Германияда оломон устига автомобиль ҳайдалган

Мюнстердаги террор хуружидан кейин Фото муаллифлик ҳуқуқи DANIEL KOLLENBERG

Германия ғарбидаги Мюнстер шаҳрида фургон одамлар устига ҳайдалгани оқибатида бир неча инсон ҳалок бўлган, 20 га яқин одам жароҳатланган.

Полиция хабар қилишича, фургон ҳайдовчиси ўзини отиб ўлдирган.

Полициянинг Твиттерда хабар қилишича, уч инсон ҳалок бўлган, кўплаб кишилар яраланган.

Ҳодиса Мюнстер шаҳрининг эски шаҳар қисмида, Kiepenkerl ҳайкалига яқин жойда рўй берган.

Полиция маҳаллий одамларни эски шаҳар қисмини айланиб ўтишга чақирган.

"Ҳалок бўлган ва яраланганлар бор. Илтимос, бу районни айланиб ўтинг, биз ҳодиса жойидамиз", дейилади маҳаллий полиция тарқатган твитда.

Интернет социал тармоқларида Мюнстер шаҳрида олинган фотосуратлар тарқалган.

Суратларда кўчага қўйилган қаҳвахона стол-стулларига фургон бориб урилгани, ваҳимага тушган одамлар, тез ёрдам ва полиция автомобилларини кўриш мумкин.

Хабарларда ушбу ҳодиса террор хуружи деб кўрилаётгани айтилмоқда.

Мюнстер Германия ғарбидаги Шимолий Рейн-Вестфалия ерида жойлашган.

2016 йил декабрида юк автомобили пойтахт Берлиндаги Рождество байрами муносабати билан ташкил қилинган бозорга келган одамларнинг устига ҳайдалгани оқибатида 12 инсон ҳаётдан кўз юмган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ