Фарзанд кўрганидан пушаймон оналар

Кўп ота-оналар фарзанд тарбиялаш мушкуллигини тан олади, лекин бир кун келиб бу қийинчиликлар ўз мевасини берганда роҳат кўришларига ишонадилар. Балки ғалати эшитилар - фарзанд туғганидан афсусланадиган оналар ҳам бор. Уч турли аёл Виктория Дербишайр дастурига бу ҳақдаги ўз дардларини айтиб бердилар.

Оналик таътили ҳамма ерда мавжуд имкон эмас

Россиядаги Дилафрўз: ‘Ҳомиладор экан, эри ташлаб кетган, энди эса...’

Рейчел

«Вақтни орқага қайтаришнинг имкони бўлганда эди, фарзанд кўрмаган бўлар эди,» дейди 50 ёшлар атрофидаги Рейчел.

Унинг уч нафар фарзанди бор. Уларнинг энг кичиги 17 ёшда. Рейчел болаларини, асосан, ўзи вояга етказган.

«Шундай вақтлар бўлганки, мен оналик масъулиятини ҳис қила олмаганман,» дейди у.

«Бола боқиш гўё унинг оғзига тинимсиз овқат тиқишдек туйилган менга - 'бунинг нимаси қизиқ?' деб кўп ўйлар эдим.»

«Қийналганимдан дод солгим келарди. Агар сизда заррача оналик туйғуси бўлса, фарзандингиз кўзингизга фариштадек кўринади. Агар бундай туйғу бўлмаса, худди ўзингизни қафасга тушиб қолгандек ҳис қиласиз,» давом этади Рейчел.

Рейчел фарзанд кўришдан олдин бу ўзгариш ҳаётига қандай таъсир қилиши ҳақида жиддий ўйлаб кўрмаганини тан олади.

«Мен бундай дейишдан ўзимни айбдор сезаман, чунки болаларимни чин дилдан севаман,» дейди у.

«Мен доим яхши она бўла олмаганимни ҳис қиламан ва бу айбдорлик ҳисси мени доим қийнаб келади. Болаларим бундай ўйлашимдан хабар топиб қолишидан хавотирланаман.»

«Бироқ ҳаётингиз яшашдан кўнгил совиш, эркинлигингизни бой беришдан иборат бўлиб қолмаслиги лозим. Шундагина уларнинг ҳаёти кўнгилдагидек бўлади.»

Одамлар яхши одам эмас, деб ўйлашлари туфайли она бўлганидан пушаймонлигини тан олиш у учун ўта оғир.

Рейчел худди ўзи каби бошқалар қарғишига учрамаслик учун ичидаги туйғуларини яширишга мажбур аёлларни яхши тушунади.

«Бошида ўзимни шунчалик ёлғиз сездимки… Фикрлашимда нимадир хато эканлигини ҳис этар эдим. Ёнимда мени тинглайдиган, тушунадиган инсон бўлганда эди, балки бунчалик қийналмаган бўлар эдим.»

Алисон

«Ҳозиргина кичкина боғи бор уйда бир бахтли оилани кўрдим. Болалари мактаб томон шошиб кетмоқда - эртакнинг ўзгинаси,» дейди Алисон.

Алисон болалигида асраб олинган. Катта бўлар экан, у доим ўз оиласи бўлишини истар эди.

Лекин бу истак унинг тўнғичи туғилгандан сўнг чилпарчин бўлди - Алисон ўзида оналик туйғуси мавжуд эмаслигини англаб етди.

Алисон ўзининг янги - оналик вазифасидан узоқларга қочиб кетишни истар эди. Олти ойдан сўнг ишига қайтди.

«Мен ишдан жавоб олиб, ўғлимни энагага қолдириб кетар эдим. Шу йўл билан ўзим учун бўш вақт яратар эдим,» дейди у.

«Бу ўғлимни ёнида бўлишни истамаганман, дегани эмас. Шунчаки болага қараш, у билан ўйнашни тасаввур қила олмас эдим.»

Кейинроқ Алисон ва унинг турмуш ўртоғи яна бир фарзанд орттиришга қарор қилишди. Болаларнинг иккаласи ҳам университетда таҳсил олмоқда.

У агар ҳозирги ақли бўлганда, ҳеч қачон фарзанд кўришга рози бўлмаслигини тан олади.

«Ҳар кимнинг эҳтиёжлари ва истаклари биринчи қаторда туради. Сўнгги йигирма йил давомида такрорлаб келаётган сўзларим шундай бўлиб қолди: 'агар ҳамма бахтли бўлса, мен ҳам хурсандман'. Гўё ўзим учун яшамаётгандекман,» дардини тўкади Алисон.

«Бирор ишнинг бошини тутишим мумкин эди. Мактаб билан ҳисоблаганда, бор-йўғи 15 йил таълим олганман, холос. Бу карьера қилиш учун камлик қилади.»

Алисон фарзандларини қанчалик севишини тасвирлаб ҳам беролмайди, лекин уларни дунёга келтириб, ўйламасдан иш қилганлигини ҳам тан олади. «Улар менинг вақтимни ўғирлаганидан ғижинаман.»

Унинг айтишича, кўп аёллар одамларнинг маломатидан қўрқиб, бу мавзу ҳақида оғиз очмас экан. «Улар бошқалар кўзига худбин бўлиб кўринишни хоҳлашмайди. Бола кўришни истамагансанми, демак сен ёмон онасан, деган фикр одамлар онгига ўрнашиб олган.»

Бундай кайфият қанчалик кенг тарқалган?

Очиқ гапирилмаслиги туфайли қанча аёл она бўлганидан афсусда эканлигини билиш мушкул.

2016 йил YouGov томонидан Германияда ўтказилган сўров натижаларига кўра, 1,200 нафар иштирокчидан 8 фоизи ота ёки она бўлганидан пушаймон чекар экан.

2015 йилда исроиллик жамиятшунос Орна Донат эълон қилган тадқиқотда у билан суҳбатда бўлган барча аёлларнинг фарзанд кўрганидан афсусланганлиги қайд этилган. Донат хоним суҳбатдошларининг барчаси «оналикни ҳаётидан ўчириб ташлаш» орзусида эканлигини айтади.

Оналикдан таассуфда бўлган аёллар матонатли эканлиги кўриниб туради. Улардаги ҳолат туғруқдан кейин юзага келувчи вақтинчалик тушкунликка алоқадор эмас.

Жой

20 йил олдин қиз фарзандни дунёга келтирган Жой она бўлишни истамаслигини олдинроқ англаб етган.

«Ҳамма фарзанди у учун ягона овунчоқ бўлгани, фарзанди учун муҳаббат уларни ҳаётда ушлаб тургани ҳақида сўзлайди. Мен бундай нарсани ҳис қилмаганман. Мен она бўлишга, шунчаки, буюк масъулият сифатида қараганман, холос,» дейди у.

Жой қизалоғини дунёга келтирган илк кунларига юзда табассум ва қалбда қувонч билан қарай олмаслигидан ўкинади.

«Бу жуда оғир эди. Худди тирноқ билан ер қазишдек оғриқли эди.»

«Балки барча оналар бундай даврдан ўтишга мажбур бўлса керак. Мен шунчаки фарзандли бўлганимдан бошим осмонда эканлигини айтолмасдим,» сўзлайди Жой.

Жой ўзида оналик табиати, оналик туйғуси шаклланмаганлигига ишонади.

«Мен узоқ вақт бошқа оналар ҳам мажбуран ўзини бахтли кўрсатишга уринишса керак, деган фикрда эдим. Уларнинг ҳам бир кун келиб, она бўлганидан пушаймон эканлигини изҳор этишларини кутардим.»

«Мен ўзимда меҳрибон она бўлиш учун иштиёқ ёки куч топа олмадим. Ишимга қайтишни истадим. Карьерам, бошлаб қўйган бизнесимни давом эттиришни хоҳлардим,» ҳикоя қилади Жой.

Жойнинг қизи вояга етгандан сўнг онасининг меҳридан шубҳалана бошлайди. «Чунки менинг меҳрим жамият қолипларига тўғри келмас эди,» дейди у. «Мен қизимни жонимдан ортиқ кўраман, лекин бошқа оналардек унга ёпишиб ола олмайман.»

Жойнинг фикрича, бошқа аёллар у каби оналарни тушуна олганда, уларнинг дарди, уларга бўлган босим анчайин камайган бўларди.

«Биз ўйлаганданда кўп бундай оналар,» давом этади Жой.

«Энг муҳими аёллар, ҳеч бўлмаганда, ўзи билан самимий бўлиши лозим. Агар фарзанд кўриш ва оила қуриш аёл учун ҳамма нарсадан муҳим бўлса, у ҳолда бор вужуди билан шу истаги учун яшаши зарур.»

«Бироқ аёлнинг ичида 'буни негадир қабул қила олмаяпман' деган овоз келишдан тўхтамаса, унда ҳеч қандай уят ёки ҳақоратдан чўчимай, дангал туриб 'мен она бўлишни истамайдиганлар хилиданман, мен фарзанд кўришни хоҳламайман' дейиши лозим.»

Барча исмлар ўзгартирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek