Совуқ Уруш: Россиянинг СССРдан фарқи борми ёки Ғарб ўтмишга қайтмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Янги "Совуқ уруш" муаллифларидан бири Путинми?

Россия ва Ғарб ўртасидаги узоқ йиллик ихтилоф авжига кўтарилган бир пайтда халқаро майдонда ўзига хос бирдамлик намойиши юзага келди.

Душанба куни АҚШ ва унинг иттифоқдошлари Буюк Британияда собиқ рус жосусининг заҳарланиши муносабати билан ўнлаб рус дипломатларини ўз ҳудудидан чиқариб юборди.

Скрипал можароси: Россия ва Ғарб ўртасида "совуқ уруш" бошланмоқдами?

НАТО Россия билан янги “Совуқ уруш”ни хоҳламайди

Дипломатларни бундай йирик кўламда ҳайдаб чиқариш охирги марта Совуқ Уруш ва Совет Иттифоқи билан қарама-қаршилик ўз чўққисига чиққан пайтда кузатилган эди.

Мазкур дипломатик инқироз фонида ва Москва-Ғарб алоқалари янада совуқлашган бир пайтда дунёда навбатдаги Совуқ Уруш юзага келмоқда, деган хавотирлар ўртага ташланмоқда.

Совуқ Уруш ўзи нима?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rianovosti
Image caption Танидингизми?

Бу атама 1945 йилдан 1989 йилга қадар АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасидаги зиддиятли муносабатлар даврини ифодалаш учун қўлланилади.

Ядро уруши бошланиб кетишидан чўчиган ҳар икки бир-бири билан очиқ тўқнашувга боришга журъат этмаган. Агар бу икки ўртада уруш бошлангудек бўлса, миллионлаб одамлар тақдири лаҳзаларда ҳал бўлиши ҳақида ўйлашнинг ўзи қўрқинчли.

Тарихчилар Совуқ Уруш икки ҳукумат бошқаруви тизими ўртасидаги қарама-қаршилик эди, деб ҳисоблайдилар. АҚШ ва Ғарб капитализмни, Совет Иттифоқи эса коммунизмни тамсил этар эди.

Ҳар икки томоннинг давлат бошқарув тамойиллари кескин фарқ этар ва, айни пайтда, ҳар икки томон ўз тизимини бенуқсон ҳисоблар эди. Совуқ Урушнинг асосий сабаби ҳар икки томон қарши тарафни ўз мафкурасини дунёга ёйишга уринмоқда, деб ишонишида эди.

Совуқ Уруш қандай бошланди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Роналд Рейган

Бунга аниқ жавоб йўқ, лекин тарихчилар Иккинчи Жаҳон Урушининг якунланиши янги давр бошланишига туртки берган, деб ҳисоблайдилар.

Сабаби бутун уруш даврида иттифоқдош бўлган АҚШ ва Совет Иттифоқининг «дўстлиги» умумий душман бўлмиш Фашистлар Германиясига қарши кураш доирасида юзага келган эди, холос. Ва у узоқ чўзилмади.

Уруш натижасида Европа иккига бўлиниб қолди, АҚШ ва Совет Иттифоқи эса дунёнинг икки мутлақ қудрати сифатида юзага чиқди.

Ҳар икки тарафнинг бошқарув тамойиллари бўйича қарашлари турлича бўлгани сабабли урушдан кейинги халқаро тартиб қандай бўлиши ва Европа қандай бўлиб олиниши борасида ихтилофлар юзага кела бошлади.

Натижада дунё қудрат учун интилаётган икки қарама-қарши томонга бўлиниб қолди, алоқалар совуқлаша борди.

Кейин нима бўлган эди?

Ҳар икки томон ҳам йирик иттифоқчилар бирлашмаларини ташкил қилди. АҚШ ва Ғарб НАТОга асос солди, Совет Иттифоқи эса Шарқий Европа давлатлари билан Варшава Пактини тузди.

Ҳар икки томон исталган пайтда ҳужумга учрашидан қўрқиб яшар эди ва шу қўрқув туфайли янги қуроллар устида изланишлар ҳамда қуролланиш авж олди.

1960 йилларга келиб АҚШ ҳам, Совет Иттифоқи ҳам қитъалараро юқори тезликда уча оладиган ядровий каллак ташувчи ракеталарни яратиб бўлган эди. 1960 йиллар охирига келиб ҳар икки томон ҳаводан мудофаа тизимларини шакллантирди. 1962 йилдаги Куба Инқирозида дунё ядровий урушдан зўрға қутилиб қолди.

АҚШ ва Совет Иттифоқи бевосита тўқнашувга кириш ўрнига учинчи томонларни ишга солиб, билвосита урушларга зўр берди.

«Совуқ Уруш ҳеч қачон совуқ бўлмаган эди,» дейди Ливерпул Жон Мурес университетининг АҚШ тарихи бўйича катта маърузачиси Малколм Крейг.

«Миллионлаб одамлар билвосита урушлар сабабли ҳалок бўлди, қудрат учун жон талашаётган ҳар икки тараф бирор инқирознинг асл моҳиятини тан олмасдан унга таъсир ўтказишга зўр берар эди. Камбоджаликлар, конголиклар, корейслар, эфиопияликлар, сомалиликлар ва бошқа кўплаб миллатлар учун Совуқ Уруш қайноқ олов ичида ўтди.»

Ҳозирги ҳолат ҳам Совуқ Урушга монандми?

Ҳозирги рус дипломатларини чиқариб юборилишида Совуқ Уруш аломатларини кўриш мумкин.

1986 йилда ҳам АҚШ ва Совет Иттифоқи бир неча ҳафта давомида ўзаро дипломатларни ҳайдаб чиқариш бўйича мусобақалашган эдилар. Ўшанда АҚШ президенти Роналд Рейган 80 нафар шўро дипломатини чиқариб юборган, уларнинг бештасини жосусликда айблаган эди.

Собиқ рус жосусининг Буюк Британияда заҳарланишида ҳам Совуқ Уруш давридаги Совет Иттифоқи хатти-ҳаракатларини кўриш мумкин.

«Ўша даврда Совет Иттифоқи ўзига ёқмаган одамларни чет элда бўлса ҳам, ўлдиришдан тоймас эди,» дейди Лондон Иқтисодиёт Мактабининг халқаро муносабатлар бўйича профессори Майкл Кокс. «Шунинг учун ҳам Россиянинг ҳозирги ҳаракатлари биз учун янгилик эмас.»

Бироқ Россиянинг ҳозирги хатти-ҳаракати илдизи Совуқ Урушдан ҳам олдинроққа бориб тақалади.

«Бугун янгиликларнинг асосий мавзуси бўлиб қолган сиёсий суиқасдлар каби воқеалар Совуқ Урушдан кўра чуқурроқ тарихга эга,» дейди Малколм Крейг. «Шу сабабли ҳозирги вазиятдан Совуқ Уруш аломатларини топиш унча тўғри эмас.»

Шундай қилиб, хавотир олмасак ҳам бўладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Путин ва Трамп

«Биз ҳали ҳам ядро қуролларига эгамиз ва улар доимгидек ялпи урушга киришдан тийиб турибди. Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги иқтисодий алоқалар эса озмунча эмас. Ғарбда ҳам кўплаб руслар яшайди,» дейди Малколм Кокс.

Шунингдек, ҳозирги Россия ва Совет Иттифоқи ўртасида анчагина фарқ мавжуд ва бу Совуқ Уруш қайталанишидан хавотирларни енгиллаштиради.

«Россия Совет Иттифоқи эмас ва унинг халқаро позицияси Совет Иттифоқиникидан анча фарқ қилади,» дейди Малколм Крейг. «Россия СССРдан кўра халқаро иқтисодий тизимга мустаҳкамроқ боғланган. Шу сабабли унга нисбатан иқтисодий санкциялар иш бермоқда.»

«Мен Путиннинг Ғарб билан алоқаларни янада совуқлаши ва янада кўпроқ санкцияларни хоҳлашига ишонмайман,» қўшимча қилади жаноб Кокс.

Аммо жаноб Кокс ҳозирги зиддиятлар нима билан тугашини олдиндан башорат қилиб бўлмаслигини айтади.

«Совуқ Уруш 1989 йилга қадар икки томонни бир-биридан ажратиб турган эди. Ҳозир эса у даврдаги чегаралар буткул бузилиб кетди.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek