"Менда жинсий ожизлик (импотенция) бошланганда 16 ёшда эдим"

Фото муаллифлик ҳуқуқи REBECCA HENDIN/BBC THREE

Бен Кинг, доимо, жинсий ожизлик - бу «ёши ўтган эркаклар билан содир бўладиган ҳолат» деб ҳисоблаб келар эди. Бироқ, кейинроқ билишича, бундай муаммо ёшлар орасида кенг суръатларда ортиб бормоқда экан. Қуйида унинг ҳикоясини тинглашингиз мумкин.

Мастурбация давомида олатим ўз қаттиқлигини тез-тез йўқотаётганлигини сезиб қолган пайтимда 16 ёш эдим.

Кейинроқ менда эрталабки эрекция йўқолиб қолди. Бу соғлигим билан қандайдир нохуш ҳолат юз бераётганлигининг биринчи аломати эди. Ўша йил ичида бу муаммо ёмонлашгандан ёмонлашиб борди. Мастурбация ва секс билан шуғулланиш мен учун имконсиз машғулотга айланиб қолди.

Ишонаманки, ўша пайтдаги севгилим мендаги бу муаммодан хабардор эди, лекин биз бу мавзуда очиқ гаплашишдан тортинардик.

Ўз дардимни айта оладиган яқин инсоним йўқ эди; отасиз ўсгандим, мактабдаги дўстларимга бу ҳақида айтишдан эса уялардим. Улар мени калака қилишлари аниқ эди. Қайтанга улар билан суҳбатларда қизлар билан алоқам қанчалик зўрлиги ҳақида эртаклар тўқиб юрардим.

Лекин ўзимни ҳаммаси яхшидек тутиб юриш осон иш эмас эди. Мен жинсий ожизлик фақат ёши ўтган эркаклар билан содир бўладиган ҳолат, деган фикрда юрардим. Бироқ бу ҳолат ёшлар ўртасида ҳам кенг тарқалиб бораётган экан. Яқинда бир тадқиқот ҳақида ўқиб қолдим - унда айтилишича, жинсий ожизлик бўйича шифокорга биринчи марта шикоят қилаётган ҳар тўрт эркакдан бири 40 ёшдан кичик экан. Ҳозирги шифокорим ҳар 10 эркакдан бири ҳаётининг қайсидир нуқтасида, албатта, жинсий ожизлик билан тўқнашишини айтади. Аммо бу мавзу эркаклар орасида муҳокама қилинмайдиган чегара сифатида қолиб келмоқда.

Жинсий ожизликка порнография ҳам кучли таъсир ўтказади. Эслайман - ёшлигимда кунига, ҳатто, бир неча марта порнографик филмлар кўрар эдим. Ўша вақт давомида ҳақиқий жинсий алоқадагидан кўра кўпроқ бўшалар эдим. Кўп эркакларда ҳам айни муаммо эканлигини кўриб турибман.

Яширин Виагра

Фото муаллифлик ҳуқуқи REBECCA HENDIN/BBC THREE

Ҳозирда ёшим 25 да. Муаммо бошлангандан шу вақтга қадар шифокорга учраганман, лекин бундан фақат тушкунликка тушганман. Мен учраган шифокор «мастурбация билан кўп шуғуллансанг керак,» деб ташхис қўйган, холос.

Шифокор аниқ бир гап айтмагандан кейин яширинча интернет орқали Ҳиндистондан Виагра буюртма қилишни бошладим. Жинсий алоқадан олдин ваннахонага кириб, таблеткани қабул қилар эдим. Шунда ҳам олатим қаттиқлашгунча орадан 20 дақиқа ўтарди.

Ҳар бир таблетканинг нархи икки доллардан сал кўпроқ эди. Битта қутида эса 20 та таблетка бўларди. Охирги бир неча йил ичида Виагра учун қанча маблағ сарфлаганимни эсласам, миям орқага тортиб кетади. Кўп йигитлар чўнтагида презерватив олиб юрса, мен Виагра кўтариб юрар эдим. Мен шундай ёш давримда нега бундай муаммодан азоб чекаётганлигимни ўйлаб, қийналар эдим.

Агар таблеткалар тугаб қолса, саросимага тушар, кутилмаган жинсий алоқа пайтида уялиб қолишимни тасаввур қилиб, юрагим орқага тортар эди. Бироқ, ҳаттоки, дори ичган ҳолатимда ҳам жинсий алоқадан лаззатлана олмасдим.

Кунлардан бир куни қиз ўртоқларимдан бири бу таблеткаларни кўриб қолиб, улар нима учун кераклигини сўради. Жавоб бериш ноқулайлигидан ўзимни эшитмаганликка солдим. Оқибатда бу сирим муносабатларимизга салбий таъсир қилиб, биз ажрашиб кетдик.

Таблеткалар, геллар, уколлар....

Бир неча йилдан сўнг жонимга қасд қилиш ҳақида ўйлай бошладим. Мен қизлар билан муносабат ўрнатишдан қўрқадиган бўлиб қолдим. Агар бу иш қўлимдан келмаса, қандай қилиб оила қураман, қандай қилиб фарзандлар дунёга келтираман, деб сиқилар эдим. Ҳаётим ўз мазмунини йўқотгандек эди, гўё.

Тунлари ёстиққа юзимни босиб йиғлардим. Кейинроқ ҳамма нарсани унутиш учун наркотик қабул қила бошладим. Мен организмим рисоладагидек ишламаса, соғлиғим ҳақида қайғуришдан не фойда, деб ўйлар эдим.

Ниҳоят пичоқ суякка бориб тақалган кун ҳам келди - онамга бор дардларимни тўкиб солдим. Ошхонада дардимни тинглаб турган онамга агар 30 ёшимгача бу муаммога ечим топа олмасам, ҳаёт билан хайрлашишимни айтиб, йиғладим. Дардимни эшитиб, кўнгли бузилган онам мени юпатишга уринди ва шу заҳоти мени врач қабулига ёздириб қўйди.

Шифохонада мени уролог билан учраштирдилар. У менга бир дунё таблеткалар, геллар ва уколлар ёзиб берди. Укол мен учун энг даҳшатли нарса эди. Кейинроқ билишимча, порнофилмлардаги актерлар, жинсий алоқа узоқроқ давом этиши учун, айни шундай уколлардан фойдаланар экан. Ҳар сафар санчиш учун уколни олатимга яқинлаштирганимда кўзим олди қоронғулашиб кетар эди.

Уколлар ёрдам бера бошлади, лекин орадан бир ярим ой ўтиб, уларни қабул қилишни тўхтатдим - жуда даҳшатли эди улар.

Узоқ кутилган ташхис

Фото муаллифлик ҳуқуқи REBECCA HENDIN/BBC THREE

Мен муаммойимнинг руҳий сабабларини аниқлаш мақсадида руҳшунос қабулига ёзилдим.

Ниҳоят тушундимки, узоқ вақт бу ҳолат ҳақида дардимни ичимда сақлаб келганим, тинимсиз хавотирга тушганим муаммони янада оғирлаштирган экан. Елкамдан гўё тоғ ағдарилгандек бўлди - ва ниҳоят ушбу даҳшатли сирим ҳақида ўйланишни бас қилдим. Уни бартараф этишга жиддий киришдим.

Мен турли таҳлиллар топшириб кўрдим. Ахийри муаммога ташхис қўйилди - вена томирлари фаолиятининг бузилиши. Қисқача тушунтирганда, олатимдаги вена томирлари бўйлаб қон керакли ҳолатда айланмас экан.

Бунинг сабаби қон-томирлари паталогияси, жинсий алоқа пайтида жароҳат олиш, олат терисини шикаслантирувчи мастурбация билан кўп шуғулланиш бўлиши мумкин экан. Бирламчи сабаб муаммони келтириб чиқаргандан сўнг пайдо бўладиган хавотирланиш, тушкунлик ва асабийлик касалликни янада авж олдирар экан.

Шифокорлар бу муаммони узоқ муддатга ҳал қиладиган ечим йўқлигини маълум қилдилар. Мен навбатдаги янги дорини синаб кўрдим. Аҳволим бир неча ой ичида аъло даражада бўлди. Аммо бироз вақтдан сўнг эрекция яна йўқолиб қолди. Мен эса яна тушкунликка чўмдим.

«Автомат узатиш қутисидан механик режимга ўтиш»

Охир-оқибат, шифокорим протез ўрнатишни таклиф қилди. Протез олатим ичига ўрнатилган икки пластик стержендан иборат бўлиб, унинг бир учи қорним остига ўрнатилган махсус суюқликли халтачага уланган. Протез худди мояклар халтачасига беркитиб қўйилган насосдек ишлайди. Жинсий алоқадан олдин мен протезни ўн марта сиқаман, у олатимдаги артерияларни ҳаракатга келтиради ва менда эрекция пайдо бўлади. Олатимни сўлитиш учун фиксатор тугмачасини боссам, кифоя. Уруғ отилиши эса олдингидек яхши ҳолатда қолган.

Протез ўрнатганимдан уч ой ўтиб танишган ҳозирги севгилим ҳаммасидан хабардор. Мен илк бор бу ҳақида унга айтиб берганимда, олатим фаолиятини автомат узатиш қутисидан механик режимга ўтказдим, деб ҳазиллашган эдим. У ҳаммасини тўғри қабул қилди.

Дўстларимга ҳам уялмасдан «робот-эркак»ка айланганимни айтиб, ҳазиллашаман. Қурилишда ишлаганимда танамга ўрнатилган антиқа қурилмадан хабар топган ҳамкасбларим мени ўраб олиб, уни қандай ишлашини кўрсатишимни сўрашган эди. Мен янги гаджетни намойиш қилаётгандек, уларнинг илтимосини бажардим.

Барча яқин дўстларим мени қўллаб-қувватлашди. Мен шунча йил давомида улардан уялиб, дардимни яшириб келганимдан ҳайрон бўлдим, ҳатто.

Мен ҳозир еттинчи осмондаман: истаган пайтим жинсий алоқа билан шуғулланишим мумкин ва олатим турмай қолишидан ортиқ ташвишланишимга ҳожат йўқ. Аммо протез қўйиб, тўғри иш қилдимми, деган савол мени тинч қўймайди. Уни олиб ташлашнинг иложи йўқ. Орадан 20 йил ўтиб, жинсий ожизликка даво топилсачи?

Хуллас, бу муаммодан қийналаётган эркакларга маслаҳатим: даволанишни бошлашдан олдин бу ҳақида кимдир билан юракдан дардлашиб олинг. Яна ҳам яхшиси - сизнинг муаммойингизни тўғри қабул қиладиган ўзингизга мос жуфт топинг. Шунда мен каби яширинча дорилар ичиб юрмайсиз.

Саломатлик мавзусига оид мақолалар

'ВИЧнинг олдини олиш учун хатнадан воз кечманг'

Жинсий тарбияни қачон бошлаган маъқул?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар