Ироқда етимга айланган турк гўдаклари

Уммугулсумнинг жиянлари ва бошқа болалар Бағдоддаги болалар уйида
Image caption Уммугулсумнинг жиянлари ва бошқа болалар Бағдоддаги болалар уйида

Туркиялик жангарилар Исломий Давлат сафларига қўшилган вақт, уларнинг аксарияти, ўз оилаларини ҳам бирга олиб кетадилар. Ҳозирга келиб, Ироқ шаҳарларидан ҳайдаб чиқарилган Исломий Давлат ўз ортидан юзлаб бева аёллар ва етим болаларни қолдириб кетган. Ироқ расмийлари бу муаммони қандай ҳал қилишни билмай, бош қотирмоқда, деб ёзади Би-Би-Си мухбири Селин Грит.

«Ягона билганимиз - улар Бағдоддаги етимхонада сақлаб турилмоқда,» дейди икки жияни Ироқда қолаётган Уммугулсум.

У жиянларининг бир вақтлар бахтли болаликда тушган суратини муқаддас ёдгорлик сифатида асраб қўйган.

12 ва тўққиз ёшли қизалоқлар, эндиликда, етимликда қолган.

Қизларнинг ота-онаси Исломий Давлат сафларига қўшилиш мақсадида Туркияни тарк этиб, Сурияга ўтиб кетган. Қизларнинг бобоси, бувиси ва амакиси уларнинг ортидан боришга қарор қилган.

Қизларнинг отаси Раққада ҳалок бўлган. Онаси эса Ироқнинг Тал Афар шаҳрида бомбалар остида қолган. Шу тариқа бу икки мурғак қизчалар сағирга айланганлар. Айни вақтда жиҳодга отланган яқинларидан фақатгина бувилари омон қолган, лекин у Ироқ қамоқхоналаридан бирида сақланаётгани сабабли набираларига ёрдам бера олмайди.

Боришга жойсиз, ғамхўрлик қиладиган яқин инсонсиз бегона юртда қолиб кетган қизлар Бағдоддаги етимхоналардан бирида қачон уйга жўнатишларини кутиб, кун ўтказмоқдалар.

Уларнинг холаси бу ҳолат ҳақида атиги бир ой олдин хабар топган.

«Бозорга борганимда ёш қизчалар учун сотилаётган кийимларни кўриб, йиғлайман,» дейди Уммугулсум.

«Мен улардан қолган кийимлар, суратларни асраб қўйганман, лекин уларга қаролмайман. Соғинган пайтим бир назар ташлаб қўяман. Уй тозалаб, уларни четга олган пайтим ўзимдан фарёд чекишдан тўхтата олмайман.»

Қизлар билан бир қаторда яна 15 нафар туркиялик болажонлар уйга қайтаришларини кутмоқдалар. Жўнатиб юбориш жараёни аллақачон бошланган, дейди Ироқ Ташқи ишлар вакили Би-Би-Сига.

Бироқ Туркиядаги яқинларнинг кутишга сабри етмаяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Бағдоддаги болалар уйида кўплаб туркиялик болалар Ватанга қайтишни кутиб яшамоқда

Декабрь ойида жиҳодчи отаси томонидан Ироққа олиб кетилган етти яшар бола ҳукумат ва истиҳборот агентлигининг кенг саъй-ҳаракатларидан сўнг Туркияга қайтарилган эди.

Расмийларнинг аниқлик киритишича, боланинг отаси Ироқда бўлган жанглар давомида ИШИД сафларида ҳалок бўлган. Тўрт ойга чўзилган дипломатик музокаралар натижасида, ниҳоят, болакайнинг онаси уч йил деганда ўз жигарбандини илк бор кўришга муваффақ бўлди.

«Биз бу бола онаси билан қайта топишганини эшитиб роса хурсанд бўлдик. Энди бизнинг қизларимиз ҳам қайтиб келсайди,» дейди Уммугулсум.

«Бизнинг қизларимиз ҳам ҳали бола. Нега уларни ортга қайтармайдилар? Мен Худодан ҳар куни улар билан қайта учраштиришини сўраб, ёлвораман.»

'Азобга тўла кунлар'

Ироқ армияси 2017 йил август ойида Тал Афар шаҳридан Исломий Давлат жангариларини ҳайдаб чиқаргандан сўнг 1,700 нафарга яқин хорижлик аёл ва болалар ҳукумат кучларига таслим бўлди.

Маҳаллий расмийлар уларни «Исломий Давлат жангариларининг оила аъзолари» сифатида билади. Немис, француз ва рус каби миллатларга мансуб бу аёлларнинг аксарияти қонун томонидан оғир жиноятларда айбланган. Эндиликда улар ўз жазосини кутмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Афар ИШИДдан ўтган йилнинг августидан озд қилинган

Ироқнинг аксил-террор қонунларига кўра, террорчилик ҳаракатларини содир этмаган бўлсада, лекин террорчиларга кўмаклашган шахслар ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Бироқ Human Rights Watch ташкилоти ва бошқа ҳуқуқ фаоллари Ироқ ҳукуматини бу аёлларга нисбатан қаттиққўл муносабатда бўлаётганини танқид қилмоқда. Фаоллар даъво қилишича, аёлларнинг бузғунчи ҳаракатларда иштирок этганига далиллар мавжуд эмас.

Бағдод қамоқхоналаридан бирида турк миллатига мансуб 300 аёл ва 600 бола сақлаб турилганига ишонилади.

Бу аёлларнинг камида 50 нафари ўлим жазосига ҳукм қилинган, 18 нафари эса умрбод озодликдан маҳрум бўлган.

Аёлларнинг оилалари Туркия ҳукуматидан яқинларини ватанга қайтариб келишларини сўрамоқда. Бироқ аёллардан кўра етим қолаётган болаларнинг тақдири кўпчилик учун оғриқли.

Фотиманинг 32 яшар жияни етти ёшли қизи ва икки яшар ўғли билан биргаликда Бағдодда ҳибсда сақланиб турибди.

«Ҳар кунимиз азобга тўла ўтмоқда. Жияним тирикми ёки йўқ? Унинг фарзандларининг ҳоли қандай? Ёки улар бу дунёда энди йўқми? Ҳар кунимиз шу саволларни ўзимизга беришимиз билан ўтади,» дейди у.

Фотиманинг айтишича, жияни эри томонидан мажбуран Сурияга олиб кетилган. Эри агар ўзи билан кетмаса, болаларни ўғирлаб кетишини айтиб, таҳдид қилган. Кетиш олдидан аёлнинг икки нафар ўғли ва ҳозирда ўзи билан қолаётган қизига ҳомиладор бўлган,

Фотиманинг жияни Сурияда учинчи ўғлини дунёга келтиради - икки ёшга тўлган бу болакай онаси билан қамоқда қолмоқда.

Аёлнинг эри ва икки ўғли бир неча ой олдин Тал Афар шаҳрига ташланган бомбалар остида ҳалок бўлган.

'Болаларимизни ўйлаб, уйқумизни йўқотдик'

«Жияним қўлига ҳеч қачон қурол олмаган,» дейди Фотима. Фотиманинг оиласи жиянининг эри Сурияга ўтиб кетиш режасида эканлигини билиб қолгандан сўнг бу ҳақида расмийларга хабар беради.

«Биз ҳукумат расмийларига куёвимиз жияним ва болаларини ўғирлаб кетаётгани ҳақида айтиб бердик. Уларни Туркия чегарасида қўлга олиб, ортга қайтариб юборишди. Бироқ бир ҳафтадан сўнг куёвим бошқа йўллар билан Сурияга барибир ўтиб кетди.»

Image caption Фотиманинг жиёни ва унинг икки ўғли Тал Афарни бомбалашда ҳалок бўлган

Сурияга бундай осон ўтиб кетиш мумкинлигини билган Фотима анча пайт ғазабини яширолмай юрди.

«Сурияга болалар билан ўтиб кетиш бозорга боришдек осон экан. Ўша пайтда шунақа эди. Ҳозир чегарада деворлар қуришмоқда. Лекин нега шу пайтгача ўтиб кетган одамларни тўхтатиб қолишмаган? Нега уларнинг ўтиб кетишига йўл қўйиб берганлар?»

Минглаб хорижий жангарилар 2014 йилдан буён Ироқ ва Суриядаги Исломий Давлат сафларида жанг қилиб келади. Хорижлик аёлларнинг аксарияти бу ерга ўз ихтиёри билан келган ёки яқинлари томонидан мажбурлаб олиб келинган.

Жорий йилнинг бошларида Исломий Давлатга аъзоликда айбланган немис миллатига мансуб аёл Ироқ ҳукумати томонидан қатл этишга ҳукм этилди. Ҳолбуки, гуруҳга алоқадорликда гумонланган 27 нафар аёл ва болалар, ҳеч қандай жазога тортилмасдан, Россияга бериб юборилди.

«Эркаклар сўзсиз жазосини олиши керак, лекин аксарият аёллар қўлида қуролни ушлаб ҳам кўрмаган. Болалар эса мутлақо бегуноҳ,» дейди Фотима.

«Агар оналари болаларнинг кўз олдида дорга тортилса, у ҳолда бу гўдакларнинг аҳволи қандай кечади? Улар оталарининг қилмишлари қурбонига айланганлар. Биз болаларимизни ўйлаб, уйқумизни йўқотдик. Биз азоб, оғриқ ва қўрқув ичра ўртанмоқдамиз.»

Болалар ҳаётини хавф остига қўймаслик мақсадида улар ва оила аъзоларининг номи ошкор қилинмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар