'Оиламни ИШИД чангалидан халос қилиш учун $90,000 тўладим'

Фото муаллифлик ҳуқуқи LEILA MOLANA-ALLEN
Image caption Ҳолид Таоло Ҳудҳур ал-Али 2014 йили Ироқдаги она шаҳрига Исломий Давлат жангарилари ҳужум қилганда рафиқаси ва болалари билан қочиб қолишга муваффақ бўлади

Ҳолид Таоло Ҳудҳур ал-Али 2014 йили Ироқдаги она шаҳрига Исломий Давлат жангарилари ҳужум қилганда рафиқаси ва болалари билан қочиб қолишга муваффақ бўлади, лекин унинг 19 нафар бошқа оила аъзолари асирликка тушиб қолади. Ўтган тўрт йил давомида у $90,000 товон тўлаб, яқинларининг 10 тасини гаровгирлар қўлидан қайтариб олишга эришди. Бироқ Исломий Давлатнинг яксон этилишидан сўнг у қолган оила аъзоларини қутқариш эҳтимоли камлигидан ташвишга тушмоқда.

Ўтган йилнинг 26 сентябр куни қизил рангли пикап Ироқ шимолида жойлашган курдларга қарашли Шаряга кириб боради.

Унинг ичида 16 ёшли Шойима кетиб борарди. Машина кичик қишлоқнинг чанг кўчаларига кириб борганда Шойиманинг дўстлари ва яқинлари хурсандчиликдан бошлари кўкка етганча уни ўраб олишди.

ИШИДда жинсий қул бўлган язидий қизлар покланишни истайди

Ироқда етимга айланган турк гўдаклари

Шойима Исломий Давлат қўлидаги уч йиллик асирликдан сўнг, ниҳоят, уйга қайтган эди. Ушбу давр давомида бу ёшгина қиз бир жангаридан иккинчисига пулланиб, Ироқ ва Суриядаги жиҳодчилар қароргоҳларида саргардон бўлиб юришга мажбур бўлди.

Амакиси Ҳолид Таоло Ҳудҳур ал-Али уни $16,000 эвазига асирликдан қутқариб олди.

Ҳолид ИШИД жангарилари Синжор шаҳарчасига бостириб келган кунни яхши эслайди. 2014 йил 2 август тунини шаҳар аҳли мижжа қоқмай ўтказиб чиққан эди.

«Шаҳарнинг жанубий четларида жанглар бошланиб кетди. Биз қўрқувдан қалтирар эдик,» дейди қўлбола қурилган уйининг полида чордона қуриб ўтирган Ҳолид.

«Эртаси куни эрталаб, нонуштадан олдин, кўчадан келаётган йиғи ва чинқириқ овозларини эшитдик. Мен ташқарига чиқиб, кўча бўйлаб югуриб кетаётган одамлардан 'Нима бўлди?' деб сўрадим. Улар: 'ИШИД шу ерда,' дейишди. Ҳамма қўрқувда, машинаси борлар тоғга қочиб кетган эди. Менинг эса машинам йўқ эди.»

Шунда Ҳолид электр генераторидан тўрт литр ёнилғи олиб, у, ҳомиладор аёли ва болаларини машинада хавфсиз жойга қадар олиб кетишга рози бўлган қўшнисига беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи LEILA MOLANA-ALLEN

Синжор тоғига етганда эса, Ҳолид азбаройи шошилганидан, ноутбуки, ҳужжатлари ва пулини уйда қолдирганини эслаб қолади. Улар машинадан тушиб, уйда қолган керакли нарсаларни қандай қайтариб олиш ҳақида бош қотира бошлайдилар.

Аёли Ҳолиднинг ортга қайтишини истамайди, лекин оғилларидан бири уйга бориб-келишига базўр рози бўлади. Йўлда бола амакиси Дохилни учратиб қолади. Дохил Синжор томон қочиб кетаётган карвонга кечикиб қўшилган эди. Дохилнинг ўғилларидан бири амакиваччаси билан бирга ортга қайтишга қарор қилади. Ушбу қарор Ҳолид ва Дохилнинг ўғилларини фалокатдан асраб қолади: улар шаҳарча томон кетгандан сўнг Дохил ва оиланинг бошқа аъзолари ИШИД жангарилари чангалига тушади.

«Тоғга чиқиб бораверишдаги йўлдан турган ҳамма одам асирга тушди. Тоғга чиқиб кетганларгина қутилиб қолди,» дейди Ҳолид.

Ҳолид Дохилнинг уяли телефонига тинмай қўнғироқ қилаверди. "Ниҳоят бир одам гўшакни кўтариб: «Биз Исломий Давлатмиз,' деди ва алоқани узиб қўйди,» эслайди Ҳолид.

Уйда қолган керакли нарсалар билан ортга қайтган ўғли ва жиянини қайта учратган Ҳолид эгасиз ётган тракторга дуч келади ва оиласи билан унда Исломий Давлат яқинда назоратига олган аҳоли масканлари оралаб, Сурия чегараси томон йўлга тушади.

Миномёт ва снайперларнинг дайди ўқлари остида оила шимолий-шарқий чегара томон 24 соат тинимсиз йўл босади ва улар Ироқ Курдистонидаги Шаря қишлоғига кириб келадилар.

Укасининг оиласи бошига тушган кулфат Ҳолидни азоблар эди. Ҳолид ва унинг яқинлари, Синжорнинг қолган аҳли каби, Язидий диний озчилигига мансуб. ИШИД эса язидийларни шаккокликда айблайди. Язидий бўлган укаси ва унинг оиласи тақдири эса қуллик ёки ўлим тугаши муқаррар эди.

Келаси йилнинг май ойида Ҳолид контрабанчилардан Исломий Давлат аёллар ва болалардан иборат тутқунларни Сурия томон олиб ўтгани ҳақида эшитади. Бу вақтга келиб Исломий Давлат жангарилари ижтимоий тармоқлар ва бошқа хабар хизматларига тутқунларнинг суратларини жойлаштириб, уларга қўйилган товон пули миқдорини эълон қила бошлаган эди.

Ўша вақтда ички қочқинлар лагерида биология ўқитувчиси сифатида ишлаётган Ҳолид ушбу савдо орқали яқинларини қайтариб олиши мумкинлигини англайди ва контрабандачилар билан алоқаларни йўлга қўя бошлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи LEILA MOLANA-ALLEN
Image caption Шайманинг қўлига татту уришган

Агар ўтган йили ИШИД парчалаб ташланмаганда унинг яна бир неча йили уйқусиз тунлар, жирканч кимсалар билан савдолашишлар ва охири кўринмас молиявий қийинчиликларда ўтган бўлар эди. Шу вақтга қадар ўз маблағи, қарз ва хайрия пулларидан иборат $90,000 эвазига 10 нафар жигаргўшасини қулликдан озод қилишга эришди. Шойима Ҳолид томонидан қутқарилган ўнинчи оила аъзоси бўлди. У уйга қайтгунгача ИШИД тутқунлигидаги сўнгги кунларини Сурия шарқидаги Дар Узор шаҳрида ўтказди. Уйга қайтгандан бир неча кун ўтиб, Исломий Давлат парчалаб ташланди.

Ҳолид яқинлари ҳаёти устида кечган савдолар давомида жангарилар билан бевосита мулоқотга киришмагани ҳақида айтади. Бунинг ўрнига у сон-саноқсиз ўртакашларнинг чувалашиб кетган тармоғидан фойдаланган.

Уларнинг аксарияти тўланаётган товон ичидан улуш талаб қилар эди. «Улар билан ишлаш жуда хавфли эди,» дейди Ҳолид. Берилаётган товон пулига тўла эгалик қилиш учун тутқунларни ўзбошимчалик билан қутқармоқчи бўлган контрабандачиларнинг аксарияти эса ИШИД қўлида ҳалок бўлади.

Шойимани қутқариб олиш учун Ҳолид уч ойдан кўп уринди.

Тутқунликдаги язидийлар

•Язидий фаоли Мирзо Динойининг сўзларига кўра, 2014 йилда ИШИД томонидан асирга олинган 6,500 язидийдан 3,150 нафарининг тақдири ҳануз номаълум - Динойи жангарилар уларни ҳали ҳам интернет орқали сотишга уринаётганлигига ишонади;

•Қанча язидий тутқунликда ўлим топгани тўғрисида аниқ маълумотлар мавжуд эмас;

•Синжор даштида язидийлар кўмилган оммавий қабрлар топилган - биолог Ҳолид эса язидийларни ушбу қабрлардан ковлаб олинган жасадлар шахси юзасидан ДНК тести ўтказишга ундамоқда;

•Асирликдан халос бўлганларнинг кўпи махсус ёлланма контрабандачилар томонидан озод қилинган ёки Ҳолид каби яқинлари томонидан сотиб олинган.

________________________________________

Икки ўртакашнинг ёрдами билан Ҳолид жияни Шойимага Whatsapp орқали хабарлар жўнатиб, тез орада озод бўлишини айтганча уни юпатиб турди. Белгиланган $16,000 ни тўплаб, қачон жиянини қайтаришларини кутди.

Бироқ ўртакашлардан дарак бўлмади. Уч кунлик сукунатдан сўнг у совуқ хабар олди.

«Бизнинг воситачиларимиз ИШИДнинг тузоғига тушиб қолгани ҳақида эшитдик. Жангарилар уларни роса қийнабди,» дейди Ҳолид.

Шундан сўнг у бошқа воситачилар гуруҳи билан келишув тузади.

«Ироқлик ўртакаш келишилган пулни Дохукка олиб боришимни айтди. Бир ҳафтадан сўнг худди шу кимсанинг ўзи менга қўнғироқ қилиб, жияним етти кундан сўнг менинг ёнимда бўлишини айтди. Ишонинг, бир ҳафтани уйқусиз ўтказдим.»

Товон учун пул йиғиш яқинларини озод қилишдаги энг қийин масала бўлди.

Масалан, Ҳолид келини, синглиси ва жиянларини сотиб олиш учун $38,500 топишига тўғри келди. Кейин ўғлининг аёлини қутқариш учун $29,000 тўлади. Аммо бунча пул осонликча қаердан ҳам топилар эди?

«Менинг деярли пулим йўқ эди. Дўстларимдан қарз олдим. Кимдир $50 берди, кимдир $100,» ҳикоя қилади Ҳолид. «Парламентда депутат бўлиб ишлайдиган танишим $3,000 берди. Келинимнинг Германиядаги ака-укалари ҳам пул жўнатиб туришди. Шундай қилиб, керакли маблағни тўпладим.»

Умумий ҳисобда Ҳолид $90,000 йиғди ва 10 нафар оила аъзосини қайтариб олди. Уларнинг тўққизтаси қиз ва аёллар, фақат биттасигина синглиси Лайлонинг кичик ўғилчаси эди.

Ҳолид воситачилар орқали ИШИДга пул бериб, терроризмни молиялаш билан айбланиши мумкинлигига қарамай, у оиласини қутқариб олишнинг бундан бошқа имкони йўқ, деб катта таваккалга қўл урди.

Маҳаллий ҳокимият эса Ҳолид ва бошқа язидийларнинг бу амалини тўғри қабул қилди. Агар язидий оилалардан бирортаси яқинлари учун Сурияга товон пули жўнатишига тўғри келиб қолса, хавфсизлик хизмати ходимларидан рухсат олишига тўғри келар эди. Ҳолид сарфлаган маблағнинг маълум қисми тутқунларни қайтариб олиш ишларини молиялаш учун Шимолий Ироқда ташкил қилинган ҳукумат идораси томонидан тўлаб берилди.

Исломий Давлатнинг парчалаб ташланиши ортидан Ҳолид қолган оила аъзоларининг изини йўқотиб қўйди.

Улар Ҳолиднинг укаси Дохил ва Дохилнинг тўрт ўғли; Дохилнинг келини ва икки набираси; ва синглиси Лайлонинг турмуш ўртоғи.

Улар ИШИД томонидан ёки ҳаво ҳужумлари остида ҳалок бўлган бўлишлари мумкин, деб ўйлайди Ҳолид. Бироқ уларнинг баъзилари ҳамон жангарилар қўлида ёки жиҳодчилар яшириниб олган кимсасиз ҳудудларда бўлиши ҳам мумкин.

«Ҳар нарсани тахмин қилиш мумкин, лекин бирор тахмин 100 фоиз асосга эга эмас,» дейди Ҳолид.

«Агар яқинларим ўлган тақдирда ҳам биз улар шахсини ДНК тести орқали аниқлашимиз лозим.»

«Ўғирлаб кетилган яқининг ҳалок бўлса, бу ҳақида бирор нарса билолмаслигинг сенга азоб беради. Улар ҳалок бўлган бўлса ҳам, мурдаларини кўришни, улар чиндан боқий дунёга кетганларига ишонч ҳосил қилишни истайман.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар