Ҳар нарсада инглизларни айблайдиган мамлакат

Image caption Би-Би-Си мухбири Авлия Атрафининг айтишича, Афғонистонда кўп кўргуликлар учун, асосан, Буюк Британия айбдор қилинади.

Фитна назарияси бутун дунёда авж олган бир пайтда баъзи давлатлар бошқаларидан кўра кўпроқ тилга олинади. Би-Би-Си мухбири Авлия Атрафининг айтишича, Афғонистонда кўп кўргуликлар учун, асосан, Буюк Британия айбдор қилинади.

Мен фитна назарияларини эшитиб катта бўлганман. Уларнинг баъзилари жуда ғалати.

Россия Афғон Толибонини қуроллантирмоқдами?

Сиз кўрмаган Афғонистон

Болалигимда машҳур Брюс Ли ўз рафиқаси томонидан заҳарлангани ва бу ҳол ошкор бўлгандан кейин актер аёлини қўллари билан бурдалаб ташлаганини айтишган эди.

Яна у уча олади, ҳам дейишарди.

Иттифоқчи кучлар Берлинга бостириб кирганда Гитлер Жип машинасига ўтириб қочган, кейин машина самолётга, ундан сўнг сувости кемасига айланган ва у ойнадан бошини чиқариб «Мен қайтаман!» деган эмиш.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Афғон ҳаво кучлари учувчилари

Шундай ажойиб фикрлардан яна бирида Афғонистондаги ҳар бир ёмон ҳолат ортида инглизлар туради, дейилади.

Болалигимда, доимо, нега Британия ватанимга бунча ёмонлик соғинади, деб қизиқар эдим. Йигирма ёшларим чамаси Буюк Британияга кўчиб келганимдан сўнг ватандошларим иддаосида жон борлигини англаб етдим.

Асрлар давомида Афғонистон Россия ва Британия империялари манфаатлари тўқнашган ҳудуд бўлиб келган. Икки қудратли империя Афғонистон ҳудудида «Буюк Ўйин» ўйнаганлар. Замонавий Афғонистонга асос бўлган давлат сиёсий харитада пайдо бўлганда унинг ҳукмдори фикри билан ҳеч ким қизиқмасди. Афғонистон 1919 йил ўз мустақиллигини эълон қилгунга қадар инглизлар ва афғонлар ўртасида учта уруш содир бўлган эди. Ниҳоят инглизлар Афғонистонни тарк этди.

Image caption Би-Би-Си мухбири Авлия Атрафи

Афғон дунёқарашида инглизлар ҳамон соя остида Афғонистон диёрида изғиб, жосуслик қилиб юрибди, турли фитналарни режаламоқда ва душманларни қарши қайрамоқда қабиладаги фикрлар муҳрланиб қолган. Халқ орасида имомлар қиёфасидаги инглизлар диндорларни йўлдан оздиришга уринади, тиланчилар ниқобидаги инглизлар эса масжидларга яширинган хазиналарни қўриқлаб ўтиради каби эртаклар кенг тарқалган. Бироқ инглизлар фақат афғонлар томонидан фитна қўзғашда айбланмайди. Курд дўстларимдан бири унинг онаси узоқ ёққан ёмғирдан сўнг қўшнининг девори қулаб тушса ҳам, буни инглизлар фитнасига йўйишини айтиб берган эди. Эронда анчадан бери намойиш этиладиган бир телесериалда ҳар нарса инглизлар қўли борлигидан шубҳаланувчи қаҳрамон образи мавжуд. Дўстларимнинг сўзларига кўра, агар сиз Бангладешда жуда эҳтиёткорлик билан иш юритсангиз, «инглиз» деган лақаб орттирасиз. Кобулда бир гап юради: Чуча Э энглис - ёвуз инглиз қони.

Бироқ 1980 йилларда бошланган Афғон фуқаролар урушидан сўнг бизга қарши фитна уюштирувчилар рўйхати кенгайди. Энди ундан Покистон истихборот агентлиги ва, албатта, америкаликлар жой олди.

Қайта-қайта такрорланган хорижий интервенциялар биз - афғонларни фитна назарияси бўйича ижодкорга айлантириб юборди.

Image caption Мухбирлик

Лондонда яшайдиган бир афғон такси ҳайдовчиси чет элликлар бизнинг нефтьимизни самолётларга ортиб, ўғирлаб кетишни хоҳлашидан ёзғирган эди. Бошқа ватандошларим фикрича, хорижликларга афғон нефтьи эмас, урани керак. Афғонистонда судья бўлиб ишлайдиган бир одам Бен Лоден аслида Америка жосуси эканлиги, кўп нарса билгани учун америкаликлар уни ўлдириб юборганини айтган эди. Бошқалар Бен Лоден ҳануз тириклиги, Американинг қайсидир оролида роҳат-фароғатда кун кечираётганига ишонади.

Афғон генераллари эса НАТО Толибонни пул ва қурол билан таъминлайди, дейди. Уларга кўра, бу ҳақида сўз очишга жазм қилган таржимонлар НАТО аскарлари томонидан тикучарлардан улоқтирилар эмиш. Шунингдек, НАТО кучлари афғон контрабандачиларидан гиёҳванд моддалар сотиб олиб, ҳалок бўлган аскарлар қорнида Ғарбга жўнатиши ҳақида афсоналар юради.

Ўтган йили бир дўстимни йўқлаб бордим. Унинг отаси Афғонистон шарқидаги қабилалардан бирининг бошлиғи, яъни хони. Кўк чой ичиб, бироз уёқ-буёқдан суҳбатлашганимиздан сўнг мен ундан ҳудудда Исломий Давлат кучлари пайдо бўлгани ҳақида сўрадим. Билдимки, сўраб хато қилган эканман. Хон мен миллион бора эшитган сийқаси чиқиб кетган эртакни айтиб, узоқ маъруза бошлаб юборди. Маърузанинг қисқача тавсифи шундай: «Бунинг ҳаммаси Покистон, америкаликлар ва инглизларнинг ўзаро ўйини. Афғонлар, ҳар доимгидек, бу фитна учун товон тўламоқда.»

Ўзимни ажаблангандек тутиб сўрайман: «Бу ўйиндан уларга нима фойда?»

«Улар бу ўйинни 50 йилдан буён режалаб келишади. Минг уринмайлик, биз уларни мақсадини билолмаймиз,» дейди қария.

«Лекин ўзингиз кўриб турибсиз, Россия, Покистон ва Хитой иттифоқдошга айланмоқда. Улар шунчалик аҳмоқми?» давом этаман.

«Яхшилаб ўйла. Америкаликлар Толибон ҳукуматини атиги бир ҳафтада янчиб ташлаган эди. Энди улар тоғларда яшириниб юрган бир ҳовуч жангариларни йўқ қила олмай қолдими?» жавоб беради хон.

У мени гапда енгдим ўйлаб, намоз ўқишга кириб кетади.

Афғонлар учун ташқаридан кимнидир айблаш доимо зарур. Яқинда Кобулда ҳамкасбларим билан жума намозимни адо этиб бўлишим билан белига бомба илган бир худкуш шиалар масжидини нишонга олди, деган хабар келди.

«Бу Исломий Давлатнинг ишими?» сўрадим мен.

«Ёки яҳудийлар ва христианларнинг иши,» қўшимча қилди ёнимдаги журналистлардан бири.

Унинг даъвоси асоссиз эканлигини яхши англасамда, барибир сўрадим: «Уларга бундан нима фойда?»

«Икки нарса,» бу сафар унинг овози дадил янгради. «Бундай ҳаракатлар диндорларни масжидлардан узоқлаштиради ва мусулмонлар бирдамлигига рахна солади.»

Намоздан сўнг масжиднинг яшилга бурканган ҳовлисидан ўнқир-чўнқир кўчага чиқиб борар эканман, бир фикр туйқус бошимда айлана бошлади: тил, этник бирлик ва мафкура жиҳатдан шунчалик турфалашиб кетган Афғонистонни фақат бир нарса бирлаштириб турар экан - хорижликларга бўлган ишончсизлик.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар