деб атаган.

АҚШ Вашингтондаги Россия элчихонасининг 48 нафар ходими ва Ню-Ёркдаги БМТ қароргоҳида фаолият юритаётган 12 рус дипломатини чиқариб юбормоқда. Шунингдек, ҳукумат Сиетлдаги Россия консуллигини ёпиш ҳақида кўрсатма берган.

Россиянинг АҚШдаги элчихонаси эса ўз Twitter саҳифасида Сиетлдаги рус консуллиги ёпилаётгани ҳақида маълум қилиб, ўз ўқувчиларидан Россиядаги қайси АҚШ консуллиги ёпилишини исташлари ҳақида сўраган.

Тарихда шунга ўхшаш ҳолатлар юз берганми?

Совуқ Уруш даври бўлмиш 1986 йилда АҚШ президенти Роналд Рейган 80 нафар СССР дипломатларини чиқариб юборган.

2016 йилда Россияни АҚШ Демократик Партияси ва Ҳиллари Клинтоннинг сайловолди кампаниясига ноқонуний аралашишда айблаган президент Барак Обама 35 рус дипломатини ҳайдаб чиқарган эди.

Юқори мартабали АҚШ расмийлари Associated Press'га Россиянинг 100 га яқин махфий хизмат зобитлари дипломат кўринишида мамлакатда фаолият юритгани ҳақида маълум қилганлар. Расмийларга кўра, яна ўнлаб рус махфий агентлари АҚШда қолаётганлиги тахмин қилинмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek