"Сени ўлдирамиз": Чеченистонлик жинсий озчилик вакиллари ҳикоялари

Image caption Марко

"Агар Чеченистонда гейлар бўлганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга ҳеч қандай иш қолмас эди, ота-оналарнинг ўзи уларни 'борса келмас' жойларга жўнатган бўларди." Айни фикр бир йил олдин Чеченистон раҳбарининг матбуот котиби томонидан мамлакатда жинсий озчиликка қарши кенг кўламли қатағон кетаётгани борасидаги даъволарга нисбатан айтилган эди.

Орадан бир йил ўтиб, республикани тарк этган ўнлаб одамлар ЛГТБ ҳамжамиятига қарши босимлар, ҳаттоки бу озчилик вакилларининг ўлдирилганлиги ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Ҳудуддан кетишга қарор қилган гей ва лезбианкалар, одатда, Москва ёки Санкт-Петербург шаҳрида «транзит зона» аталмиш вақтинчалик жойда қачон бошқа давлатларга учиб кетиш имкони пайдо бўлишини кутадилар.

Чеченистонлик гей Рамзан Қодировдан нима учун узр сўради?

Рамзон Қодиров гейларни ‘шайтонлар’, деб атади

Би-Би-Си Рус Хизмати мухбири Олга Просвирова Чеченистондан қочиб чиқишга муваффақ бўлган Руслан ва Марко билан суҳбатда бўлди.

(Қаҳрамонлар исми ўзгартирилган).

Русланнинг ёши 30 да. Марко эса ундан деярли ўн ёш кичик.

Марко ташқаридан жасур қиздек кўринади, тортинмайди ва қўрқмайди. У «транзит зона»да бир неча ойдан бери ҳужжатлари тўғри бўлишини кутмоқда. Шундан сўнг ўзлигини яширишга ҳожат қолмайдиган томонларга бош олиб кетмоқчи.

Руслан кўринишидан анча тушкунликка тушиб қолган. У оиласи, айниқса, онаси ва жажжи жиянчаси ҳақида сўзлай бошлаганда кўз ёшини тиёлмайди. У ўзлиги учун уят ҳиссини туйиш ва кўнгил қўйган эркагига бўлган муҳаббатини доимий мувозанатда ушлашга уринади.

Хавфсиз ҳисобланадиган бу ҳудудга тушиб қолганига кўп бўлгани йўқ. Ҳали бу қарорига кўника олмаган, бундан кейин нима қилиш борасида боши қотган. Яқинларини соғинади, уларнинг ҳолидан хабар ололмайди. Ортга ҳам йўли қолмаган.

Руслан ва Марко турли шаҳарларда яшашган. Ҳозир ҳам турли шаҳарларда жойлашган «транзит зона»ларда қолмоқдалар. Улар бир-бирларини танимайдилар, тақдирлари ўхшашлигидан уларни бир нарса бирлаштириб туради - эҳтиёткорлик. Улар жамоат жойларидан узоқроқ бўлишга, ёлғиз юрмасликка, юзларини шарф, бошларини эса капюшон билан ёпиб юришга одатланганлар. Улар яқинларидан фақат бир гапни эшитар эдилар: «Сени Грознийга олиб борамиз - у ерда масалангни ўзлари ҳал қиладилар.»

Сирлар фош бўлганда

Руслан: "Яқинларим тасодиф туфайли бу сирдан хабар топиб қолганлар. Балки аҳмоқлигим туфайлидир. Мен йигитим билан смс ёзишиб, уларни ўчиришни унутиб қўйгандим. Келинойим қўнғироқ қилиб олиш учун телефонимни сўраб турди. Ҳаёлим қочиб, унга телефонни тутқазиб юбордим. Кейин хонага кирсам, у диванга ўтириб олиб, ёзишмаларимни титкилаб ётибди, ундаги расмларни кўряпти. Ўшанда у менга бир оғиз гапирмади, лекин мен барибир уялиб кетдим. Тахминан бир ҳафтадан сўнг у синглим билан уришиб қолди ва жаҳл устида унга «Сенинг аканг - гей!» деб бақирди. Синглим шу заҳоти бу гапни акам ва онамга етказибди."

Марко: "Йигирма ёшга тўлганимда бу сирни опамга айтдим. «Менинг синглим лезбианка бўлиши мумкинмас, бу яхшимас. Бошқа одам гей ёки лезбианка бўлса, менга заррача қизиқмас, лекин фақат менинг синглим эмас,» деди у. Биз мусулмон чечен оиласидан эканлигимизни олганда, яқинларимнинг бу ҳолга муносабати қандай бўлиши олдиндан маълум эди."

Иснод ва қабул қилиш

Руслан: «Менга болалигимдан йигитлар ёқар эди. Йигитлар билан илк тажрибам 16 ёшимда бўлган. Кейинроқ у билан алоқамиз узилган. Сўнг ижтимоий тармоқларда йигитлар билан ёзиша бошладим, лекин улар таклиф қилган муносабатда бўлишни истамас эдим. Қанчадир вақт ўтиб, ҳозирги йигитим билан танишдим - муносабатимиз уч йилдан бери давом этиб келмоқда. У менга таскин берар, тез-тез яширинча учрашиб турар эдик. Мен уникига меҳмонга борардим, у меникига келарди. Одамлар билиб қолиб, иснодга қолиб кетишимдан қўрқар эдим. Аммо атрофда йигитимдан бошқа мени тушунадиган, бу ҳақида мен суҳбатлашадиган одам йўқ эди.»

Марко: «Менга қизлар ёқишини тўрт ёшимда англаганман. Мен бундайлигимдан ҳеч қачон нольимаганман, қандай бўлсам, ўзимни шундай қилганман, ўзимни шундайлигимча севганман. Биринчи қизим билан интернетда танишганман. У мендан 15 ёшга катта эди. Алоқаларимиз ажойиб, муҳаббатга тўла эди. Ҳозирги қизимнинг исми Настя (исм ўзгартирилган - Би-Би-Си). У билан келажагимни боғлаш ниятидаман. Настя билан 21 ёшимда Vkontakte'да танишганман. У малласоч, мовий кўз, баланд бўйли, гўзал, жозибали, ақлли - унда соҳибжамолларга хос барча сифатлар мужассам. У мени сўзсиз ҳам яхши тушунадиган ягона инсон.»

Қочиш

Марко: «Ўсмирлик чоғларим жонимга қасд қилиш борасида кўп ўйлардим. Кейинроқ якуний қарорга келдим: йўқ, сизлар менинг ўлимимни кўрмайсиз, сизга бундай бахтни инъом қилмайман, мен кетаман ва имконсиз туйилган орзуларимни қўлга киритаман. 15 ёшимдаёқ қочиб кетиш ҳақида режалар қилганман.»

Руслан: «Яқинларим сиримдан хабар топгандан сўнг паспортим, ҳужжатларим ва қўл телефонимни олиб қўйишди. Бир ойдан ошиқ битта хонада қамалиб яшадим. Кунлардан бир кун ташқарига чиқиб, қўшнимдан телефонини сўраб турдим. Ҳеч кимга айта кўрма бу ҳақида, деб уни огоҳлантирдим. Йигитимга қўнғироқ қилиб, бор гапни айтиб бердим. У ярим кечаси шаҳримга келиб, мени олиб кетди ва биз биргаликда Москва томон йўлга чиқдик.»

Миш-мишлар ва хавф-хатар

Руслан: «Уйимда ҳозир қандай ҳолат ҳукмронлигини билмайман. Акам балки мени излаётгандир, балки қидирувга бергандир. Ҳозир мен кўчага фақат йигитим билан чиқаман. Яшаш жойимдан узоқлашмасликка ҳаракат қиламан. Оч қолмаслик учун ишлашимга тўғри келди. Президентлик сайлови арафаси Григорий Явлинский номзоди учун тарғибот варақаларини тарқатиб, пул топдим. Метрода бирор таниш одамни учратиб қолмаслик мақсадида тонг саҳарда ишга чиқардик. Уйга қош қорайганда қайтардик. Шундай кунлардан бирида полициячилар мени пайқаб, кузата бошлади. Қочишга мажбур бўлдим.»

Марко: «Менинг юзимга очиқ айтишди: агар бирор ножўя ҳаракат қилсанг - сени ўлдирамиз. Ўз оилам мени ўлдирмаган тақдирда ҳам, бу ишга қўл уришга тайёр қариндошларим кўп эди. Улар мақсадига етмагунча тўхтамайди.»

Руслан: «Чеченистонда гейларга қарши кенг кўламли тозалов ўтказилди. Қодировчилар, масалан, бирор гейни топиб, шантаж ва қийноқ орқали уни бошқа гейларни сотишга мажбурлайдилар. Баъзиларни қўлга тушириб, ертўлаларга олиб кетдилар, ўласа қилиб калтакладилар. Баъзи гейлар изсиз ғойиб бўлди. Баъзиларни яқинлари қидиришни ҳам исташмади - исноддан қутилишни хоҳладилар.»

Анъаналар ва дин

Марко: «Мен доим анъаналарни писанд қилмаганман. Узун юбкада юриш ёқмасди.»

Руслан: «Туғилганимдан Қуръонда кўрсатилган барча одатларга амал қилганман. Ибодатни канда қилмаганман. Бироқ вақт ўтган сари бундай яшай олмаслигимни тушуниб етганман. Доимий асаббузарлик ва босимга чидай олмаганман. Балки шу азоблардан қутилишим учун Яратганнинг ўзи келинойим ҳаммасидан хабардор бўлиб қолишига йўл қўйиб бергандир. Мен фақат бир нарсани жуда-жуда истайман - жондан ортиқ кўрган жиянчам мен ҳақимда ёмон ҳаёлларга бормасин. У вояга етиб, турмушга чиққанда, унинг эри 'сенинг тоғанг гей, оиланг билан ҳаромсан,' демасин. Аллоҳдан шунга йўл қўймаслигини ўтиниб сўрайман.»

Марко: «Мен Исломга эътиқод қиламан, Яратганга ишонаман. Менинг диним ёмон ёки ўзим истаган шахсга айланишимни тақиқлайди, деб ҳисобламайман. Ислом гомосексуализмга тоқат қилмайди. Чечен одатлари ҳақидаку, гапирмаса ҳам бўлади. Гомосексуализм гуноҳ, ахлоқсизлик ва руҳий касаллик сифатида баҳоланади. Агар сиз одатларни бузсангиз, бунинг оқибати аянчли тугайди.»

Руслан: «Бизнинг Чеченистонда одамлар ўта диндор, таомилларга кучли амал қиладилар. Қишлоқ жойларда ўта қадимчи чеченлар яшайди: ўғил бола яланғоч оёғини кўрсатиб юриши, қиз бола эса замонавий кийим кийиши мумкинмас - уят бўлади. Гейларга тоқат қилиш ҳақида айтамаса ҳам бўлади. Яқинлар уларни ҳеч қачон тушунмайди. Баъзида оналар буни қабул қилиши мумкин, лекин ака-укалар ҳеч қачон қабул қилмайди ва сенинг масалангни ҳал қилишга киришиб кетадилар.»

Марко: «Чечен жамиятидаги бир қолипга солинган фикрлашни тўғри, деб ҳисобламайман. Бироқ бу жамиятда ҳам ҳар хил одам бор. Ҳамма чеченлар бундай эскича фикрламайди. Ажойиб оилалар, одамлар ҳам бор. Ёмон оилалар ҳам бор. Ҳар нарсани оқ-қорага ажратиш тўғри эмас.»

Жинларни ҳайдаш

Руслан: «Онам мен оиламиз юзини шувут қилаётганим, шу туфайли мени Грознийга олиб бориб, у ерда ичимдаги жинни ҳайдаш зарурлигини айтди. Яқинларим мени ичимга жин кириб, йўлдан оздиряпти деб ўйлар эди. Улар мен аслида шундай туғилганимни ҳеч қачон англаб етмайдилар. Жин ҳайдаш жараёни қуйидагича кечади: масжидга олиб киришади, мулла дуолар ўқишни бошлайди ва бўлди - жин ичингдан чиқиб кетди, деб ҳисоблайдилар. Лекин бу шунчаки мантиқсиз фикрлаш, холос.»

Марко: "Уйда менга 'ёки сени ўлдирамиз ёки жиннихонага тиқамиз' деб айтишди. Ичига ёвуз жин кириб олган, деган фикрлар ҳам бўлди. Ўзимни худди жин чалган одамдек кўрсатиб юриш ҳақида ҳам ўйлаб кўрдим. Акам мени масжидга олиб борди. Мени кўрган мулла: «Аниқ ичига жин кириб олган! 100 фоиз!» деб қичқирди. Мен YouTube'да кўрган видеоларим бўйича ўзимни ичига кириб олган одамдек кўрсатиб, роль ўйнадим.

Биз алоҳида хонага кирдик. Қўл-оёғимдан маҳкам ушлаб турдилар, танамга номаҳрам қўли тегмаслиги учун тўлиқ ёпиб қўйишди. Мулла бошимдан тутиб, Қуръондан суралар ўқий бошлади. Ўз-ўзидан, жин чалган одамдек ҳаракатлар қилиб туришга мажбур бўлдим.

Мен жин номидан гапира бошладим. Ўзимни етти жиндан иборатмиз, деб таништирдим. Ҳаммасига ўша пайтнинг ўзида ном тўқиб чиқдим. Турли овоз билан жинлар тилида гапира бошладим. Маросим икки соат давом этди. Роса кулгим келди, ўзимни зўрға ушлаб турдим. Маросим тугаши билан мендан бошқа ҳамма хурсанд эди. Яқинларим 'Яшасин! У энди лезбианка эмас,' деб қичқирар эдилар."

«Тўғри йўл»га солишга уриниш

Марко: «Менга куёвлар ҳам топиб қўйишди. Мен улардан бири билан танишиб, яқинларимни тинчлантириш ва чалғитиш мақсадида у билан учраша бошладим. Ҳамма хурсанд эди, тез орада турмушга чиқишимни тахмин қилишарди. Мен ичимда: ҳа, тез орада эрга тегаман, кутинглар, дер эдим.»

Руслан: «Онам акам билан менга қайлиқ топиш ҳақида маслаҳатлашарди. Акамнинг дўсти синглисини олиб келди ва акам 'Таниш, бўлажак рафиқанг,' деди. Мен ўзимни тутиб туролмадим ва унга уйланмаслигимни айтдим. Акамнинг фиғони кўкка ўрлади. Мени Грознийга олиб боришини, у ерда мени масаламни ўзлари ҳал қилишларини айтди.»

________________________________________

Ҳозирда яна қанча инсон транзит ҳудудда янгидан ҳаёт бошлаш имконияти пайдо бўлишини кутиб ўтиргани номаълум. Баъзида уйидан қочиб кетганларга ЛГБТ ташкилотлар ёрдам қўлини чўзади, Россиядан бош олиб кетиш имкони туғилгунга қадар уларни уй билан таъминлайди. Баъзи ҳолларда бундай квартиралар қочоқларни қондош чеченлар ўч олишидан сақлаб қола олмайди. Бундан ташқари ишлаш имконияти йўқлиги туфайли улар муҳтожликдан қийналадилар.

Бундай квартираларда яшовчилар куннинг кўп қисмини ўз дардларини бир-бирларига айтиш, келажак ҳақида ўйлаш, режалар тузиш билан ўтказадилар. Уларнинг тарихи деярли ўхшаш: ёш йигит-қизлар нарсаларини олишга ҳам улгурмай, ярим тунда уйдан қочиб чиқадилар. Аксар ҳолларда улар огоҳлантириш хабари олганларидан кейин шоша-пиша қочишга қарор қиладилар: «Қодировчилар сен ҳақингда билиб қолибди.»

Марко ҳозир ҳеч қандай муаммосиз Россияни тарк этди. Кетишдан олдин унинг келажакдаги режалари қандай эканлиги билан ўртоқлашди: «шунчаки яшаш, фарзандларни дунёга келтириш, ўз устида ишлаш ва суюкли қизи билан бирга бўлиш.»

Руслан ҳали ҳам Россияда ва мамлакатни тарк эта олиши ёки йўқлигини ҳали билмайди. У умидсизгина ўз йигити билан муносабатларини қонунийлаштириш орзусида эканлигини маълум қилади. «Кун келиб болалар уйидан фарзанд асраб олишни истаймиз. Ўғилми, қизми - фарқи йўқ. Қайси бирини биринчи учратсак, ўшани асраб оламиз,» дейди Руслан.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар